Кичик инсультлар – дарднинг катталашаётганидан огоҳ этади

Барчамиз биламизки, инсульт (мияда қон айланишининг бузилиши ёки мияга тўсатдан қон қуйилиши)га эътиборсиз қараб бўлмайди. Чунки, бу касаллик лаҳзалик ўлим билан якун топади ёки унинг асоратларидан узоқ муддат давомида даволаниб, аста-секинлик билан қутилиш мумкин. Баъзан инсультлар тўсатдан беморга зарба бериши мумкин. Айрим ҳолатларда эса касаллик белги беради.

Тунги базму жамшиддан сўнг ўзига зўрға келган 48 ёшли бемор Мухтор сўзларининг улуқ-юлуқлиги, қўли карахт бўлиб, ўзига бўйсунмаётганлигидан қўрқиб кетди. Меъёрсиз ичкиликбозлик натижасида шу ҳолатга тушдим деб ўйлаган тадбиркор бир неча кун уйда ётиб дам олсам аҳволим яхшиланади деб ўйлайди. Аммо, ҳар эҳтимолга қарши шифокорга бир кўриниб қўйишни дилига тугди. Эртаси куни у шифокор-мутахассисга учраганида касаллик клиникасига қараб ташхис қўйган врач уни зудлик билан неврология бўлимида ётиб даволаниш учун йўлланма берди. Чунки, беморга “мияда ўткир қон айланишининг бузилиши” ташхиси қўйилган эди. Бўлим шифокорлари Мухторга бир ой давомида ётиб даволаниши зарурлигини айтишганида у “арзимаган касаллик туфайли шунча узоқ даволаниш зарурми”дея ўйланди. Бироқ, унинг касаллиги оддий хасталик эмаслигини яхши билмасди.

Шифокорлар инсульт, кичик инсульт ва бош мияда қон айланишининг ўткинчи бузилиши ҳақида аниқ чегара қўйишмайди. Касалликнинг кечиш жараёни фақатгина мия соҳасида қай даражада чуқур ўзгаришлар келтириб чиқаришига боғлиқ. Агар миянинг айрим соҳаларида қисман ҳаётий муҳим функцияларни бажарувчи бўлаги зарарланган бўлса унинг фаолиятини қўшни соҳадаги қисми бажариши мумкин. Шу сабабли бемор баъзан миясидаги ўзгаришларни жиддий қабул қилмай бепарво “ҳа, ўтиб кетади” деб эътиборсизлик қилади.

Аммо кичик инсультлардан сўнг қисқа муддатларда (60 фоиз ҳолатларда) бош мия ишемияси (қон айланишининг бузилиши натижасида бош миянинг қонсизланиши) эса ўз навбатида жуда жиддий асоратларга олиб келади. Шунинг учун кичик инсультлардан сўнг бемор, албатта, шифокор назорати остида тўлиқ даволаниши зарур. Инсультга олиб келувчи сабаблар кўп. Айниқса, иссиқ ва дим об-ҳаво ҳам бу хасталик ривожланишига қулай шароит яратади. Жазирамада одам кўп терлайди ва тана сувсизланади. Натижада қон қуюлади. Бу ҳолат ўз навбатида бош мияда тромб (қон лахтаси-тиқилма)лар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Яна иссиқ кунларда қон босими ҳам ошади. Артериал қон босимининг ошиб туриши ҳам инсульт ривожланишига кенг йўл очиб беради. Шунингдек, кекса кишиларнинг қуёш тиғида далада тинимсиз бош кўтармай ишлашлари ҳам инсультга сабаб бўлади. Доимо ерга эгилиб, бошини қуйи солиб меҳнат қилиш ҳам бош мияга қон қуюлишига сабаб бўлади. Шунингдек, бу ҳолат юрак қон томир тизимига салбий таъсир этади. Айниқса, кексаларда аневризма кузатилса (артерия қон томири девори мўртлашиб ёки чўзилиб бўртиб чиққан бўлса, у ёрилиб кетиши мумкин) “қош қўяман деб, кўз чиқариш”дан эҳтиёт бўлиш зарур. Нафақага чиққан кексалар ўз вақтида тиббий кўриклардан ўтиб, шифокор назорати остида бўлишлари зарур. Аммо, баъзи беморларнинг инсульт бўлишига мойиллик “пешонасига ёзилган” дейиш мумкин. Яъни, беморда бош мия қон томирлари атеросклерози кузатилса ҳамда уйқу артерияси эгри-бугри жойлашган бўлса бу касаллик уларда тез ривожланади.

Яна ўқинг:  Энди астмани жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин

Бундай беморлар ушбу хасталикнинг олдини олиш мақсадида нейрохирург кўригидан ўтиб бош миясини “Доплер” тиббий ускунасида текширувдан ўтказиб, қон томирлар ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин. Яна шифокор тавсиясига кўра профилактика мақсадида муолажалар олишлари зарур. Айниқса, транспортга чиққанда чайқалиб кетадиган кишилар ҳамда вақти-вақти билан боши айланадиган ва баъзан ҳушини йўқотиб турадиган беморлар доимо шифокор назорати остида бўлишлари керак. Чунки, бу белгилар қон томир тизими фаолияти заифлигидан дарак беради.

Инсультни аниқлашда тезкор тест: қаршингиздаги кишидан учта унча мураккаб бўлмаган ҳатти-ҳаракатни бажаришни сўранг.

1. Одам табассум қилганида юзининг бир чеккаси ассиметрик бўлади. Бир томон сал қийшайиб туради.

2. Ҳар иккала қўлини кўтарганда беморда бир қўли беихтиёр пастга туша бошлайди.

3. Оддий сўзларни хаста киши такрорлаганида унинг нутқи тушинарсиз бўлади.

Кичик инсульт белгилари

1. Баланд товуш ёки ёрқин чироқ нурига кучли таъсирчанлик кузатилади.

2. Сабабсиз кучли бош оғриғидан бемор азият чекади.

3. Кўнгил айниши ва қусиш хаста кишини беҳзур қилади.

4. Тўсатдан тананинг бирор қисмида сезувчанликнинг йўқолиши ва карахт бўлиб қолиши беморни ваҳимага солади.

5. Бехосдан ҳаракатнинг бузилиши, юришда қийналишнинг кузатилиши ҳамда бош айланиши кичик инсульт белгилари ҳисобланади.

Саҳифани Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: