МАМНУНЛИК СУРУРИ

Табиий ва соғлом тишлар – вужуд қўрғони. Уларни болаликдан асраб-авайлаш зарур, – дейди Чилонзор тумани Тиббиёт бирлашмаси туман бош стоматологи, олий тоифали врач-стоматолог Матлуба Назруллаева.

Ҳар сафар стоматолог қабулида бўлганимда болалигимда Очилхон момомнинг “қизим, тишингда данак, ёнғоқ чақма, қаттиқ нарсалар тишни синдиради. Попукли қанд (конфет), шоколад, ширинликларни камроқ е, тишинг “қуртлаб” кетмасин. Яна доимо овқат еганингдан кейин илиқ сувда оғзингни чайиб юр. Овқатланишдан олдин ва кейин қўлларингни албатта совунлаб ювгин, камроқ касал бўласан” деган сўзларини бот-бот эслайман. Чунки, ушбу насиҳатларга кўп ҳам амал қилмаганим боис уларнинг қанчалик тўғрилигини йиллар ўтиб тишларим мени бир-бир “тарк эта бошлагач” англаб етдим.

Тиббий саводхонлик – давр талаби. Лоқайдлик ёки вақт йўқлигини рўкач қилиб инсон ўз саломатлигига эътибор бермаса, кейинчалик “яра газак олиб” жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Зеро, ҳазм оғиз бўшлиғидан бошланади. Агар тишлар соғлом бўлмаса меъда-ичак тизими хасталиклари келиб чиқади.

Кальций ва фосфорга бой маҳсулотлар, витамин ҳамда турли минерал моддаларга тўйинган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳар олти ойда стоматолог кўригидан ўтиш – соғлом тишлар гаровидир, дейишади стоматологлар.

Инсон доимо бир-бирига яхши тилак билдирганида энг аввало “тўрт мучангиз соғ бўлсин” дейди. Менимча бу мижоз билан боғлиқ бўлса керак. Чунки, одамда тўрт хил мижоз мавжуддир. У мўътадил бўлса, киши соғлом бўлади.

Барчага баробар яхшилик қилишни ҳаётий шиорига айлантирган олий тоифали врач-стоматолог Матлуба Нарзуллаева ҳам эл саломатлиги йўлида жон фидолик билан хизмат қилаётган шифокорлардан биридир. Серфарзанд оилада улғайган Матлуба опанинг болалигидан китобга меҳр қўйишига онаси Гулчеҳра аянинг унга кўп китоблар ўқиб бериши ва отаси Идрис аканинг қўллаб– қувватлаши сабаб бўлди. Мактабга болаларни эмлаш учун келган оқ халатли шифокорларни кўрган қизалоқнинг уларга ҳаваси келди. Ўшанда жажжигина Матлуба ҳам “духтир опа” бўлишни кўнглига тугиб қўйган эди.

Мактабда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиган Матлуба Нарзуллаева 1982 йилда Бухородан пойтахтга йўл олди. Доимо тенгдошлари орасида ўзининг ҳаракатчанлиги, жамоат ишларида фаоллиги ва оғир-вазмин ҳамда сабр-тоқатлилиги билан ажралиб турадиган М. Назруллаевага устозлари ҳам катта ишонч билдиришганди. Ўша даврда қишлоқдошлари таъбири билан айтганда “катта ўқиш”га кетган аълочи қиз онасига берган ваъдасининг устидан чиқди. Яъни, тиббиёт институтининг стоматология факультетига ўқишга кирди.

Яна ўқинг:  Ҳозиқ табиби хушгўй тан ранжиға шифодур

Институтда ҳам тиришқоқ талаба қиз вақтдан унумли фойдаланиб, дарсликлардан ташқари кутубхонадан соҳага доир қўшимча илмий адабиётларни олиб ўқишга интиларди. Матлуба опанинг интилишлари бежиз кетмади. У 1987 йилда институтни битириб Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 5-сонли Стоматология поликлиникасида касб сир-асрорларини ўрганиш мақсадида интернатура амалиётини ўтади. Халқимизда “Дарахт бир ерда кўкаради” деган мақол бор. М.Назруллаева 27 йил давомида талабаликдан сўнг илк марта иш бошлаган даргоҳида тажриба орттирди. Ўзи ҳам устоз даражасига етди. Малакали врач-стоматолог йиллар давомида ўз устида ишлади, ўқиди, ўрганди ва соҳага доир янгиликлардан мудом хабардор бўлиб турди. Мутахассис ўз устида ишламаса замондан ортда қолади. У 2011-2014 йиллар давомида 5-сонли Стоматология поликлиникасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритди.

Матлубахон Нарзуллаеванинг узоқ йиллик иш тажрибаси инобатга олиниб, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан у Чилонзор тумани Тиббиёт бирлашмасига туман бош стоматологи этиб тайинланди. Аёлнинг оиласи тинч, кўнгли хотиржам бўлса, унинг ишида унум бўлади. Айниқса, зафарлар сари руҳлантириб турувчи, хонадон фариштасини руҳан ва жисмонан қўлловчи яқинлари бўлса унинг кўкси тоғдай кўтарилади. Матлубахон опа ҳам ҳамма ҳавас қилса арзигулик оила соҳибаси. Турмуш ўртоғи Нусратулло ака билан икки қиз ва бир ўғилни элига, юртига нафи тегадиган зиёли инсонлар қилиб вояга етказишди.

Матлубахон Нарзуллаеванинг ҳаёт йўлига назар солар эканман, бу оилада дастурхон атрофидаги гурунглар китоб, илму зиё ва эзгу амаллар ҳақида бўлишига ишончим комил бўлди. Зеро, китоб севган онанинг фарзанди бу яхши амалларни фарзандларига ҳам ўргатиши тайин. Чунки, “Вақт – олий ҳакам”. Ёши катталар вақтнинг қадрига етиб ҳаётда ўз ўринларини топган экан, кичиклар ҳам шу ёруғ ва нурли йўлдан юриши шубҳасиз.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: