“Кимлигингни билмай севаман…”

Ижтимоий тармоқлар – фикрлар жанги кечадиган майдон. Баҳс майдони, мунозара майдони. Яқинда бир фойдаланувчининг постига кўзим тушди.

Унга юкланган суратда тўхтовсиз ҳарбу зарбдан абгор ҳолга келган шаҳар харобалари фонида оппоқ либосдаги келин, унинг қаршисида тиз чўкиб, қўлидаги гулдастани ёрига тутаётган ҳарбий кийимдаги куёв тасвирланган. Тагида эса изоҳ: “Суриядаги келин-куёв. Куёв ўзининг бўлажак рафиқасига гулни муҳаббат эмас, балки тинчлик рамзи сифатида тутмоқда”. Давомида эса фойдаланувчининг ўз юртдошларига гинаси келтирилади: “Сизлар юраверинглар, гўшт нархи фалон сўмга ошиб кетди, у унақа бўлди, бу бунақа бўлди, деб! Энг муҳими, гўзал Ўзбекистонимизнинг тинчлиги эмасми?!”

Чиндан. Юрт тинчлиги – энг бирламчи, энг муҳим масала. Қолгани ҳал қилса бўладиган, бирлашиб ечимини топиш мумкин бўлган муаммолар. Бугун уруш кечаётган, шиддатли жанглар одамларнинг тинчини еб битирган давлатлар ҳақида ўқиб, эшитиб, ҳамманинг хаёлига энг аввало шу гап келади: “Худо кўрсатмасин бизга бу кунларни!” Тинчлик аталмиш неъматнинг энг бебаҳо, энг топилмас бойлик эканини ҳам шундай пайтларда яққол сезасан киши. Атрофга қарайсану яшаб турган ҳудудингда рўй бераётган ўзгаришларни, ободончилик, бунёдкорлик ишларини кўрасан. 26 йил ичида бу жаннатмонанд диёрнинг қанчалик яшнаб, қанчалик гуркираб кетганига амин бўласан. Кўзинг яшнайди, қалбинг ғурурга тўлади. Шундай гўзал юртда яшаётганингга шукр қиласан. Қариялар тилида такрорланадиган дуони беихтиёр пичирлайсан: “Ишқилиб, юртимиз тинч бўлсин!” Истиқлол йилларидаги бу ютуқлар, муваффақиятларнинг калити ҳам аслида шу тинчлик, шу осойишталикда эканини ўйлайсан.

Тинчлик ҳукмрон бўлиши кимга боғлиқ, нимага боғлиқ? “Аввало, ниятга”, дейди кимдир. Дарҳақиқат, “яхши ният – ярим давлат”, деган доно халқ. Ният – ишнинг аввали. Аммо фақат унинг ўзи билан иш битмайди. Тинчлик ҳам худди шундай, фақат уни исташ, ният қилиш билангина тинчликка эришиб бўлмайди. Унга муносиб бўлиш ҳам керак. Яъни халқнинг бирлиги, жипслиги, буюк мақсад йўлида баҳамжиҳатлиги тинчликни таъминлайдиган омил эмасми? Ёки огоҳлик, ҳушёрлик, атрофдагиларга лоқайд, бепарво бўлмаслик, жамият тақдири, ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш тинчликка қўйилган пойдевор эмасми? Биринчи Президентимиз каби ўзини заррама-зарра шу эл, шу халқ, шу Ватан равнақи учун фидо қилиш-да аслида тинчликнинг гарови…

Яна ўқинг:  Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари рўйхати ўзгартирилди

Буларни хаёлдан ўтказиб, ўша фойдаланувчининг фикрини маъқуллайман: ҳа, энг муҳими, тинчлик. Бошқа муаммолар эса ечилади, уларга ечим топилади. Аммо буни ҳам шу халқ истаса, шу одамлар хоҳласа… Бугун Президент талаб қилаётган ўз-ўзини назоратга оладиган, “ура-ура”ни эмас, амалий ишга ярайдиган, шу ватаннинг эртасини бугунидан порлоқ, мунаввар қилишга астойдил бел боғлаганлар ҳар қандай муаммога ечим топа олади. Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ёзгани каби:

Сажда қилма,

Юрт тупроғин ўп!

Унга қуллар эмас, фидолар керак.

Унинг сену мендек шоирлари кўп,

Буюк юртга энди даҳолар керак…

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: