Диний экстремизм – тараққиёт кушандаси

Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм бутун дунёга хавф солаётган, инсониятнинг тинч ва осуда яшаши учун тўсқинлик қилаётган жиддий муаммолардан биридир. Айни пайтда сайёрамиздаги ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир халқ унинг офатларидан ҳимояланмаган, десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳозирда Афғонистон, Сурия, Яман, Покистон, Фаластин, Ироқ ва Африканинг бир қанча мамлакатларида содир этилаётган хунрезликлар, ўша юртларда истиқомат қилаётган инсонлар, айниқса, мурғак болаларнинг бошига тушаётган ғам-андуҳлар барча-барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов бу хавфни олдиндан сезган ҳолда бир неча бор нуфузли минбарлардан туриб терроризм, экстремизм ва уларни озиқлантириб турган наркобизнес бутун жаҳонда хавфсизликка таҳдид солаётганини кўп таъкидлаган эди. Юртбошимиз 1993 йилдаёқ, БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида бу ҳақда бонг уриб, “Ўзбекистон экстремизмни, терроризмни, ҳар қандай кўринишдаги диний фанатизм ва ақидапарастликни қатъиян қоралайди”, – дея таъкидлаганди.

Экстремизм ҳар қандай бошқача фикрлашни инкор этади, ўзининг мафкуравий ва диний қарашларини қўпол равишда мажбурлаб қабул эттиришга ҳаракат қилади. Экстремистлар ўз тарафдорларидан уларнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз бажаришни, уларга кўр-кўрона ишонишни талаб қиладилар.

Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғни сепишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, бу каби ғаразли кимсалар ўз манфаати йўлида эндигина ҳаётни таниётган ёшларни тўғри йўлдан адаштириб, уларнинг маънавиятига зарба беришга ҳаракат қиладилар.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келишини алоҳида қайд этганди.

Шундай экан шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар масаланинг нечоғлик жиддийлигидан далолатдир.

Шукурки, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай фаровон кунларимизнинг қадрига етишга, тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ўргатишимиз зарур. Айниқса, ота-оналар фарзандларининг юриш-туриши, улар руҳиятида кузатилаётган салбий ўзгаришларга бепарво бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда эртага жуда кеч бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Тошкентда автобуслар тунги соат 00: 00 гача аҳолига хизмат кўрсатиши мумкин

 

Тоҳир ҚУРБОНОВ, ҚВХТХҚТМОИ

проректори, доцент,

Улуғбек ОЧИЛОВ, ҚВХТХҚТМОИ

катта ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: