Тарбиянинг муҳим меъёри

Ҳар бир синфда қобилиятли ўқувчилар билан бирга берилган вазифаларни ўз вақтида бажара олмайдиганлар ҳам учрайди. Бундай ҳолни ўз имкониятига ишонмайдиган болаларда кузатиш мумкин. Баъзида бундай болалар моҳир масхарабоздек шўхликлари билан ўқитувчилар эътиборини ўзига жалб этиши мумкин. Бунинг ортида эса ўз имкониятларига ишончсизлик яширин бўлиши ҳам мумкин. Боланинг бу даражага тушишига нима сабаб бўлади? Бунда ота-оналар нима қилиши керак?

Ота-оналар қандай хатога йўл қўйишади?

Афсуски, кўпгина ота-оналар аксарият ҳолларда чегарадан чиқиб кетишади. Масалан, фарзанд­ларини ўта эркалатиб юборишади. Натижада бола ўзига юқори баҳо берадиган бўлиб улғаяди. У ўзини бу оламда ягонадек ҳис этади, «ҳамма атрофимда парвона бўлишга мажбур, ҳамма нарса менга тегишли» деб ўйлайди. Бундай тарбия усули келажакда ҳафсаласи пир бўлиши, умидсизликка тушишга олиб келади. Негаки ҳаёт ҳамиша бир хил кечмайди.

Ушбу вазиятга тамоман тескари ҳолат мавжуд. Яъни, шундай ота-оналар ҳам борки, улар боланинг ўз кучига бўлган ишончига путур етказади. Энг ёмони буни ўзлари билмаган ҳолда қилишади.

Тарбия – нозик жараён. Бир томонидан «менинг айтганим бўлиши керак», деб ҳисоблайдиган инсонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, чек-чегарасиз ўстириш мумкин эмас. Бошқа томондан эса болани «синдириб» қўймаслик ва унга босим ўтказмаслик лозим.

Ота-онанинг болага нима ҳақида гапираётганига эътибор берсангиз, баъзида тарбияга ёт манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, улар фарзандини мунтазам танқид қилавериб, унинг ўз кучига бўлган ишончини сўндириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Улар бирмунча «хавфли» сўзларни ҳам қўллашади. Лекин аслида ўша сўзлар болани хатолардан асраш учун айтилган бўлади. Хўш, бу қандай сўзлар?

Бола билан гаплашганда нималарга эътибор бериш керак?

«Ажойиб, лекин бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди», дейишади ота-оналар бола ўз ютуғини фахр билан намойиш этганида. Бунда қандай ҳолат кузатилади? Боланинг ютуғи шундоққина кўз ўнгида қадрсизланади.

«Кел, қандай бажаришни кўр­сатаман! Шошма, мен сенга ёрдам бераман! Тегма! Бузиб қўясан!» Ҳар гал бола бирор ишга киришганида ота-оналар ёрдамига ошиқади ва болани мустақил иш қилишга қўйишмайди. Натижада, болада ўзига ишонч йўқолади.

«Қўшнимиз Маликани қара! Аълочи, дуторниям зўр чалади! Сен эса компьютер олдида ўтирганинг-ўтирган!» Болани анча иқтидорли, ақлли, ҳаракатчан болалар билан доим таққослайвериш унинг руҳияти учун кучли зарба бўлади. У ҳатто улғайганида ҳам ўша Маликани ёмон кўради. Унинг учун боланинг лаёқатини айниқса, ака-ука ёки опа-сингиллар ютуқлари билан таққослайвериш ҳам бўлмайди.

Яна ўқинг:  ОНА ВАТАННИ КУЙЛАМОҚ БАХТИ

«Чалғима! Бўяб ташлама! Ёз! Диққат билан қара! Қачон масъулиятли, эс-ҳушли бўласан-а?» Бунда икки томонлама қарама-қаршилик бор: буйруқ билан масъулиятли бўлиш кераклигини айтасиз, лекин масъулиятли инсон ниманидир ўзи мустақил қилишини тақозо этади! Сиз эса фарзандингизга бундай қилишга имкон бермайсиз.

Кичкинтой билан қандай суҳбатлашиш зарур?

Фарзандингизни ютуқлари учун шунчаки мақтамай уни рағбатлантиришни ҳам унутманг. Унинг ёрдами сиз учун қанчалик қадрли эканини айтинг: «Баракалла, қара, полни қандай зўр артдинг! Менинг ёрдамчим, сен жуда яхшисан», денг.

Бола қандай ютуққа эришса, буни нишонланг. Уни сизга кўмаклашишини сўранг. Боланинг икки ёшдан бошлаб уй-рўзғорда кичик мажбуриятлари бўлгани яхши. Агар у онасига, масалан, дастурхон тузашда ёрдам берганида уни «ҳамма ишни зўр бажардинг» деб мақтаб қўйилса, кичкинтой ўзини керакли ва фойдали инсондек ҳис қилади. Бу мажбуриятлар боланинг ёшига қараб «катталашиб» боравериши керак.

Фарзандингизга сабоқ бераётиб, сабрли бўлинг. Ҳар бир ота-она фарзанди уддабурон бўлишини ҳаётда, муваффақиятга эришишини истайди. Лекин, бола ўзи учун муҳим бир ишга киришар-киришмас, улар зудлик билан унга ёрдамга ошиқишади. Ёки унинг ўрнига ҳаммасини ўзлари бажариб қўйишади. Кейин эса бола мустақил равишда ҳеч бир ишни қила олмаслиги аён бўлгач, ҳафсалалари пир бўлади: «Ҳеч бир иш қўлингдан келмайди-я» агар топшириқ қийин бўлса ва фарзандингиз сизнинг ёрдамингизсиз эплай олмаслигига ишончингиз комил бўлса, буни боланинг ўрнига эмас, у билан бирга бажаринг.

Фарзандларингизга нисбатан илтифотли бўлинг. Чунки, энг иқтидорли инсон ҳам ниманидир эплай олмаслиги мумкин. Боланинг топшириқни нотўғри бажариб қўйишига, баҳолари ҳар доим ҳам сиз кутганидек бўлавермаслиги мумкинлигига тайёр туринг. Бунинг ҳеч қандай ваҳимали жойи йўқ.

Ота-она нима қилиши керак?

Агар фарзандим бахтли бўлиб улғайсин десангиз, унга кўпроқ эътибор қаратинг.

Кўпроқ суҳбатлашинг, биргаликда орзу қилинг. Унга орзу қилишга имкон беринг.

Тарбия масаласида ҳам меъёр зарур. Агар ўзингиз қаттиққўл ота-онанинг тарбиясини олган ва бу сизга ёқмаган бўлса, фарзандингизга ҳаддан ортиқ эрк берманг. Акс ҳолда бундай муҳитда улғайган фарзанд миясига «менга ҳамма нарса мумкин» деган тушунча ўрнашиб қолади. Ва у мактабдаёқ муаммоларга дуч келади.

Яна ўқинг:  Tez аytishlar (2013-22)

Бола ниманидир талаб қилса ва «Сиз ёмон онасиз! Менга яна битта қўғирчоқ олиб бермаяпсиз!» деб бақирса, баъзи оналар «қулоғим тинч бўлсин» деб қўғирчоқ сотиб олади. Ўзингизни қўлга олинг.

Болани сабрли бўлишга ўргатинг. Тантиқ болалар оғриқни ҳам, стресс (руҳий зўриқиш)ни ҳам кўтара олмайди. Уларнинг хоҳлаганлари ўша заҳотиёқ муҳайё бўлиши керак. Болаларга ҳаётда ҳаммаси у ўйлагандай бўлавермаслиги, баъзида кутишга тўғри келишини тушунтириш зарур. Чунки, ҳамма нарсада «олтин меъёр» қоидаси мақсадга мувофиқ бўлади.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: