Ички туризм: ҳам саёҳат, ҳам зиёрат

Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор табиати, қадим ўтмишидан сўзловчи гўзал обидалари, ўзбек ошхонасининг ранг-баранглиги, миллий таомларимизнинг бетакрор мазаси чет эллик сайёҳлар меҳрини қозонган. Юртимизда ҳар бир воҳа ўзининг урф-одати, яшаш тарзи, тарихи билан бир-биридан фарқ қилиб, бу омил нафақат ташқи, балки ички туризмнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон тарихий қадамжоларининг кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан бири саналади. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби бетакрор шаҳарларимиз бутун дунёда маълум ва машҳур. Қувонарлиси, бу кўҳна кентларга келувчиларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 28 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра Ўзбекистонда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари, Рамазон ва Қурбон ҳайитида қўшимча дам олиш кунлари белгиланди. Байрам муносабати билан бериладиган қўшимча дам олиш кунлари эвазига ҳамюртларимиз оила даврасида яқинлари билан ҳордиқ чиқариш, байрамни кўнгилдагидек нишонлаш имконига эга бўладилар. Бу кунлар давомида юртимизнинг турли зиёратгоҳлари, қадимий шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, ўлкамизнинг хушманзара гўшалари тароватидан баҳра олишлари мумкин.

Самарқанд – Ўзбекистоннинг туризм соҳаси бўйича катта салоҳиятга эга бўлган тарихий шаҳарлардан бири. Географик жиҳатдан жойлашуви, табиий ва маданий ресурсларга бойлиги билан ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Вилоят ҳудудида 1105 археологик, 670 меъморий, 37 диққатга сазовор маскан, 18 монументал, 21 мемориал, жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Вилоятда туристик хизматлар билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 85 та туристик фирма, 107 та меҳмонхона фаолият кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида улар томонидан 4500 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имкони мавжуд.

Мусулмонлар зиёрат қилиши лозим бўлган бир қанча ислом дини ва таълимоти вакиллари, силсилаи олийга мансуб авлиёлар ва бошқа улуғ зотларнинг мақбаралари Самарқандда жойлашган. Хусусан, ислом динида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи ўринда турувчи “Саҳиҳи Бухорий” китоби муаллифи Имом Бухорий, дунёдаги энг катта калом мактабларидан бирининг асосчиси Имом Мотурудий, силсилаи олийга мансуб Хўжа Аҳрори Валий, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в)нинг амакиваччаси Қуссам ибн Аббос (Шоҳизинда мажмуаси) ва бошқа улуғ зотлар мақбаралари шулар жумласидан.

Яна ўқинг:  Коррупцияга қарши курашиш – фаровон ҳаёт кафолати

Ушбу зиёратгоҳлар сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган қадамжолар ҳисобланади. Масалан, Имом Бухорий ва Шоҳизинда мажмуаларини жорий йилда 1 миллион 200 минг нафарга яқин сайёҳ зиёрат қилган.

 

Самарқанд вилоятига ўтган 2017 йилда жами 249 минг нафар хорижлик, 1 миллион нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Вилоятда тарихий-маданий, эко ва агро, гастрономик, экстремал ва бошқа туризм йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, шаҳримиз зиёрат туризми йўналишида жуда катта салоҳиятга эга, – дейди, “Ўзбектуризм”нинг Самарқанд вилоят худудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов.

 

Хоразм вилояти ҳам ўзининг бетакрор табиати, тарихий қадамжолари бўйича дунёда етакчи ўринларда туради. Бу гўшага келиш истагида бўлган сайёҳлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Вилоятда 80 та сайёҳлик ташкилотлари, 2 минг 489 ўринли 58 та меҳмонхона, 22 та тур агентликлари бўлиб, улар сайёҳлар хизматига доимо шай.

 

2017 йилнинг январь-декабрь ойларида Хоразм вилоятига жами 920 минг нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, шундан, 60 мингдан ортиғи хорижий, 859 минг нафардан зиёди маҳаллий сайёҳлардир. 2018 йилнинг январь ойида эса “Ичанқалъа” музей-қўриқхонасига вилоятлардан 31 минг нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди, – дейди Хоразм вилояти Туризм бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Жавлон Шамуродов.

 

Саёҳат қилишни истовчилар учун меҳмонхоналар, кафе ва ресторанларда махсус чегирмалар белгиланади, саёҳатчилар учун талай қулайликлар мавжуд. Биргина Наврўз байрами муносабати билан 2018 йилнинг 18-22 март кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекцияси томонидан барча ички рейсларга чегирмалар тизими ишлаб чиқилган. Унга кўра 18,19,20,21 ва 22 март кунлари маҳаллий рейсларга 30 фоиздан 50 фоизгача бўлган чегирмалар ташкил қилинган. Бу ҳам бўлса ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизни диёримизнинг исталган ҳудудига бориб, тарихий обидаларимиз, хушманзара гўшаларимиз билан яқиндан танишиш имконини беради.

 

Ҳуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: