Ҳамширалик иши: ютуқ ва вазифалар

Инсон саломатлигини асрашда малакали шифокорлар билан бир қаторда маҳоратли ҳамшираларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Уларнинг шарафли ва масъулиятли касбини эъзозлаш, ҳамширалик иши асосларини такомиллаштириш, тизимдаги илғор тажрибани оммалаштириш мақсадида ҳар йили 12 май Халқаро ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳамширалик ишини янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган республика анжумани бўлиб ўтди. Видеоселектор форматида ўтган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, Республика илмий-амалий тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, профессор-ўқитувчилар, пойтахтимиз ва вилоятлардаги клиникаларнинг бош шифокорлари, ҳамширалар иштирок этди. Унда республика соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан учрашувларда, видеоселектор йиғилишларида, ҳудудларга уюштирган сафарлари мобайнида соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларга доимий эътибор қаратиб, халқимизни рози қилиш учун аввало тиббий хизмат сифатини юксалтириш лозимлигини таъкидламоқда. Шу йилнинг 6 май куни Президентимиз Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Яшнобод туманида бўлганда ҳам оилавий поликлиникаларнинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш, аҳоли учун қулайликларни ошириш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, инсон учун ўзининг ва яқинларининг саломатлигидан ортиқ бойлик йўқ. Бугун мамлакатимизда тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида бу йўналишда қатор Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Шошилинч ёрдамни такомиллаштириш, аҳолига бирламчи тиббий-профилактика ва тиббий-патронаж ёрдамини кенгайтириш, хусусий тиббиётни ривожлантиришга оид ҳужжатлар бунга мисолдир.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини ривожлантириш ҳам устувор йўналиш этиб белгиланган. Зеро, бугун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиётида етакчи кучга айланиб бораётган ҳамшираларнинг инсон саломатлигини асраш, аҳолига тиббий-профилактика, диагностика, даволаш ёрдами кўрсатишда алоҳида ўрни бор.

Шу боис, мамлакатимизда ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор ютуқлари билан ҳамқадам иш юритишларига зарур шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида. Бугунги кунда юртимизда 78 та тиббиёт коллежи фаолият юритаётир. Ушбу таълим масканларида ўқувчиларнинг танлаган касбига бўлган қизиқишини ошириш, мутахассисликлари бўйича амалий билимларини мустаҳкамлаш ва ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш ҳамда бандлигинини таъминлаш мақсадида “Устоз-шогирд”, “Коллеж-корхона” анъаналари жорий этилиб, ўқувчилар малакали ҳамшираларга бириктирилмоқда.

Жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам олий маълумоти ҳамширалар тайёрлаш тизими яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент Тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича уч ярим мингдан ортиқ олий маълумотли бакалавр хамширалар тайёрланди, 100 нафардан ортиқ ҳамширалар магистр даражасига эга. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи хамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.

Яна ўқинг:  Arnasoy

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари малакасини ошириш ҳам кўрсатиб ўтилган. Илгари олий маълумотли ҳамширалар ҳам Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтказиш марказида малака оширар эди. Аммо ушбу мезон ўзини оқламади. Бугун олий маълумотли ҳамширалар юқори билим-савияга эга бўлиб, аввалгидек шифокор тавсиясини бажарувчи – ижрочи эмас, малакали мутахассис сифатида намоён бўлмоқда. Демак, шунга мувофиқ улар малакасини ҳам шифокорлар даражасида юксалтириш зарур.

Яқинда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимлари иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатларни мувофиқлаштириш тўғрисида”ги 60-сонли буйруғи эълон қилинди. Авваллари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган журналлар рўйхати қарийб 100 та эди. Эндиликда бу ҳужжатлар 20 тагача қисқартирилди.

Бирламчи тиббий бўғинда иш самарадорлигини ошириш — бугуннинг талабидир. Шу мезондан келиб чиқиб, куни кеча пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникаларига 60 дона “DAMAS” русумли автомашиналар топширилди. Эндиликда беморларнинг уйига бориб, энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш каби вазифалар ўз вақтида, кечиктирилмай амалга оширилади. Эътиборли жиҳати, ушбу амалиёт келажакда бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши белгиланган. Хусусан, яқин кунларда Самарқанд шаҳар оилавий поликлиникаларида ҳам худди шундай “DAMAS” русумли автомашиналар аҳоли хизматига топширилади.

Аҳолига тиббий патронаж ёрдами кўрсатишда соҳада иш юритаётган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътибор марказидадир. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизмати ва профилактик кўрикларнинг сифатини ошириш мақсадида махсус штаб ташкил этилди ва чора-тадбирлар кенгайтирилмоқда.

Ҳамширалик иши кенг қамровли жараён бўлиб, тиббиётнинг бирор йўналишини бу мутахассис фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, шошилинч тиббий хизмат, реанимация, операция блокларида малакали ҳамширанинг билим, маҳорати, тажрибаси, ўз касбига садоқати беморни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим омил бўлади.

Яна ўқинг:  ҲАЁТ – ҲИКМАТ, ИЛМ – УМРИМ МАЗМУНИ

Ана шундай шарафли ва масъулиятли касб соҳибаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳамширалик ишига замонавий технологияларни татбиқ этиш бўйича доимий семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этилаётир. Соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида махсус кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар йўлга қўйилган.

Ушбу тадбир ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг бугунги босқичида ўрта тиббиёт ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни таҳлил этиш, ҳамширалик ишини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Анжуман доирасида тиббиётнинг турли йўналишларида ҳамширалик ишида қўлланилаётган янги технологиялар, ўқув-услубий қўлланмалар кўргазмаси намойиш этилди. Соҳага оид илмий-амалий янгиликлар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: