Энг маҳоратли ёшлар сараланди
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танлови мамлакат босқичининг “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси”, “Миллий ва бадиий либослар модельери” ҳамда “Ошпаз” номинациялари бўйича ғолиблари аниқланди.
Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси У.Муҳамедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун яратилган шароитлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
“Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинацияси бўйича Чирчиқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Отабек Маҳкамов, “Миллий ва бадиий либослар модельери” номинациясида Наманган шаҳридаги савдо ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Наргиза Мамажонова, “Ошпаз” номинацияси бўйича Навоий кончилик коллежи ўқувчиси Умида Зокирова биринчи ўринни қўлга киритди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА