Kашандалик ва ҳомиладорлик

Юқоридаги сарлавҳага кўзи тушган муштарий албатта бу масъулиятли даврда бўлажак она сигарет чекса нафақат ўзи, балки туғилажак фарзандининг соғлиғи ҳам хавф остида қолишини кўз олдига келтиради. Барча оммавий ахборот воситаларида тамакининг зарари хусусида батафсил маълумотлар доимо бериб борилмоқда. Ҳатто, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар битта сигарет қутиси устига унинг саломатликка зиёни хусусида огоҳлантириш берилмоқда. Аммо, чекиш ва чекмаслик ҳар бир инсоннинг иродасига боғлиқ.

Қуйида биз тамаки маҳсулотларининг бўлажак она ва ҳомила организмига салбий таъсири хусусида тўхталиб ўтамиз.

Мутахассис-шифокорларнинг фикрича хотин-қизларнинг чекиши тухум ҳужайрасига ҳалокатли таъсир этар экан. Бу эса ўз навбатида бепуштликка сабаб бўлади. Чунки, тамаки тутуни билан аёл организмига кирадиган водород сульфид заҳарли моддаси тухум ҳужайрасининг етилиш жараёнини кечиктиради. Ўз навбатида эса бу ҳолат ҳайз циклининг бузилишига олиб келади. Натижада эса овуляция (тухумдондан фолликула ёрилиб ундан етилган тухум ҳужайранинг қорин бўшлиғига чиқиши. Овуляция гонадотроп гормонлари таъсирида бўлади) жараёни секинлашади. Аёл организми барвақт қарийди, яъни климакс эрта бошланади.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, нафақат бўлажак онанинг чекиши, балки бўлажак отанинг кашандаликка ружу қўйиши ҳам туғилажак фарзанд саломатлигига зиён етказади. Чунки, чекувчи эркак кишининг спермаси(шаҳват)да ҳаракатчан сперматозоид (уруғ ҳужайраси) кама­йиб кетади. Кашанда эркакларнинг мижози ҳам сусайиб кетади ва уларда импотенция кузатилади. Айниқса, бу ҳолат чекувчи эркаклар хафақон(гипертония) касаллиги билан оғриса янада кўпроқ кузатилади.

Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида чекишнинг оқибатлари

Агар чекувчи аёл ўзининг ҳомиладор бўлганлигини сезиб қолса, у бирданига одат бўлиб қолган чекишни ташлашни истамайди. Чунки, чекувчининг организми никотинга ўрганиб қолади ва уни тез-тез хумор тутиб туради. Бу салбий иллат ўз нав­батида қандай оқибатларга олиб келади?

Маълумки, уруғланган тухум ҳужайрасидан ҳомила ривожланади. Ҳомила ривожланишининг илк ҳафталарида турли хил ички аъзолар нуқсонлари шаклланиши эҳтимоли юқори бўлади. Шунингдек, ҳомила тушиши ва унинг ривожланмай қолиши кузатилади. Бир кунда беш дона сигарет чекувчи ва ёши 35дан ошган аёлларда ҳомиланинг ногирон туғилиш хавфи янада ошади. Аёл организми ёш ва соғ­лом бўлсагина ҳомиладорлик даври асоратсиз кечади. Ҳомиладорлик бўлажак она организмини икки ҳисса жадал фаолият юритишга мажбур этади. Бу даврда юрак қон томир тизими ҳам ортиқча юклама билан ишлайди. Ана энди чекувчи аёл организми қай ҳолатда фаолият юритишини тасаввури этаверинг. Шунингдек, кашанда аёллар ҳомиладор бўлсалар улардаги сурункали касалликлар ҳам қўзғалади.

Яна ўқинг:  Ирсиятнинг интеллектга таъсири

Чекиш пайти ва ундан бир оз ўтгач ҳам қон томирлар торайган ҳолатда бўлади. Шундай қилиб, ҳомила организмига кислород етиб бормайди. Бу эса унинг нобуд бўлишига олиб келади. Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида эмбрион нобуд бўлса, кечки муддатларида сурункали кислород етишмовчилиги туфайли гўдакнинг туғма нуқсонлар билан туғилиши кузатилади. Илмий изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, кашанда аёлларнинг гўдаклари кўпинча юз ва жағ соҳаси нуқсонлари («қуёнлаб», «бўри оғиз») билан туғилмоқда. Бу нуқсонларининг юзага келишига ҳомиладорлик даврида организмда кислород етишмовчилиги сабаб экан. Ушбу туғма нуқсонлар ҳозирда жарроҳлик йўли билан даволанмоқда. Аммо бўлажак она ҳали ҳомиладор бўлмасидан аввалроқ чекишни ташласа фарзанди соғлом туғилишига замин яратган бўлади.

Ҳомиладорликнинг кечки муддатларида кашандалик ҳомилага қандай таъсир этади?

Бўлажак она чекишга қанчалик ружу қўйса, нафақат туғилажак гўдагининг ҳаётини, балки ўз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди. Юқорида айтиб ўтганимиздек чекиш оқибатида қон томирлар торайиши сабабли йўлдош (планцента) кўчади. Йўлдош кўчиши сабабли аёл киши кўп қон йўқотиши мумкин. Бундай ҳолат фақат операция йўли билан бартараф этилади.

Ҳомиланинг туғилиш муддати яқин қолганида йўлдош кўчса она кесарча усулда операция қилинади. Аммо гўдакни камдан кам ҳолатда сақлаб қолишнинг иложи бўлади. Омон қолгани ҳам ногирон туғилади. Сабаби йўлдош кўчган пайтда ҳомилада ўткир кислород етишмовчилиги кузатилади. Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг чекиши унда хафақон(гипертония) касаллигининг ривожланишига замин яратади. Яна ҳомиладорлик гестози(кечки токсикоз)ҳам бўлажак она ҳаётига хавф солади. Кашанда аёлларнинг муддатидан олдинроқ «кўзи ёрийди». Чала туғилган болани парвариш қилиш қийинлигини тасаввур қилмаса ҳам бўлади. Жуда ҳам чала туғилган гўдаклар кейинчалик оёққа туриб кетсада, барибир уларнинг соғлиғида муаммо бўлади. Тамаки таркибидаги зарарли моддалар йўлдошда дистрофик (тўқималарда моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида келиб чиқадиган мураккаб патологик жараён) ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Шундай қилиб чекувчи онадан ўз вақтида туғилган гўдакларнинг ҳам вазни ва бўйи соғлом туғилган болаларга нисбатан кам бўлади. Оғир ҳолатларда онада ҳомиладорликнинг кечки токсикози — гестози кузатилиши сабабли ҳомила ўлик туғилиши мумкин. Чекиш наркотик моддалар истеъмол қилиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, умуман олганда инсоннинг енгил ҳамда саёқ ҳаёт кечиришига кенг йўл очиб беради десак муболаға бўлмайди.

Яна ўқинг:  Памперсли энурез қандай хасталик?

Туғруқдан сўнг…

Бўлажак онанинг нафақат чекиши, балки унинг кашанда билан ёпиқ бир хонада тамаки тутунидан нафас олиши ҳам пассив кашандаликка киради. Пассив кашанда аёлнинг ҳомиласига ҳам тамаки тутуни катта зарар етказади.

Чекувчи ва пассив кашанда оналардан туғилган болаларнинг иммунитети паст бўлади. Улар тез-тез касалликка чалинишади. Айниқса, бу каби болаларда бронхит, зотилжам (пневмония), астма ва ўпка касалликларига мойиллик юқори бўлади. Мутахассислар фикрича, кашанда оналарнинг чақалоқларида бир ёшгача бўлган даврда тўсатдан ўлим ҳолатлари кўп кузатилар экан. Бунга сабаб бўлажак онанинг заҳарли тамаки тутунини ютоқиб чекиши бўлса ажаб эмас. Агар гўдак эсон-омон туғилиб, унга мактабгача таълим муассаси ва мактабга қатнаш бахти насиб қилса, унинг хулқ-атворидаги тажовузкорлик, беқарорлик, хотиранинг пастлиги, жанжалкашлик (бу ҳали муаммонинг ҳаммаси эмас) каби салбий ҳолатлар кашанда онанинг фарзандига «меҳрибончилиги»дан даракдир.

Ҳомиладор аёл чекишни аста-секинлик билан ташлагани мақсадга мувофиқ. Чунки, ҳомила ҳам она қорнида никотинга қарам бўлиб қолган бўлади. Бўлажак она бирданига бир кунда чекишни ташлай олмайди. Буни унинг атрофидагилари тўғри тушуниб, ҳомиладор онани иродали бўлишига ёрдам беришлари зарур. Кам-кам чекиб юрган аёллар эса бир кунда сигаретдан воз кечганлари маъқул. Узоқ вақт давомида камроқ чекиб юрган аёлларда никотинга қарамлик бир неча кунда ўтиб кетади. Психологик жиҳатдан қарамликни эса ҳомиладор аёл «чекиш туғилажак гўдагим ҳаётига хавф солади» деган фикрга таяниб енгиши осонроқ кечади. Онгли равишда тамаки чекишдан воз кечиш, ҳомиладорлик токсикози туфайли стрессиз(руҳий зўриқишсиз) бўлажак онани кашандаликдан қутилишига ёрдам беради.

Бироқ, қўлига илк бора сигаретни олган хотин-қизларга айтар сўзимиз шуки, ҳомиладор бўлгунингизгача тамакидан воз кечинг. Шунда сизнинг организмингиз тамаки тутунидан заҳарланмайди. Туғилажак фарзандингиз соғлиғи ва ҳаёти хавф остида қолмайди. Хорижлик машҳур гинеколог Роберта Велч минглаб ҳомиладорлиги асоратли кечган аёлларга умид бағишлаб, ёрдам қўлини чўзган. Аммо шундай мутахассис аёл ҳам ҳомиладор аёл чекишни ташламаса қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тан олган.

«Заҳри қотил»нинг ҳомилага хавфи

Тамаки тутуни турли хил заҳарли компонентлардан иборат. Булар таркибига цианид заҳари ҳам киради. Зарарли моддаларнинг 60 дан зиёди рак(саратон) касаллигини келтириб чиқариши мутахассислар томонидан аниқланди. Кашанда онанинг қон томирларига сўрилган тамаки тутунидаги заҳар йўлдош орқали ҳомила организми айниқса, унинг миясини заҳарлайди. Энг ёмони гўдак туғилгач қорни тўқ, таги қуруқ, бирор жойи оғримасада никотин хумор қилгани сабабли чинқириб йиғлар экан. Бу фожеа нафақат оиланинг кулфати, балки келажакда носоғлом насл туфайли жамият ҳам зарар кўради. Чекувчи аёл туғилажак фарзандини кислород тан­қислигига мубтало қилиб, уни чўкаётган одам сомон найчаси орқали нафас олишга мажбур бўлганидек ҳолатга солади.

Яна ўқинг:  ТАНАЗЗУЛГА ЙЎЛ

Қизил қон таначалари кислород ташиш ўрнига, заҳарли ис газини ҳомила организмига етказиб беради. Тамаки тутунидаги бирорта ҳам модда фойдали эмас. Никотин ва ис гази эса жуда ҳам зарарли. Бу ҳар иккала заҳар ҳомиладорликни асоратли кечишида катта хавф туғдиради. Энг ачинарлиси ҳомиланинг ўлик туғилиши, вақтидан аввал туғруқ жараёнининг кечиши, чақалоқнинг кам вазн билан туғилишининг сабаби қонда кислород танқислиги туфайлидир. Кам вазн билан туғилган болалар жисмоний ривожланишдан орқада қолишади.

Ҳомиладорликда чекиш туғилажак гўдак миясига салбий таъсир этади. Бу ўз навбатида боланинг келажакда хулқ-атвори ва ўзлаштириши(интеллекти)да акс этади. Лаборатория ҳайвонлари устида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, чекувчи онанинг қорнидаёқ гўдак мияси кашандаликка мойил бўлар экан. Ўсмирлик чоғида чекувчи оналардан туғилган болалар бир-иккита сигарет чекишидаёқ ашаддий кашандага айланиши ҳеч гап эмас экан.

Юқорида баён қилинган барча статистик маълумотлар кишини қувонтирмасада огоҳликка чорлайди. Айниқса, болам соғ­лом дунёга келсин, келажаги порлоқ бўлсин деган ҳар қандай ота-она қўлига сигарет олишидан аввал чуқурроқ мулоҳаза қилишини истар эдик. Яъни, танлаш ихтиёри сизда азизлар! Хоҳланг атрофингизни тутунга тўлдириб, ҳавони ва ўз ҳаётингизни, ҳамда яқинларингизнинг ҳаётини заҳарланг. Хоҳланг соғлом турмуш тарзига амал қилиб баркамол авлод тарбиясига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: