КИЧКИНТОЙЛАР КЎНГЛИ ШОД

Қўшни келин шўхгина қизчасини гоҳ қўшниларникидан излаб юрар, гоҳ дўконга чиқса ҳам кўтариб олиб роса хуноб бўларди. Қизалоқ боғчага чиқа бошлади-ю, онаси анча тинчиб қолди. Бола ҳам уйда кечгача фақат онаси билан ўтиравериб роса зериккан эканми, ортиқча хархаша ҳам қилмади. Ахир, бу масканда тенгдошларидан иборат жамоа, яйраб ўйнаши учун шароит, қолаверса, кун тартиби ва маънавий муҳит мавжуд.

Аммо, баъзи оилалар буни тушунишмайди чоғи, яқинда болам билан касалхонада даволанганимизда хонадошим шу ҳақида ҳасрат қилганди. Айтишича, унинг икки нафар боғча ёшига етган фарзанди бўлиб, болаларни мактабгача таълим муассасасига ёки бирор тўгаракка қатнаштирайлик деса, уйидагилари рухсат беришмас эмиш. Қайнонаси “Кечгача уйдасиз, ёнингизда юриб катта бўлаверади, ортиқча пул сарфламанглар”, дер экан. Юқорида айтган қўшним Мухлисахоннинг қайнонаси эса аксинча, набираси икки ёшга тўлди дегунча, “Боғча боласи бошқача бўлади, она ҳам кейинги ҳомиладорликкача дам олади”, – деб ҳужжатларини ўзлари тайёрлаб бердилар. Ҳозир бу қизалоқнинг бийрон сўзлаши, ҳар куни боғчасини мақтаб келишини эшитсангиз эди. Гоҳ эрталаб бадантарбия қилишганини, гоҳ пешинда наъматак дамламаси ичишганини айтади.

Онаси эса қизчасининг гапларига кулиб:

– Бу махмадонанинг тарбиячисини айтмайсизми, Лола опа барвақт келиб хоналарни шамоллатиб исириқ тутатиб қўядилар. Боғчага киришингиз билан магнитофонда янграётган шўх-шодон қўшиқ, ранг-баранг байроқчаларнинг ҳилпираши болаларнинг эътиборини тортади. Кулиб турган тарбиячилар, меҳмон кутаётган хонадондек ҳовлилари супирилиб столга ёзилган оппоқ дастурхон устидаги гуллар ҳамма-ҳаммаси кайфиятни кўтаради.

Бу суҳбатимиздан сўнг маҳалламизда жойлашган Шайхонтоҳур тумани халқ таълими бўлимига қарашли 185-мактабгача таълим муасасаси билан танишишга аҳд қилдим.

Ҳамма ҳам ўзиникини мақтайди-да, деманг, ушбу масканда ёш авлод саломатлиги борасида қилинаётган ишлар ҳақиқатдан айтишга арзигулик. Кўпгина янги ташаббусларни амалга ошираётган муассаса раҳбари Мунира опа Ғиёсованинг айтишларича, боғчадаги ҳар бир масала, ҳолат тарбиячиларга боғлиқ. Чиндан ҳам Муслима қизнинг боғча опаси Лола опа Баширова мана йигирма беш йилдирки шу боғчада меҳнат қилиб келмоқдалар. Энг кичик ёшдаги болалар гуруҳига бу фидойи, меҳрибон тарбиячининг тайинланиши ҳам уларнинг узоқ йиллик иш тажрибалари, касбий фазилатларга бой инсон эканликларидандир. Икки-уч ёшдаги болаларга ҳатто шахсий гигиена қоидаларини ўргатиб, турли соғломлаштириш соатлари, машғулотларини ўтказиб келаётган Лола опанинг касбдошлари-ю, икки юзи қип-қизил, бардам, эпчил болажонларни кўриб юртимиздаги ҳар бир мактабгача таълим муассасалари соғломжонлар боғчасига айланишини истадим. Зеро, фарзандларимиз боғча ёшиданоқ соғлом бўлишса, зуваласи пишиқ бўлсагина эртага улар чиндан ҳам баркамол авлод бўлиб етишишади.

Яна ўқинг:  Инсон ҳаёти учун асалари илонлардан кўра хавфлироқ эканлиги аниқланди

Сайёра ҚОДИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: