Қунт ва изланиш муваффақиятга чорлайди

Мутаффаккирлардан бири “Бизнинг бутун қадр-қимматимиз тафаккурда жамланган. Тўлдира олмайдиган макон ва замон эмас, айнан шу фикрларимиз бизни юксакликка кўтаради” деган эди.

Шундай экан, кўзланган маррани забт этиш учун тафаккурни мудом билим билан озиқлантириб бориш лозим.

Шу йилнинг 12-18 январь кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида математика, физика ва информатика фанлари йўналишида 13-халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Унда 18 давлатдан келган 182 нафар билимдон ўзаро билимдонлик баҳсига киришди. Қувонарлиси, олимпиадада ҳамюртларимиз муваффақиятли натижаларга эришиб, она Ватанимиз байроғини юқори кўтаришди.

Жумладан, билимлар баҳсининг математика йўналишида Бухоро Давлат университети қошидаги 3-сон академик лицейи ўқувчиси Абдумалик Абдуқаюмов кумуш, ушбу таълим масканининг яна бир ўқувчиси Сирожиддин Нурманов эса физика йўналишида бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси Темурбек Хўжақулов ҳам бронза медалга сазовор бўлди.

– Ўқувчим Абдумалик Абдуқаюмовнинг муваффақиятидан жуда хурсанд бўлдим. У уч йил ушбу халқаро олимпиадага тайёргарлик кўрди. Ўтган йили республика олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, мазкур халқаро беллашувга йўлланмани қўлга киритган эди. Унинг келажакдаги энг катта орзуси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси бўлиш, – дейди Бухоро Давлат университети қошидаги 3-сон академик лицейи ўқитувчиси Гулнора Жумаева.

Сирожиддин Нурманов ҳам вилоятнинг Қоракўл туманида жойлашган 3-сон академик лицейнинг энг билимдон ўқувчиларидан. У устози Ҳасан Бозоров билан мазкур нуфузли олимпиадага жиддий тайёргарлик кўрди. Меҳнатлари ўз самарасини бериб, унинг чуқур билими халқаро миқёсда эътироф этилди.

– Оиламизда физиклар йўқ, аммо бу соҳага болалагимдан қизиқаман. Ушбу натижаларга эришишимда устозим Ҳасан Бозоровнинг ҳиссаси жуда катта. Эндиликдаги асосий мақсадим жорий йилнинг июнь ойида Индонезияда физика фани бўйича ўтказиладиган халқаро олимпиадада ҳам муваффақиятли қатнашиб, олтин медални қўлга киритиш, – дейди С. Нурманов.

Шижоати баланд, юксак марралар томон зафар-ла одимлаётган келажагимиз эгаларига доимо ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

Х. ҲУСЕНОВА

Яна ўқинг:  Париси бор уй

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: