Меҳр

Ота-онасиз катта бўлган боланинг юзига ҳеч назар солганмисиз?! У бамисоли шамолларда қолган ниҳол каби ҳимояга муҳтож. Унинг чеҳрасидаги ғамни қанча ҳаракат қилманг, ҳеч аритолмайсиз. Айниқса, бола бемеҳр инсонлар қўлида камол топган бўлса, унинг мурғак қалбида кўз очаётган меҳр булоғи ҳам йўқлик сари юз тутади…

Ҳали саккизга ҳам тўлмаган Санжар ота-онасидан ёлғиз қолди. Онаси тирикчилик важидан чет элга кетганлиги, отаси эса янги оиласи билан андармон бўлгани боис, у қариндошлар уйидан қўним топди. Энди у бир ой бу қариндошиникида бўлса, кейинги ой бошқа жойда яшашга мажбур. Ота-онасининг бағрига сиғмаган бола ўзгаларнинг қошида хотиржам бўлармиди?!

Бир сафар қишлоқдан анча олисда яшовчи тоғасиникига борди. Аввалига янги жойда у ўзини бироз ноқулай ҳис этди. Бир ерга ўтирса, соатлаб жойидан жилмайди. Назарида унинг ҳар бир ҳаракати уй эгаларини безовта қилаётгандек туюлаверди. Аммо келинойиси Насиба опа боланинг кайфиятини кўтаришга уринади. Тоғаси ишга кетган маҳал Санжар янгасига уй ишларида қарашар, дўконга чиқиб, у буюрган майда-чуйда харидларни қилар, дам олиш кунлари эса келинойиси билан бирга истироҳат боғига айланишга борарди.

Санжар ва келинойиси орасида ўзаро меҳр ва ишонч ҳисси ортиб борди. Энг муҳими, яқинларининг эътибори туфайли боланинг тунд чеҳрасига табассум югурди. Ундаги бефарқлик, тортинчоқлик ўтмишда қолгандек бўлди. У йиллар давомида кўрмаган эътибор ва ғамхўрликни шу хонадондан топди. Санжар бу ошёнга келинойиси туфайли “ипсиз боғланиб қолганди”.

Насиба опанинг ҳам болага меҳри бўлакча эди. У йиллар давомида соғиниб, энтиккан оналик бахтини Санжар туфайли қалбан ҳис этгандек бўлди.

Орадан бир неча ойлар ўтди. Санжар навбатдаги “уй”га кетишга тайёргарлик кўраркан кайфияти бироз тушкун кўринди. Аслида у ўзи меҳр топган бу оиладан узоқлашаётганига ғамгин эди. Бироқ, буни келинойисига сездирмади. Кетар чоғ ҳорғин оҳангда аста сўз очди:

– Келинойи, қачон қишлоққа борасиз? Тоғам меҳнат таътилига чиққанида яна қишлоққа боринг. Сизни соғинаман.

Насиба опа Санжарнинг мунгли чеҳрасига термуларкан, унинг кўнглидаги истагини билгиси келди:

– Санжар ойинг келгунча бизникида қолмайсанми?

Бу сўзларни эшитиб, боланинг кўзлари порлаб кетди. Хурсандчилигидан келинойисини маҳкам қучоқлаб олди.

Яна ўқинг:  Кўклам мушоираси

– Қоламан келинойи, жон деб қоламан…

Вақт ўтиб, Санжар ушбу хонадоннинг тўнғич фарзандига айланди. Унинг қадами қутлуғ келиб, кетма-кет туғилган укаларига меҳрибон ака бўлди.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: