ҚАДИМИЙ САРЧАШМАЛАРНИНГ ЖАВОҲИРИ
2013 йилнинг Наврўзи… Мана у қаршингизда яна яшил этакларини назокат билан ҳилпиратиб, қиш бўйи баҳорга зориққан она заминни гулу чечакларга тўлдириб, дилларни яйратиб, димоққа ялпиз исларини уфуриб жилмайиб турибди. Бу ўша Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турки”да, Абу Бакр ал-Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарларида таъриф берилган Наврўз.
Бу ўша — Беруний ҳазратларининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ёзилишича, “Наврўз фаришталар улуғлаган кундир. Чунки, улар шу кунда яратилганлар.
Уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки, Қуёш ҳам шу кунда яратилган ва уни подшоҳлар ҳам улуғлаганлар, чунки, у замоннинг биринчи кунидир”. Яна бир афсонага кўра, ҳаракатсиз коинотни Тангри шу куни, айнан Қуёш Ҳамал буржига кирадиган соатда ҳаракатга келтирган. Бир неча минг йиллик тарихга эга Наврўз байрами авлод-аждодларимиз томонидан шарқона янги йил сифатида нишонлаб келинган. Инсон қалбининг табиат билан уйғунлашиб кетиши, боқий, миллий қадриятларимизнинг Наврўз билан абадий барҳаёт яшаб келаётгани, уни йўқотиб ташлашга бўлган уринишларнинг барчаси бесамар кетганлиги, халқ уни она заминга қут ва барокат олиб келувчи байрам деб билиши, Истиқлол йилларида умумхалқ байрами сифатида эълон қилиниши ва ҳар йили анъанавий тарзда нишонланиши, унинг ер юзидаги энг қадимий байрамлардан бири эканлиги кўнглимизда чексиз ифтихор туйғуларини уйғотади.
Бу йил ҳам қозонларда яна сумалаклар қайнай бошлади, демак элнинг мўл-кўл дуолари Наврўз нафаслари ила вобаста бўлиб кетади. Тошкент Тиббиёт академияси талабалари билан бўлган учрашувда уларнинг чеҳраларида Ҳамал қуёши балқийди. “Яхши китоб замон, макон ва вақтнинг ёзма уйғунлиги, – дейди талабалардан бири. Наврўз эса қадимий битиклардаги қалбимиздир”. “Биз кўчатлар экдик, дарахтларни оқладик, ариқларни тозаладик, хашар қилдик. Чунки, хашар Наврўзимиз бағрида сақланиб келаётган миллий удумларимиздан биридир”, – дейди яна бир талаба. Тошкент Тиббиёт академияси факультетлараро бўлиб ўтган миллий фольклор бадиий ҳаваскорлик кўрик-танлови эса ёшларнинг ушбу йўналишдаги чиқишларининг ўзига хослигини аниқлаш мезони бўлди. Тошкент Тиббиёт академияси бўйича маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Турдиқул Бобомуратов ёшлар маънавияти камолотида миллий байрамларимиз моҳиятини англамоқ – ўзлигимизни англамоқ эканлигини таъкидлаб ўтди.
2013 йилнинг Наврўзи… Бўстонлиқ. Сижжак қишлоғи. Тоғларнинг кафтидаги 43-мактаб. Қуёш нурида чўққидаги, тоғ бағридаги қорлар ярқираб ётибди. Бир-биридан ёқимтой мактаб ўқувчилари, қишлоқнинг улуғлари ҳовлида Тошкентдан келаётган азиз меҳмонларни икки қўли кўксида кутиб олишди. Ўзбекистон халқ артистлари Наимахон Пўлатова, Марям Ихтиёрова, Ўзбек Миллий академик драма театрининг истеъдодли актёри Шарофиддин Музропов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимидан таниқли шоир Ботир Эргашев, Ниҳол мукофоти совриндори хонанда Мирижод Миркомилов, “Шош наволари” ансамбли хонандалари Дилбар Назирова, Элдор Йўлдошев, Бўстонлиқ тумани Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулҳаё Акрамовалар даврага кириб келишаётганида жажжи кафтлар орасидан қарсак эмас, гўё каптарлар галаси учиб чўққиларга қўнгандек бўлди. Учрашув иштирокчиларининг энг жажжилари ҳали мактабга бормаган, каттакон қўғирчоғини маҳкам бағрига босиб, меҳмонларнинг чиқишларини ўта жиддийлик ва меҳр билан кузатаётган қизалоқлар… Тоғларнинг кафтидаги қишлоқда ҳам Наврўз яшил этакларини ҳилпиратиб рақсга тушади, шеърлар ўқийди, тоғларни маст қилиб қўшиқ айтади. Ҳамал буржига кирган қуёш чўққида бир нафас тўхтаб, унга маҳлиё бўлиб қолади. Даврада оппоқ ҳарир кўйлак кийган митти қизалоқ билан Наврўз рақсга тушади. Қизчанинг нозик бармоқлари ҳавода тўлғонади. Тоғ ҳавосида… Сижжак қишлоғида.. 43-мактабнинг ҳовлисида… Наврўз ва Истиқлол боласи ўйинга тушади. Ўзбекистон халқ артистлари Наимахон опа ва Марямхон опанинг ширали овози тоғларни ҳайратга солади. Дилбар ва Элдорнинг товушида қуёш чақнайди. Шарофиддин ўқиган ғазаллар сеҳри ҳаммани элтади — Ҳазрат Навоий, Бобур каби улуғлар гўё даврага келиб чашма сувларидай тиниқ болаларнинг бошини силайди, пешонасига лаб босади. Олдинги қаторда ўтирган онахонлар, отахонлар завқдан хушҳол тебранишади.
Дўппингни осмонга от,
Қирларда қувнаб югур.
Дарёда оқсин армон,
Қушлар билан суҳбат қур,
Ўзбекистон сеники.
Энди қўшиқ ва шеър тинглагани чўққиларнинг учига оппоқ булутлар келиб илинади. Наврўз… Куннинг бўйи билан сочини тенглаштирган соҳира қўллари қадоқ оналаримизни, оппоқ соқолли Хизирсифат қарияларимизни даврага чорлайди. “Мен келдим, сизларни соғиниб келдим ғаниматларим. Мен сизлар билан биргаман, мен сизларда яшайман, дейди у. Чирчиқ дарёсининг сирли шовиллашларига “Лазги”нинг ўйноқи оҳанглари сингиб кетади. Тоғ кафтидаги мўъжаз қишлоқнинг онахонлари, отахонлари шиддат билан “Лазги”га ўйнайдилар. Кафтлар орасидан яна кабутарлар дувва учади. Самони тўлдиради. Қанотларига тилла сувлари ила “Хуш келдинг, Наврўзи олам” деган сеҳрли, фақат дил кўзлари ўқий оладиган сўзлар ёзилган.
2013 йилнинг Наврўзи… Қибрай тумани.. Касб-ҳунар коллежи талабаларини йўқлагани Наврўз боради. Улар юрт корига ўзларининг касби билан ярайдиган ёшлар.. Истиқлол ёшлари…
Навоийни кўзга сур,
Булбул ўпсин тилингдан.
Бу дунё ўтаверсин
Ўзбек деган элингдан,
Ўзбекистон сеники.
“Қанийди, биз ҳам сизлардек ёш бўлиб қолсак эди, дейди меҳмонлардан бири. Биз доимо чакка ўтиб турадиган зах хоналарда ўқирдик. Қора чироқларда дарс тайёрлардик.. Бирор жойга кийиб бориш учун тузукроқ либос ҳам топилмас эди. Йигирманчи аср бошлари… 1936 йил даҳшатлари… Урушдан кейинги қийинчиликлар… У даврларни сизлар ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз, болаларим”. Даврага сукунат чўкади. Наврўзи олам бир нафасга ўтмишига қайтади. Ўша пайтларда у ҳам қораланган эди. Сал бўлмаса…
Талабалар халқ ардоқлаган инсонларнинг сўзини диққат билан эшитадилар. Тарих ёш ва навқирон хотираларга кириб боради. Зеро, муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Ўтмиш ва бугунни боғлайдиган Наврўз айёми каби олтин кўприкларимиздан ёшлар келажакка ўтиб борадилар. Ниҳол мукофоти совриндори Мирижод Миркомилов ўз қўшиқлари билан даврага файз киргизади. Иболи, навниҳол қизлар рақсга тушади. Наврўз қувончи қалбларни эгаллайди.
2013 йилнинг Наврўзи.. “Мухтасар қилиб айтганда, деб ёзади президент Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида – янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.
Шарифа САЛИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира