Янги ўқув ва хизмат маркази очилди

Пойтахтимизда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини ўрганадиган ва уларга техник хизмат кўрсатадиган янги марказ очилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вакиллари, Германиянинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Россиянинг “Союзмедсервис” маркази мутахассислари, шифокорлар, талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсуфалиев ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор инсон манфаатларини муҳофазалаш ва халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг ўтган даврида бу борада Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария бўғинини такомиллаштириш, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббиёт тизимини замонавийлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, нарх-наво мутаносиблигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш технологиялари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ҳозирги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида замонавий ультратовуш таҳлил, рентген аппарати, компьютер томограф, магнит резонанс томограф, кардиограф, эндоскоп, лапароскоп, допплер каби юқори технологиялардан самарали фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик ташкилоти бу борада махсус лойиҳани амалга оширмоқда. Унинг доирасида кейинги йилларда ташкил этилган семинар-тренингларда мингдан зиёд шифокор, ҳамшира, тиббиёт техникасига сервис хизмати кўрсатувчи мутахассис малака оширди. Янги марказнинг ташкил этилиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Марказнинг ўқув ва амалиёт биноси замонавий ўқув-услубий ахборот технологиялари ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Бу ерда тиббиёт техниклари малакасини ошириш, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш баробарида, тиббиёт техникаларига хизмат кўрсатилади. Жаҳон тиббиётининг бу борадаги илғор ютуқларини ўзлаштириш мақсадида тараққий этган хорижий давлатлар билан ҳамкорлик янада кенгаяди.

– Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси олдига қўйилган муҳим вазифаларни ўз вақтида бажариш, халқимизнинг тиббий хизмат сифатидан рози бўлишини таъминлашда тиббиётнинг барча бўғинида юқори технологияли усул ва воситалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш муҳим вазифадир, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори вазифасини бажарувчи Ҳ.Оқилов. – Бу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Соғлиқни сақлаш муассасалари янги диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланаётир. Улардан самарали фойдаланиш ва яроқлилик муддатини узайтиришда тиббиёт техникаларига сервис хизмати кўрсатишнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда институтимизда тиббиёт техникларини тайёрлайдиган янги кафедра очишни режалаштирмоқдамиз.

Яна ўқинг:  Тошкент шаҳрида ўтказиладиган тўй-ҳашам ва оилавий тадбирларни ихчамлаштиришга доир тавсиявий тартиб ишлаб чиқилди

Тадбирда давлат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга оид лойиҳалар хусусида маълумот берилди.

 

Б.ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: