ТАЪЛИМДА ТУРНИКЕТ ТИЗИМИ
Тўртинчи синфда ўқийдиган жиянимни мактабига олиб борсам асосий кириш эшигида ўрнатилган мосламани кўриб ажабландим. Навбатчи ўқитувчидан бу ҳақида маълумот cўрадим. Мазкур мослама смс-турникет деб аталар экан. Унинг асосий мақсади ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиб боришдан иборат. Таълим муассасасининг ўқувчилари, ўқитувчилар ва бошқа ходимларга электрон пластик карта-рухсатномалар берилган, улар шахсни тасдиқловчи гувоҳнома вазифасини ҳам ўтайди. Ўқувчилар ва уларга берилган карточкалар ҳақидаги маълумот тизим хотирасида сақланади. Турникетдан ўтиш учун карточка ундаги махсус таблога яқинлаштирилади. Тизим ундаги маълумотларни автомат тарзда ўқийди ва агар у тизимда рўйхатдан ўтган бўлса, ўтиш йўлкаси очилади. Акс ҳолда у ёпиқлигича қолади. Ўқувчи мактаб биносига кираётганида унинг ота-онаси бола бинога киргани ёки ундан чиққани ҳақидаги смс-хабарни олади.
Дунё шиддат билан ривожланаётган бир пайтда ёшларни турли хил оқимлар таъсиридан сақлаш учун уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш, қандай юмуш билан машғул бўлаётганидан хабардор бўлиш, тарбияда назоратни кучайтириш талаб этилади. Ўқув масканларида смс-турникетларнинг ўрнатилгани ана шу қатьий назоратни бирмунча енгиллатади. Энди сиз бамайлихотир ишлашингиз, кунингизни хавотирсиз ўтказишингиз мумкин. Сабаби фарзандингизнинг қай вақтда ўқишдан чиқишини, ҳатто бирор бир тартибсизлик қилганидан ҳам дарҳол хабар топасиз. Буларнинг барчаси смс-турникетлар орқали амалга оширилади.
– Қизим пойтахтимиздаги 110-умумтаълим мактабида ўқийди, – дейди онаси Дилдора Қосимова. – Қиз фарзанд тарбияси нечоғлик мушкул экани ўзингизга маълум. Олдинлари баъзан ишга шошилсам қизалоғимни мактабга олиб боролмай ўзини юборардим. Шундай пайтларда кўнглим нотинчланиб устозига қўнғироқ қилаверардим. Энди эса ҳеч бир иккиланишсиз қизимни мактабга кузатаман. Ишхонамга етиб келгунимча унинг дарсда эканлиги ҳақида уяли алоқа воситамга смс-хабар келади. Биз ота-оналар боламиз ҳам таълим олаётганидан, ҳам назоратда эканидан мамнунмиз.
Албатта, смс-турникетлар ота-оналар учун яхши қулайлик яратди. Бу нафақат давоматни, балки таълим сифатини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қандай қилиб дейсизми? Болалигингизни бир эсланг. Уйга вазифани бажаришга эринчоқлик қилиб ёки ўйинга берилиб, катталар “Дарсингни тайёрламайсанми?” деган саволига “Бугун устозим вазифа бермади” деб қутилардик. Эртаси куни эса кундалигимизга икки баҳо тушарди. Болаларимиз ҳам биз қилган шўхликларни такрорлаши табиий ҳол. Аммо хавотирга ўрин йўқ смс-турникет орқали ҳар куни кечги соат 18:00гача болангизга қандай топшириқлар берилгани тўғрисида телефонингизга смс келади. Фарзандингизнинг дарс тайёрлашига ёрдам бериб, кундалигидаги беш баҳолардан хурсанд бўласиз. Таълим тизимида яратилаётган бу каби имкониятлар истиқболли келажакни таъминлайди.
Смс-турникетлар мактаблардагина эмас касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида ҳам ўрнатилмоқда.
– Тарбияда озгина бўлсада эътиборсизлик катта фожеаларни юзага келтириши мумкин, – дейди Миробод тумани компьютер технологиялари коллежи директори Бўстонали Тожибоев. – Иш фаолиятнимни бошлаган пайтларим бир ўқувчи йигитимиз дарсга келмай қўйди. Яқин дўсти “бетоб бўлгани учун келолмаяпти” деб айтгандан сўнг хабар олиш учун уйига қўнғироқ қилдик. Отаси бир пастда етиб келди ва фарзандининг ҳар куни ўқишга кетаётганини айтди. Уни топиб қатъий чоралар кўрдик. Маълум вақтдан кейин ўқувчимиз хатосини англаб тенгдошлари сафига қўшилди. Коллежни энг намунали ўқувчилар қаторида тамомлади.
Смс-турникетнинг ўрнатилгани юқоридаги каби кўнгилсизликларни бартараф этмоқда. Коллежимизда 1 минг 27 нафар ўқувчи таълим олади. Тўрт йўналишда компьютер технологияси бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бино ҳудудида ва синфхоналарда жами 32 та видео камералар ўрнатилган. Ўқувчиларимизнинг ўз касбининг устаси бўлиб етишиши ҳамда яхши тарбия топиши бизнинг ютуғимиздир. Шу боис смс-турникетлар ва қўшимча чоралар жорий этилмоқда.
Дарҳақиқат, дарсдан “қочиш”лар ўқувчилар орасида учраб туради. Айниқса, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар, хусусан олий ўқув юрти талабаларининг чуқур таълим олишига ҳеч бир сабаб ҳалал бермаслиги лозим. Келажак билимли ёшлар қўлида экан улар учун барча шарт-шароитлардан, барча имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда. Биргина Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтида ҳам смс-турникетлар ўрнатилган.
– Олий ўқув юртида турникетларнинг ўрнатилгани давоматни назорат қилиш билан бирга дарс жараёнига бошқаларнинг халал бермаслигини ҳам таъминламоқда, – дейди Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти ректорининг молиявий-иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари Аслиддин Бобохўжаев. – Вилоятлардан келиб таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари фарзандидан кўнгли хотиржам. Олисдан бўлсада, боласининг қай пайтда дарсга келаётганидан хабардор. Қолаверса, смс-турникетлар талабаларимизга ҳам қулайлик яратаяпти.
Институтимизга қарашли талабалар турур жойи ҳудудимизда жойлашган бўлиб, хавфсизлик чоралари кўрилган. Кириш эшигида масъул хавфсизлик ходимларидан ташқари турникетлар ҳам ўрнатилган. Талабалар турар жойида истиқомат қилаётган йигит ва қизлар юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизликлардан холи. Турникетлар ёрдамида ҳудудга фақатгина институт талабалари киради, нотаниш шахслар эса зарур бўлгандагина махсус руҳсатнома билан кириши мумкин.
Ҳа, яратилаётган бу каби қулайлик натижасида таълим сифати ортиш билан бир қаторда, ўқувчилар тарбияси ҳам изчил назорат қилиняпти. Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган смс-турникетлар аста-секин бошқа таълим муассасаларида ҳам жорий этилмоқда.
Мухтасар айтганда, давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор самарасида келажагимиз эгалари ҳар соҳада юқори чўқилларни эгалламоқда. Ёшларимиз истиқболли манзиллар сари илдамлаб борар экан мустақиллигимиз ҳам барқарор бўлади.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири