Спорт ва ОАВ: муҳим уйғунлик

Спорт – жисмоний маданиятнинг таркибий қисми бўлиб, жисмоний тарбия воситаси ва усулидир. Бу – йўналишлар бўйича мусобақаларни ташкил этиш, тайёрлаш ва ўтказиш тизими ҳисобланади. Кишилар соғлиғини мустаҳкамлаш, унинг умумий жисмоний ривожланишига кўмаклашиш ва шу орқали муваффақиятларга эришиш спортнинг бош мақсадидир.

Спорт журналистикаси спортчилар ва спорт воқеалари ҳақида ёзиш демакдир. Бу соҳа ривожланиб борар экан, унга ихтисослашган журналис­тика ҳам тараққиётдан тўхтамайди.

Мамлакатимиз спорти миллий маданиятимизнинг бир қисми ҳисобланади. У халқни юксак ахлоқий руҳда тарбиялашда ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан биридир. Юртимизда яшовчи халқлар асрлар давомида хилма-хил жисмоний машқ­лар ва миллий мусобақалар турини яратдики, бу ўз нав­батида ёшларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясига жиддий таъсир кўрсатади. Президентимизнинг «Ўз­бе­кистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори мамлакатимизда спортнинг янада ривож топиши учун пухта замин ҳозирлади.

2003 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига биноан «Спорт» телеканали ташкил этилди. Шу йили 1 январда эфир вақти 6 соат, апрель ойидан эса 8 соатга узайтирилди.

2006 йил Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси шакл­лангандан сўнг «Спорт» телеканали «Спорт» ДУК шаклида қайта тузилди ҳамда унинг таркибига «Машъал» радиоканали ҳам киритилди. 2010 йил 1 сентябрдан бошлаб, «Спорт» телеканали узлуксиз эфир тизимига ўтди.

«Машъал» радиоканалининг аввалги аудиторияси 30 ёшдан 60 ёшгача бўлган бўлса, «Спорт» канали билан бирлашгандан сўнг 15 ёшгача бўлган аудиторияга мўлжалланган дастурлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз ва чет элдаги спорт тадбирларини, республикамиз спортчиларининг ютуқларини ёритишга йўналтирилган телерадио кўрсатув ва радиоэшиттиришларни тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, болалар ва оилавий спортни оммавий тарзда ривожлантириш, жамиятдаги барча ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёжларини қондирган ҳолда дам олишнинг фаол ва ижтимоий фойдали шаклларини ташкил этиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини қайта тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган теле ва радиодастурларни тайёрлаш каби масалалар «Спорт» телерадиоканалининг асосий вазифасига айланди.

Яна ўқинг:  Спорт маликалари танлови

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2013 йилларда Республикада футболнинг моддий-техник базасининг янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига биноан оммавий ахборот воситаларини оммавийлаштириш, 2011 — 2013 йиллар мобайнида олий лига футбол клублари стадионларида радио ва телешарҳловчилар учун замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этиш, футбол ўйинларининг телевидение ва интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри узатилишини таъминлаш, спорт интернет-журналистикасини қўллаб-қувватлаш, Ватанимиз футболини тарғиб қилишга ихтисослашаётган мавжуд ва янгидан очилаётган веб-сайтларни моддий рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Футбол федерацияси билан биргаликда республиканинг ихтисослашган олий таълим муассасаларининг ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари университетининг тегишли факультетлари негизида спорт, шу жумладан, футбол соҳасига ихтисослаштирилган профессионал журналистлар, шарҳловчилар, режиссёрлар ва телеоператорлар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш тизимини шакллантириш масаласи ўртага ташланди, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети таркибида спорт журналистикаси мутахассислиги ташкил этилди.

Машҳур рус журналисти Станислав Токарёв спорт журналистларида қуйидаги 5 та сифат: журналистлик, компететлик (маълум ҳолат хусусида тўғри мулоҳаза юритишга имкон берадиган билимларга эга бўлиш), донолик, инсонийлик ва сўзга чечанлик зарур эканини айтиб ўтган. Бундан кўриниб турибдики, спорт журналистикасининг яхши мутахассиси бўлиши учун биздан, мавжуд спорт турларининг қонун-қоидалари, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида билимга эга бўлиш талаб қилинади. Статистик маълумотларга эгалик, чет тилларини мукаммал билиш, ижодда холислик, юксак билимлилик, одоб ва албатта маҳорат спорт журналисти учун асосий мезонларга айланмоғи лозим. Аммо олдимизда шундай муҳим вазифа турибди, энг аввало ёш журналист кадрлар учун ўзбек тилида ҳали яратилмаган спорт журналистикаси назарияси ўқув қўлланмаларини соҳа мутахассисларидан кутиб қоламиз.

Нигора ҒАФФОРОВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: