Қорасочнинг тоғаси

Агар юртимизнинг тоғли ҳудудларида бўлсангиз, сизга инсоннинг вафодор дўсти, яқин кўмакдоши – отлар ҳақида илиқ фикрлар айтишади. Уларнинг сўзларини тинглаб, бу жониворларнинг жуда кўп хислатларидан хабардор бўласиз.

Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги Қангли қишлоғида яшовчи Акромжон Қораевнинг бир этак шириндан-шакар набиралари бор. У байрам кунларида невараларини хурсанд қилиш учун жийрон қашқасини яхшилаб тайёрлайди. Дилбандларининг “Бобожон, отингизга миндирасизми?”, деган меҳрли сўзлари унга ғурур бағишлайди. От ҳам устига ўзидек беғубор, кўнгли тоза бола минаётганини сезади. Шунинг учун уни авайлайди, ўзидан бездирмайди. Бўйнидан то сарғисигача тизилишиб миниб олган жужуқларни кўтариб, оҳиста одимлайди.

“Бу жониворга шундай қараш керакки, кўрганлар ҳавас қилсин. Ювинг, таранг, кўзларига қараб, ишингиздан кўнглингиз тўлгандан кейингина эгарга ўтиринг”, дейди у.

Акрамбой ўз зурриёдларига ҳам отга меҳр қўйишни уқтиради. У отнинг жиловини ҳеч қачон ёмон тарбия кўрган одамга бермасликни тайинлайди. Ўзининг жийронини “Қайрағоч” наслидан эканлигини айтиб мақтайди.

– Очиғи от билан боғлиқ жуда кўп ибратли воқеаларни биламан, – дейди Акром ака. – Ҳатто, у туфайли Қорасочдай аммалар ҳам орттирганмиз!

– Ие, айтиб беринг бўлмаса, – деймиз қизиқиб.

– Бир пайтлар чавандозларимиз Туркманистоннинг Чоржўй шаҳридаги ўзбеклар билан улоқ чопишган экан. Тўрт тоғнинг ўртасида номи кетган бобомнинг бобоси Путунбой полвон ҳам ана шундай улоқлардан бирида отини тўдага солибди. Икки марта соврин олгач, уни ишқибозлардан бири четга тортибди:

– Номдор полвонсиз, савоб иш ҳам қиласизми? Чавандозларни мард, баҳодир бўлади, дейишади.

– Хўш…

– Сизга айтсам, умр йўлдошим Қорасоч сиз туғилиб ўсган юртдан. Ота-онасининг, қариндошларининг раъйини қайтариб менга турмушга чиққани учун орқасидан хабар олмай қўйишган. Бизда одамлар бировнинг тоғаси бўлмаса, унга қулдек муносабатда бўлишади. Қизини эр олмайди, ўғлини куёв қилмайди. Шунинг учун бизга марҳаматингизни аямай, тутунган тоға бўлиб берсангиз. Сизни одамларга хотинимнинг акаси деб таништирсам, менга қайноға, болаларимга тоға бўласиз!

Путунбой полвон ўзига илтижо билан қараб турган кўзларга итоат қилди. Чоржўйга келиб қолган уруғини кўриб, меҳри ийиб кетди:

– Икки марта розиман. Бориб тайёргарлигингизни кўраверинг. Айтмоқчи отингиз нимайди?

Яна ўқинг:  Кулгингдадир ҳаётнинг акси

– Жассок полвон!

Ўша куни Жассок полвоннинг уйида тантана бўлди. Тоға муборак, ака муборак, қайноға муборак!

Буларнинг ҳаммасига сабабчи бўлган Путунбой чавандознинг номини элга танитган жийрон қашқа эса якка михда тўрвасидаги энг сара арпани “куртиллатиб” чайнаб турарди…

От устида ким ўтирганини яхши билади. Шунинг учун улоқ чопадиган тулпор қўрқоқ одамни устига миндирмайди. От чавандоз танлайди, чавандоз от танлайди…

Қувонарлиси, бугун юртимизда йилқичиликни ривожлантириш, наслдор от зотларини кўпайтириш, бу соҳа бўйича зарур шароитлар яратишга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга кенг татбиқ этилаётир.

– Отнинг кишнаши вужудингга мадор бўлиб қуйилади, – дейди Акром Қораев. – Қишлоқда фалончининг оти бор деган гапда фахр ётади. Сизга айтсам, бу беозор жониворни боқишнинг ўзига яраша машаққати бор. Агар шахсий манфаат, бойлик орттириш учун от боқадиган одам бўлса, бу ишни йиғиштиргани маъқул. Мен зотдор қорабайирлар ҳақида гапираяпман. Уларни кундалик уй ишларига жалб этиш керак эмас. Яна бир гап. От мингган одам ҳеч қачон касал бўлмайди. Билсангиз, яқин-яқинларгача савдо дўконларида қимиз сотиларди. У ўпка касалликларига кони фойда. Қолаверса, қадимда боболаримиз сил касаллигига йўлиққан беморларни отга миндириб даволаганлар.

Биз суҳбат асносида Акром акани узоқ йиллар Ғаллаорол туманидаги “Кўкбулоқ” фермер хўжалигига раҳбарлик қилганини, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан мукофотланганини билиб олдик.

Суҳбатдошимиз ўзгалар қувончини ўзининг чин бахти деб билади. Фарзандларини доимо инсонларга яхшилик қилишга, жониворларга меҳрли муносабатда бўлишга чақиради.

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: