Касб-ҳунар таълими: бугунги билим эртанги кун тамал тоши

Ҳар галгидек мактабдан қайтган Камола шоша-пиша чойини ичди-ю ойисига уй ишларида кўмаклашишга киришди. Ғайратли қиз бир зумда юмушларини ўринлатиб дераза токчасидаги гултувакларга сув қуя бошлади. Дарпардани четга сураётиб кўчадан ўтаётган ўрилган сочлари ўзига ярашган ҳаворанг формали қизларга кўзи тушди. Шу кундан бошлаб қизнинг дилида уларга ҳавас уйғонди.

Орзуларнинг учқур қаноти Камола Қорабоевани Яшнобод Темир йўл касб-ҳунар коллежи томон етаклади. У ҳозирда коллежнинг “Темир йўл станцияларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш” йўналиши III босқич ўқувчиси.

– Ўқишимни Тошкент темир йўл муҳандислари институтида давом эттириб келажакда олий маълумотга эга мутахассис бўлмоқчиман. Мазкур соҳанинг юртимиз ривожига қўшаётган улкан ҳиссаси бизни янада кўпроқ ўқиб-ўрганиб, унинг ҳақиқий билимдони бўлишга ундайди, – дея ғурур билан сўзлайди Камола.

Жорий йилда мазкур коллежни 500 нафардан зиёд йигит-қиз тамомлайди. Улар билан суҳбатлашиш жараёнида ёшларимиз халқ фаровонлиги, юрт истиқболи йўлида билим олаётгани, изланаётганлигининг гувоҳи бўласиз.

– Дадам ҳам темир йўл ходими. Ўз касбига бўлган чексиз ҳурматини кўриб ҳамиша отамдек бўлишга интиламан. Коллежда олган билимларимни янада мустаҳкамлаш учун ўқишни Тошкент темир йўл муҳандислари институтида давом эттиришни мақсад қилганман. Бу фикримни тинглаб ота-онам ҳам, устозларим ҳам хурсанд бўлишди. Уларнинг мени ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшади, – дейди Олимхўжа Низомиддинов.

Айни вақтда 1 минг 700 нафардан ортиқ йигит-қиз таҳсил олаётган мазкур касб-ҳунар коллежида ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган.

Илм маскани раҳбари Нодир Абдураҳмоновнинг ташаббускорлиги боис коллеждаги мавжуд Темир йўл вагонларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, Транспорт воситаларидан фойдаланиш ва таъмирлаш, Металларга ишлов бериш йўналишларига қўшимча равишда Рефрежаторли вагонларга хизмат кўрсатиш, Темир йўл станцияларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш, Автомобилларга хизмат кўрсатиш техник-механиги йўналишларининг очилгани ҳам ёшлар учун айни муддао бўлди. Шунингдек, мазкур таълим даргоҳида кенг қамровли таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

– Коллежимизда устоз-шогирд мактаби йўлга қўйилгани ёшларга таълим-тарбия бериш борасида юксак самара бермоқда. Бу борада Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика университети билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, Махфират Тўхтахўжаева, Тоҳир Каримов, Норхол Ибрагимова, Гўзал Ўринова, Алишер Бойматов, Гулчеҳра Нурматова сингари устозларнинг бой тажрибаси ёш кадрларга ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Илм масканида ўтказилаётган конференциялар, семинарлар ёшларнинг билим кўникмаларини янада бойитишга хизмат қилмоқда, – дейди коллежнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилбар Турсунова.

Яна ўқинг:  Обод диёрнинг бахтиёр боласиман

Билим даргоҳида турли фан ҳамда спорт тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Илм масканида яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланаётган йигит-қизлар нафақат фан олимпиадалари, балки спорт соҳасида ҳам кўплаб муваффақиятларни қўлга киритмоқда. Ўтган йили ёшлар ўртасида спортнинг “Ўзбек жанг санъати” йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Муҳайё Ҳасанова 69 кг. вазнда I ўринни эгаллаган бўлса, Иброҳим Илҳомжонов Наманганда ўтказилган “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида эркин кураш бўйича II ўринни қўлга киритди. Жорий йилда спортнинг стол тенниси тури бўйича Тошкент шаҳар босқичида II ўринни эгаллаган Нурбек Худойқулов яна янги мусобақаларга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Айни вақтда таълим даргоҳида битирувчиларни ишга жойлаштириш борасида уч томонлама шартнома тузилган. “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг минтақавий темир йўл станциялари, мазкур компанияга қарашли бир қатор корхоналарда битирув амалиётини ўтаётган ёшлар келгусида ўз соҳасининг етук билимдони бўлиб, юртимиз бўйлаб “Афросиёб” каби тез юрар поездларда йўловчиларга малакали хизмат кўрсатишига асло шубҳа йўқ.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: