“Саломатлик поезди” Навоий вилоятида
– Малакали шифокорлар кўригига келиб, дардим енгиллашгандай бўлди, – дейди Қизилтепа туманидан Флора Исмоилова. – Кўз гавҳарим бир неча йил аввал жарроҳлик йўли билан алмаштирилган эди. Бироқ кейинги пайтларда кўзимда дард сезаётгандим. Пойтахтдан келган шифокорлар вилоят марказидаги кўз касалликлари шифохонасида даволанишни тавсия қилишди. Биз каби чекка ҳудудларда яшаётган аҳолига ҳам замонавий тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгайтирилаётганидан хурсандмиз.
Бу “Саломатлик поезди”да келган пойтахтлик шифокорлар кўригида бўлган юртдошларимиздан бирининг фикри. Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 6 июль куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш мақсадида “Саломатлик поезд”лари ташкил этиш топшириғи берилган эди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган малакали шифокорлар гуруҳидан иборат “Саломатлик поезди” Навоий вилоятида бўлди.
– Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, йирик клиник шифохоналар, илмий-текшириш институтларининг тажрибали мутахассисларидан иборат шифокорларимиз аҳолини пухта тиббий кўрикдан ўтказди, – дейди Республика онкология ва радиология илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори М.Тиллашайхов. – Малакали тиббиёт ходимлари беморларга зарур муолажалар кўрсатиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича маслаҳатлар берди. Касаллик турига қараб вилоят ёки республика тиббиёт марказларида даволаниш учун тавсиялар берилди.
Нуриддин Раҳимов,
ЎзА