Юракни тўлқинлантирувчи садо

Ўзбек мусиқа маданиятининг ижрочилик амалиётида доира усулларининг жуда кўп турлари шаклланиб, асрлар оша уларнинг янги-янги намуналари яратилиб, ривожланиб келган.

Асл халқ усуллари деб, миллий анъаналардан келиб чиққан ҳолда юзага келган усулларга айтилади. “Ёр-ёр”, “Ноғора баёт” шулар жумласидан.

Ўзбек доирачилик мактаби ХХ асрнинг 20-30 йилларидан бошлаб, янги давр ривожига юз тутганлиги ижрочилик амалиётида ўзини намоён этган. Бунга замонасининг моҳир санаъаткори Уста Олим Комилов бош бўлиб, асос солди. Дарҳақиқат, доира сози ҳақида сўз борганда, кўз ўнгимизда афсонавий созанда Уста Олим Комилов намоён бўлади.

Давр тақозоси билан созанда ўзбек усулларини доира чолғусида ижро этишни ривожлантириш ҳамда уни жўрнавоз чолғудан якканавоз даражасигача кўтара олди. Айнан шу даврдаги доира ижрочилигининг жонланиши нафақат унинг ижровий ривожланишига, балки ижодий камолотини ҳам янгитдан бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Моҳир созанда ўз даврида машҳур бўлган рақс санъатининг йирик намояндалари Тамарахоним, Мукаррамахоним, Гавҳархонимлар билан бирга ижодий ҳамкорликда бўлган. У 47 та усул яратиб, келуси авлод учун ўзидан бебаҳо хазина қолдирган.

Уста Олимдан кейин унинг шогирди Тўйчи Иноғомов кўплаб доирачи созандаларни етиштирди. Жумладан, ака-ука Элмурод ва Дилмурод Исломовлар, Илҳом Икромов, Аббос Қосимов ва бошқалар Тўйчи Иноғомовдан доира усулларини ҳам эшитиш, ҳам ёзиб олишга (нотага туширишга) муваффақ бўлдик.

Доирани мақом ашулачилиги йўлидаги ижросини қунт билан ўзлаштириб, мана 40 йилдирки, ёшларга ўргатиб келмоқдаман. “Зарблар хазинаси” деб номланган қўлланмамда Уста Олим Комиловнинг доира ижрочилигида энг муҳим ҳисобланган усуллар йиғиндиси бўлган “терма усуллар” туркуми тарихий, назарий ва амалий жиҳатдан кенг ёритишга ҳаракат қилдим.

Доира созида миллий оҳангларни сақлаб қолиш баробарида замон руҳига мос янги куйлар яратиш, унинг оҳангини нотага солишда илмий-амалий изланишлар олиб бориш долзарб масаладир. Негаки, ёшларнинг эстетик тарбиясида, уларнинг дидини шакллантиришда миллий созларимизнинг таъсири бениҳоя каттадир.

Раҳматилла САМАДОВ,

Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори

Яна ўқинг:  МТМни ЁҚТИРМАЙДИГАН БОЛА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: