Саратонда соябон қайғуси ёки қуёш тиғида юришнинг зарари хусусида

Серқуёш Ўзбекистонимизда иссиқ кунлар ҳам бошланди. Ҳа, демай ёзнинг чилласи ҳам киради. Бу даврда ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

 

Хўш, бундай ҳаво ҳароратида иссиқ ва офтоб уришидан қандай сақланмоқ керак?

Аҳолининг турли қатламлари, айниқса, ёш болалар, кексалар, юрак-қон томир, асаб тизими, қандли диабет, ортиқча вазни мавжуд инсонлар нималарга эътибор қаратишлари лозим?

Тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Синонинг “Бошингни қуёш нуридан асра, оёқларингни эса совуқдан асра” деган ўгити ҳали-ҳанузгача ўз кучини йўқотгани йўқ.

Чунки, бош миядан катта артерия, вена қон-томирлари ўтган бўлиб, одам куннинг иссиқ вақтида бошяланг юрганда қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, кишининг ҳар хил касалликларга чалинишига сабаб бўлади.

Дим хонада иссиқ элитиши ва офтоб уриши кўпроқ ёш болалар ва кексаларга зарар етказади. Айниқса, юрак-қон томир тизими касаллиги ва қандли диабет билан оғриган беморлар, тана вазни меъёридан ортиқ бўлган инсонлар, спиртли ичимликларни истеъмол қилган шахсларни иссиқ кунда офтоб уриш хавфи эҳтимоли энг юқори бўлади.

 

Офтоб ва иссиқ урмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Бунинг учун кийим табиий толали матодан кенгроқ қилиб тикилган бўлиши керак. Яна бошга албатта оқ чит рўмол ўраш ёки оч рангдаги бош кийим кийиш керак. Чунки, қора рангли мато ўзига офтоб нурини жуда мўл сингдириб олади. Қуёш нури тик тушиб турган вақтда очиқ ҳавода камроқ бўлиш, соя-салқин жойларда юриш зарур.

Жисмоний фаоллик билан шуғулланишни эса эрталабки ёки кечки соатларда ўтказган маъқул. Аччиқ чой, кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ. Спиртли ичимликларни ичмаслик тавсия этилади. Овқатларни оз-оздан истеъмол қилиш шарт. Кўпинча қатиқли мастава, мошхўрда ҳамда айронли гўжа, шўрва ичиш фойдали. Ҳеч қачон машина салонларида ёш болаларни ва қарияларни узоқ қолдирмасликка эътиборлироқ бўлиш даркор.

 

Офтоб уришининг белгилари:

Дастлаб беморнинг боши оғрийди. Кейин эса унинг кўнгли айниши мумкин. Яна у қайт қилади. Шунингдек, унда тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилади. Юракнинг тез уриши, нафас олишнинг тезлашиши, ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам офтоб урган кишига хос ҳолатлардир.

Яна ўқинг:  ШИФОКОРГА КЎМАКЧИ

 

Беморга биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?

Офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, унинг уст-бошларини ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб, бутун танаси ўралади. Кейин беморнинг бошига муздек сувга ҳўлланган сочиқ ўралади. Яна хастанинг бўйин, қўлтиқ ва чов оралиғига муз халтачалари қўйилади. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилинади. “Тез ёрдам” машинаси етиб келгунча юқоридаги муолажалар давом эттирилади. Ҳар бир бека хонадонда уйни совутиш мақсадида челакларга муздек сув қуйиб, 3-4 метр бўз матони ҳўллаб илиб қўйсалар, хона ҳарорати мўътадил сақланади. Хона деразаларига қуёшдан сақлаш мақсадида ҳам бўз мато тутилади. Албатта, уйда қайнатилган совуқ сув бўлишига диққат қаратиш лозим.

Ёзнинг иссиқ кунларида овқатланишга эътиборли бўлиб, қовурилган, ёғли, аччиқ, нордон, дудланган, консерваланган овқатларни истеъмол қилмасдан суюқ, қайнатилган, буғда пиширилган овқатларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Овқатлар ҳар доим бир марталик пиширилиши лозим. Шунингдек, ёш болаларнинг кийим-кечакларини жазирамада офтоб тиғида қуритманг. Ола-чалпоқ соя жойда барвақт ювиб, ёйилган кирлар қуёшнинг зарарли радиоактив нурларини ўзига сингдириб олмайди. Табиий яхна ичимликлар истеъмол қилиш эса чанқоқни қондиради.

 

Қаршихон ХОЛХЎЖАЕВ,

тиббиёт фанлари номзоди, доцент,

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: