ҚОН БОСИМИ НЕГА ПАСАЯДИ?
Қовоқларингиз оғирлашиб, кўзларингиз юмилиб кетяптими? На аччиқ қора чой ва на қаҳва ёрдам бермаяптими? Ўйлаб кўринг, балки гипотоникдирсиз?
Тиббиётда қон босимининг катта ёшлиларда 90/60, болаларда эса 70/40 мм симоб устунидан пасайиб кетиши гипотония (артериал гипотензия) деб аталади. Тўғри, бу касаллик натижасида гипертонияда бўлгани каби инфаркт ёки инсульт келиб чиқмайди, лекин бемор ҳолсиз бўлиб қолади, унинг иш қобилияти пасаяди.
Одам нега бунчалик тез чарчаб қолади?
Соғлом кишида юрак-қон томир тизими бир меъёрда ишлайди. Гипотония касаллигида эса қон томирлар ҳаддан ташқари кенгайиб, унинг таранглиги пасайиб кетади. Натижада юрак-қон томир тизими фаолияти бузилади. Қоннинг кўп қисми томирларда қолиб, юракка кам етиб келади. Оқибатда юрак чиқариб берадиган қон миқдори пасаяди. Бош мия қон томирлари ҳам қон билан тўла таъминлана олмайди. Гипотониклар қувватсизлик ва кўп терлашдан нолийдилар. Асабнинг қаттиқ бузилиши, вақтида дам олмаслик, сурункали равишда тўйиб ухламаслик, кам ҳаракатлилик қон босимининг пасайишига олиб келади. Шунингдек, ташқи салбий омиллар – ионли радиация, бензол, қўрғошин билан кўп алоқа қилувчилар ҳам қон босими пасайишига мойил бўлишади. Гипотония баъзи касалликлар (Аддисон, миксидема, гипогликемия, ўткир ва сурункали гепатит) асорати сифатида, қон босимини туширадиган дориларни кўп ишлатиш оқибатида ҳам келиб чиқиши мумкин.
Уйқу – энг яхши дори
Гипотонияга чалинган киши, албатта, тиниқиб, 9-10 соат ухлагани маъқул. Уйқудан уйғониб, бирданига туриб кетмаслик керак. Маълумки, одам ухлаганида қон асосан жигар, ичаклар, талоқда тўпланган бўлади ва бош мия қон билан тўлиқ таъминланмайди. Бундай вазиятга гипотоник бирданига ўрнидан турса, боши айланиши, ҳатто, ҳушидан кетиб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ётган ҳолатда енгил гимнастика машқларини бажариш (қўл бармоқлари, тизза ва тирсак бўғимларини букиш) керак. Умуман, гипотонияда пиёда сайр қилиш, сузиш, оғир жисмоний зўриқиш талаб қилмайдиган спорт ўйинлари билан шуғулланиш фойдали.
Парҳез ҳақида
Гипотоникнинг таомларида минерал моддалар ва витаминлар, айниқса, В1, С, Р етарли бўлиши керак. Гречиха ва сули ёрмасидан тайёрланган бўтқалар фойдали. Сабзи, қизилча, бақлажон ва цитрус мевалар еб туриш керак, ёғли ва хамир овқатлардан эса тийилган маъқул. Бемор учун қора тут жуда фойдали.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси