НАФИСА МЎМИНОВА – ХАЛҚАРО ГРОССМЕЙСТЕР

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳар жиҳатдан соғлом, интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

22 ёшли шахматчимиз Нафиса Мўминова ўзбек қизлари ўртасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди

Фарғоналик Алишер ака ва Қаноатхон опа оиласида вояга етган Н.Мўминова ҳам ана шундай ёшлардан бири.

Нафиса тўрт ёшлигидан спортга меҳр қўйиб, шахмат ўйнашни қунт билан ўрганган. Тўққиз ёшидан Қўқондаги шахмат клубида тажрибали мураббий Анваржон Алиев раҳбарлигида маҳоратини оширган. 2002 йилда ўз тенгқурлари ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Мамлакатимиз миқёсидаги кўплаб мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган Н.Мўминова 2007 йилда минтақавий саралаш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди. У дунёнинг энг кучли 64 шахматчиси дона сурадиган ушбу турнирда қатнашиш учун Марказий Осиё минтақасига ажратилган ягона йўлланмани қўлга киритди ва ўзбек хотин-қизларидан катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган биринчи спортчи бўлди.

– Катта спортга қадам қўйган кўпчилик йигит-қиз жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилади, – дейди Н.Мўминова. – Жаҳон чемпиони бўлиш – менинг ҳам олий мақсадим. Албатта, жаҳон шахмат тожини қўлга киритиш осон иш эмас, лекин давлатимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятлар бизга катта умид ва ўз кучимизга ишонч бағишламоқда.

Олти йилдан буён мамлакатимиз терма жамоаси сафида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келаётган Нафиса 2008 йилда 18 ёшгача қизлар ўртасида Осиё чемпионати кумуш медалига сазовор бўлган. Кўплаб йирик халқаро турнирларда хотин-қизлар ўртасида биринчи ўринни эгаллаган.

У 2010 йилда йигирма ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан жой олди, Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларининг жамоавий беллашувларида терма жамоамиздаги дугоналари – Ольга Собирова, Юлдуз Ҳамроқулова, Нодира Нодиржонова билан бирга кумуш медални қўлга киритди. 2011 йили I Марказий Осиё кубоги ва 2012 йил Тошкентда ўтказилган “Тошкент опен” халқаро шахмат турнирида ғолиб бўлди.

Н.Мўминова учун 2013 йил ҳам омадли бошланди. Халқаро шахмат федерацияси ўзбек қизига халқаро гроссмейстер унвони берилганини эълон қилди.

– Ушбу юксак унвон биз, ёшларнинг камолоти йўлида барча шароитларни яратиб бераётган Президентимиз кўрсатаётган юксак ғамхўрликнинг амалдаги самараларидандир, – дейди Нафиса. – Биз, ўзбек ёшлари ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишга қодирмиз. Бунинг учун имконият, шароит ва катта иштиёқ бор.

Яна ўқинг:  МАҲАЛЛАДА ТИББИЙ АКЦИЯ

Нафисанинг сингиллари – Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар ҳам опаси изидан бориб, шахматни танлаган. ФИДЕ устаси Ҳ.Тоҳиржонова қатор халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлса, Гулруҳбегим 2011 йилда Бразилияда ўтган 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Нафиса Мўминова энди мусобақаларда халқаро гроссмейстер, деган юксак ном билан дона суради. Бунинг масъулиятини чуқур ҳис этаётган шахматчимиз янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: