Инсон бахти – меҳнатда
Ҳозирги тезкор ахборот асрида барча соҳа ходимларидек шифокорлардан мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда аҳоли саломатлигига масъуллик ҳиссини чуқурроқ туйиш, касалликка тез ва аниқ ташхис қўйиш, унга ўз вақтида даво чораларини белигилаш каби қатор вазифаларини юклайди.
Касбига нисбатан бурч ва масъулиятини ҳис этиб, ҳамиша бировларга яхшилик қилишга интиладиган, ўзининг ҳалол ва фидокорона меҳнати билан ўзгаларга мададкор бўлишни умрининг асл мазмуни деб биладиган инсонларгина ўзларига юклатилган вазифаларни масъуллик билан адо этади. Саломатлик йўлида кишилар корига доимо камарбаста бўлиб, унга юклатилган бурчни адо этаётган моҳир жарроҳ Тошпўлат ака Матибаев ҳам ана шундай инсонлар сирасига киради. Айни куч-қуватга тўлган, ҳаётий тажрибаси, иш малакаси ошган ёшдаги Тошпўлат ака меҳнатга чанқоқ, ўзи ҳам тинмайди ўзгаларни ҳам тиндирмайди. Юз-кўзидан самимий илиқлик уфуриб турган қаҳрамонимизга кўпчилик фидойи, жонкуяр инсон дея таъриф беради.
Чимкент вилоятининг Туркистон шаҳрида таваллуд топган Тошпўлат ака болаликдан шифокор бўлишни ният қилган. Онаси Анипа она бетоб бўлганда тажрибали шифокорларнинг муолажаларидан шифо топиши сабаб унинг ёшликдаги орзуси янада қатъий аҳдга айланди. Онаси, акалари ҳам орзулари бир олам Тошпўлат акага ишонч билдиришди. Шифокор бўлишга кучли иштиёқ ва интилиш уни 1982 йил Самарқанд давлат тиббиёт институтига етаклади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Тошпўлат ака Матибаев талаба деган номга сазовор бўлди. Энди навбат илм чўққиларини забт этиш эди. Иқтидорли талаба тиббиёт сирларини чуқур чанқоқлик билан ўрганди ва 1988 йили олийгоҳнинг даволаш иши факультетини муваффақиятли тамомлади.
Т. Матибаев интернатурани Темир йўл клиник касалхонасида ўтаб, шифокорлик фаолиятини ўз мутахассислиги бўйича давом эттирди. Кейинчалик у “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК соғлиқни сақлаш хизматининг сил касаллигига қарашли диспансер бошлиғининг ўринбосари, “Сиҳатгоҳ” сил бўйича санаторий профилакторияси бош шифокори бўлиб ишлади. У қаерда ишламасин ҳамиша инсонлар дардига малҳам бўлишни виждон амрига айлантирди. Ҳозирда Тошпўлат ака Матибаев соҳа бўйича тажрибали шифокор бўлиб ҳалққа беминнат хизмат кўрсатмоқда.
Айни пайтда у “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК соғлиқни сақлаш хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчиси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Яшнобод туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати саналади. Изланувчан, тажрибали бу инсоннинг устозлари жуда кўп. Бугун тараққиёт шиддат билан олға интилмоқда. Шунга яраша унинг ўзи ҳам ўз устида тинимсиз ишлаб, малакасини доимий ошириб борди.
Ҳамиша янгиликка интилувчан, изланиш ҳаётининг мазмунига айланган Тошпўлат Матибаев ўз шарафли бурчининг қадрини баланд тутиб ҳаёт йўлини фаровон этган инсонлардан биридир.
Ойгул РАЗЗОҚОВА,
журналист