Қуён, сичқон, гумдон…

Хотининг боғчада тарбиячи бўлса яхши-да! Ҳамманинг боласи “боғчага бормайман, ойижон!” деса, бизникилар тонг саҳардан сафга шай туришади. Эрталабдан кечгача онаси-ю, болалардан кўнглим хотиржам. Асосийси, ойисидан: “Дадаси, бугун ишдан кечроқ қайтаман. Болаларни ўзингиз боғчадан оларсиз”, деган гапларни эшитмайман.

Менга ҳавасингиз келяптими? Келяпти!… Лекин… боғча опанинг эри бўлишнинг ҳам ўзига яраша ноқулай томонлари бор.

Икки йил илгари хотиним қулоқ-миямни еявергач, туғилган кунига тулки мўйнали шуба олиб берган эдим. Бир йил кийди. Ўтган йили қарасам, шуба қурғурнинг енги йўқ.

Бу нима қилганинг? – деб сўрасам, “Нимча қилдим” дейди. Енгидан иккита қуёнча тикканмишлар. Ҳа, билганингни қил, деб биринчи гал индамадим. Бу йил эса нимчадан ҳам дарак йўқ. Ўзидан сўрасам, индамади. Болалар қиқир-қиқир кулишиб: “Сичқонлардан сўранг”, дейишди. Бечора нимчадан сичқон ясашибди, ортгани эса гумдон…

Эҳ, буёғини сўрасангиз, шуба тугул омборхонамиздаги унгача қолмаяпти. Унни нима қиларди, дерсиз? Ундан хамир қилиб чойнак, пиёла каби идиш-товоқларнинг устига ёпиштиришади. Қотгач, кесиб олиб, бир-бирига улаб ўйинчоқлар ясашаркан. Хуллас, тарбиячи хотинимнинг дастидан уйда тош ҳам, лой ҳам қолмади. Ахийри, фиғоним кўкка чиқиб, бунга чек қўйиш мақсадида боғча мудирасининг олдига бордим. Қабулхонасида турсам, опа шошганча келиб қолдилар. Саломлашиб, энди гапиришга оғиз жуфтлагандим: “Илтимос, ука, машинадаги юкларни олиб чиқишга ёрдам бериб юборинг”, дедилар. Машинага зич қилиб жойлаштирилган духоба кўрпа-ю, кўрпачаларни ичкарига олиб кирдим.

– Опа, буларни нима қилмоқчисиз? – дедим қизиқиб.

– Бир ҳафтадан кейин шаҳар марказида, қўлда тайёрланган ўйинчоқлар кўргазмаси бўлади. Шунга булардан юмшоқ ўйинчоқлар тикамиз деб, уйимдаги “эски-туски” пахталарни олиб келавердим. Ўзингиз нима юмушлар билан юрибсиз? – деганча шошилинч кўрпаларнинг қавилган ипларини шарт-шурт қилиб уза бошлади опа.

Мудира опанинг эри кўз олдимга келди. Анграйиб қолдим. Ҳа, куйган битта мен эмас экан…

Жонфиғон аканинг тилидан Нилуфар САПАЕВА ёзиб олди.

Яна ўқинг:  Ёлғоннинг умри қанча?..

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: