ЁШ АВЛОД – ҲУҚУҚИЙ МУҲОФАЗАДА

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати Ҳафиза Каримова билан ёшларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятлари чексиз, у шиддат билан ривожланиб бормоқда. Шунинг баробарида, ахборот узатиш тизими ҳам кундан кунга такомиллаштирилмоқда. Афсуски, ахборот тарқалиши жараёнида нафақат ижобий, балки зарарли, ёт ғоялар оқимининг ҳам кириб келаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ахборий жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг асосий воситаларидан бири сифатида намоён бўлаётган бир шароитда ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган самарали технологияларни ишлаб чиққан давлатгина барқарорликка эришади. Айниқса, ёш авлоднинг таълим-тарбиясида замонавий ахборот-коммуникацияларининг аҳамияти катта.

– Фикрингизга қўшиламан, мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши учун зарур бўлган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими шакллантирилган. Хусусан, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқларига доир 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мос келади. Ушбу қонун ҳужжатлари вояга етмаганлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла намоён этишлари учун хизмат қилиб келмоқда.

Лекин, ахборот маконида турли таҳдидлар бор экан, келажагимиз ворисларининг эртанги тақдирини ўйлаб, ёшлар учун соғлом ахборот муҳитини яратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бир сўз билан айтганда, уларни мустақил фикрлайдиган, ахборотни фарқлай оладиган инсонлар бўлиб етишишида олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янада кучайтириш билан бирга, ривожланган давлатлар амалиётидан келиб чиқиб, турли носоғлом ғояларга қарши ҳаракат тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Айтиш жоизки, 2012 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунда ўз аксини топган меъёрлар айнан шу мақсадга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган қоидаларга мувофиқ, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи барча хатти-ҳаракатлар тақиқланган. Ушбу меъёрни янада такомиллаштириш ва аниқлаштириш мақсадида, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс” янги, яъни 189-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, зўравонлик ва шаф­қатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, республика ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва реклама қилиш, шунингдек, намойиш этиш ҳам тақиқланади. Бу хатти-ҳаракатни содир этган шахсларга нисбатан кодекснинг 189-моддасига кўра энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ва барча воситалар мусодара қилиниши белгилаб қўйилди.

Яна ўқинг:  ERTAKLAR OLAMI

– Қонунчиликдаги бу янгиликлар айни муддао бўлибди. Зеро, ҳуқуқбузарликлар ва маънавий ахлоқимизга зид жиноятлар содир этган шахслар учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда тегишли қонунчиликни такомиллаштириш ахборот асри деб ном олган бир даврда долзарб вазифа ҳисобланади…

– Айнан шу мантиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳам киритилди. Унинг 130-моддаси такомиллаштирилиб, янги таҳрирда берилди. Унга асосан, порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш билан боғлиқ ҳаракатларга нисбатан жазо чораларининг кучайтирилиши билан янада аҳамиятлидир. Зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ҳаракатлар ва уларни содир этиш бўйича жавобгарликнинг аниқ белгиланмаганлиги ўз навбатида жиноятларни аниқлаш ва жазолаш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Амалиётда учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги, яъни 130-1-модда киритилди. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенцияга қўшилганлиги, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қатор ҳуқуқий қоидаларнинг такомиллаштирилганлиги муносабати билан ушбу модда юқоридаги ҳолатлар бўйича жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилди.

Шунингдек, ана шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин қайта содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ жазосининг белгиланиши, албатта, бу турдаги жиноятларнинг камайишига хизмат қилади.

Яна шунга алоҳида эътибор берилдики, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек, уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш эса уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

– Албатта, бу баркамол авлод келажагининг ҳуқуқий кафолатидан далолат беради. Шунингдек, ҳозирги кунгача “порнографик маҳсулот нима?”, деган саволга қонунчилигимизда аниқ жавоб, яъни ҳуқуқий тушунча йўқ эди. Бу борада ҳам ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганлиги мақсадга мувофиқ бўлибди.

– Кодекснинг “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” берилган саккизинчи бўлими “порнографик маҳсулот” ҳамда “зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот” тушунчалари билан тўлдирилди, натижада ушбу соҳадаги муносабатлар учун янада аниқлаштирувчи қоидалар мустаҳкамланди. Бу моддага кўра, бадиий, илмий ёки маданий қимматга эга бўлмаган, зўравонлик ёки шафқатсизлик содир этишга ундайдиган материаллар зўравонликни ёки шафқатсизликни тар­ғиб қилувчи маҳсулот ҳисобланиши белгиланган. Бу тушунчаларнинг киритилиши, биринчидан, айнан шундай жиноий ҳаракатларни ёки маъмурий жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни жавобгарликка тортишни осонлаштирса, иккинчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириб, қонун ҳужжатларининг амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлайди.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМДА ЗАМОНАВИЙ УСЛУБ: болалар салоҳиятини юксалтиради

Қонунлар мукаммаллиги ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга жорий этиш механизмлари, шунингдек, порнографик маҳсулотларнинг қайси ёшдагилар ўртасида тарқатилганлиги ва намойиш этилганлигидан қатъи назар, халқимизнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятларига, оиласи, соғлом турмуш тарзи ва маънавий негизига катта хавф солиши табиийлиги диққат марказимизда туриши керак.

Шу нуқтаи назардан, хулоса ўрнида алоҳида таъкидлаш лозимки, халқимиз азалдан фарзанд тарбиясини энг нозик ва масъулиятли вазифа деб билади. Ушбу миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, бу борада жавобгарликни янада кучайтиришда кучли кафолатли, ҳуқуқий ҳужжат вазифасини бажаради. Зеро, жамиятимизда ахлоқни, маънавиятни, фуқаролар ўртасидаги меҳр-оқибатни ҳимоя қилиш негизларини янада кучайтиришга асос бўлади. Қолаверса, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан камол топиши, уларни ахборот муҳитининг салбий таъсиридан муҳофаза қилишга замин яратади.

– Сермазмун суҳбатингиз учун газетамиз ўқувчилари номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Суҳбатдош: Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: