Гўзаллик ва нафосат байрами спорт маликаларини саралади
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, гимнастика спорт турларини оммалаштириш, қизларни бадиий гимнастикага ошно бўлишларига шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
Ёш иқтидор эгаларини излаб топиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган турли халқаро мусобақалар янги-янги номларни кашф этмоқда.
Куни кеча пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи якунланди. Дунёнинг 19 та давлатидан келган 90 нафар гимнастикачи қиз иштирок этган мазкур нуфузли турнирда терма жамоамиз аъзоси Анастасия Сердюкова финал баҳсларида бронза медалга сазовор бўлди.
Мусобақа иштирокчилари билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг барчаси Ўзбекистонда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини, азим Тошкент шаҳри йил сайин чирой очиб бораётганини эътироф этиш билан бирга, мусобақалар юксак савияда ташкил этилганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар. Бу борада юртимизга илк бор ташриф буюрган латвиялик мураббий Наталья Кучинская шундай деди:
Яқинда Минскда, кейин Ригада бўлдик. Юртингизда ташкил этилган ушбу мусобақадаги шароитлар аввалги кўрганларимиздан мутлақ фарқ қилади. Иштирокчиларнинг шуғулланиши учун олтита гилам муҳайё қилинган. Кун бўйи истаганимизча машқ қилишимизга имкон бўлди. Тўғрисини айтсам, дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида бундай шароитларни кўрмаганман. Шу пайтгача ўзбекистонлик спортчилар билан мусобақалашмаганмиз. Аммо мана бундай замонавий шароитларда машқ қилган қизларнинг омади бор экан, десам адашмаган бўламан.
Бадиий гимнастика бўйича ўтказиладиган ҳар бир мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки гўзаллик ҳамда нафосат байрамига айланиб кетади. Гиламга чиқаётган спортчининг чиқиши, ўзига хос руҳий ҳолатни нафис элементлар ёрдамида тасвирлаб беради. Аммо бундай натижага эришиш учун қизлар тинмай машқ қилишлари баробарида, беллашувлар пайтида ҳаяжонларини енгиб, бор имкониятларини кўрсата билишлари зарур. Бунда мураббий қаторида гимнастикачини доимо тушунадиган, унга ҳамфикр бўла оладиган яқинларининг алоҳида ўрни бор. Узоқ Норвегиядан келган гимнастикачининг онаси Дина Братсберг бу борада ўзининг мулоҳазаларини баён этди:
Ўзбекистон азалдан истеъдодлар юрти бўлиб келган. Ирина Винер, Алина Кабаева ва Амина Зариповалар айнан шу юртда вояга етганликларини айтиб ўтиш ўринли.
Фарзандим ушбу спорт тури билан шуғулланишни бошлаганидан кейин унинг феъл-атвори ижобий тарафга ўзгарди: мустақил, иродали, тартибли бўлди. Ўз олдига мақсад қўйиб, унга интилишни бошлади. Барча ота-оналарга фарзандларини қизиқишларини қўллаб-қувватлаб туришларини тилаган бўлардим.
Кичкинтойларга ўзларига бўлган ишончни шакллантиришда ота-оналарнинг уларга бўлган меҳри муҳим аҳамият касб этади. Болаларни яхши кўриш керак, аммо уларни жуда авайлаш фақат зарар келтиради. Бўлажак оналар бунга эътибор беришлари муҳим.
Бадиий гимнастика бўйича ўтказиладиган ҳар бир нуфузли мусобақада россиялик гимнастикачилар муваффақиятли иштирок этишади. Мазкур турнирда ҳам омадли чиқиш қилган ушбу юрт спортчилари мухлис ва мутахассисларни бадиий гимнастиканинг мўъжизасига яна бир бор мафтун қилишди. Тажрибали мураббий Ирина Винердан мазкур спортда юқори натижага эришиш сири нимадалигини сўрадик:
Бунда ҳеч қандай сир йўқ. Ҳар қандай спорт турида бўлгани каби терма жамоа аъзоларининг меҳнаткашлиги, мақсад сари интилувчанлигига алоҳида эътибор қиламиз. Шу билан бирга мураббий ва мутахассислар жамоаси ҳамда тиббиёт ходимларининг малакали фаолиятини юқори баҳолаш керак. Бундай шароитларда машқ қилган иқтидорли ёшларнинг натижалари арзигулик бўлиши, шубҳасиз.
Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинлари совриндори, Рио-де – Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари иштирокчиси Анастасия Сердюкова мазкур мусобақада муносиб иштирок этиб, тасма билан машқ бажариш бўйича бронза медалга сазовор бўлди. Қобилиятли спортчининг мураббийи Севара Каримованинг мусобақа якунлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик:
Шогирдимнинг чиқишларидан кўнглим тўлди. Аммо эришган натижаларимизда тўхтаб қолмаймиз. Ҳозир Испания, Болгарияда ўтказиладиган жаҳон кубоги мусобақаларига тайёргарлик кўряпмиз. Асосий мусобақамиз Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўладиган Осиё чемпионатидир. Ўзбекистон Гимнастика федерацияси юртимизда бадиий гимнастика спортини ривожлантириш йўлида амалга ошираётган кенг кўламли ишлари самарасида иқтидорли ёшларимизнинг кўрсаткичлари йил сайин юқори бўлмоқда.
Мусобақа жараёнида Анастасия Сердюкова гиламга чиқаётган паллада уни ишқибозлар олқишлар билан кутиб олишди. Унинг қувноқ ва таъсирчан дастурлари барча мухлисларда катта таассурот қолдирди.
Совриндорлар қаторида турганимда кўзларим қувонч ёшларига тўлади. Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётганимдан, байроғимиз баландга кўтарилишига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёр бўламан. Албатта, бундай натижага эришишимда меҳрибон мураббийим, гимнастика федерацияси ходимларининг муносиб ўрни бор.
Мусобақада нафосат маликалари иштирокидаги гўзал ва бетакрор чиқишлар спорт мухлисларига олам-олам завқ улашди. Бу эса Ўзбекистон гимнастика федерацияси спортчи қизларимизни мусобақаларга тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш учун малакали мураббийларни жалб этиш, хорижлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш борасида изчил ишлар олиб бораётганидан далолат беради.
Юлдуз ОРТИҚОВА