АНЪАНАВИЙ ТУРНИР

иҚтидорли болаларни саралайди

Кеча пойтахтимиздаги “Қушбеги” спорт мажмуасида стол тенниси бўйича “Соғлом авлод учун” кубоги учун ўтказилаётган XI ўсмирлар турнирининг республика босқичи мусобақаларига старт берилди.

Спорт – саломатлик гарови. У руҳнинг тетиклигини, таннинг саломатлигини таъминлайди. Табиийки, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясида спортнинг ўрни беқиёсдир. Шу сабабдан ёшларни спортга ошно қилиш, жисмоний тарбия билан фаол шуғулланишлари ва улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этиш мақсадида турли-туман мусобақалари ташкил этилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Республика стол тенниси федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан ўн икки ёшгача бўлган 56 нафар ўғил-қиз иштирок этмоқда.

Тадбирда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди раиси Светлана Инамова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда болаларни соғломлаштириш, уларни ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишга оид эзгу ишлар салмоғи ортиб, бу йўналишдаги шароит ва имкониятлар йил сайин кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Юртимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган.

Спорт тадбири дастлаб бадиий чиқиш билан бошланди. Бетакрор рақс ва акробатик чиқишлар тадбир иштирокчиларининг кўнглига байрамона шукуҳ бағишлади. Шундан сўнг мусобақаларига старт берилди. Иштирокчилар жуфтлик ва якка тартибдаги баҳсларда ўзаро беллашди.

– Бундай мусобақалар спортга бўлган қизиқишимизни янада оширади, олдимизга қўйган мақсадимизга эришишда куч-ғайрат бағишлайди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муҳриддин Ражабов. – Уч йилдан буён стол тенниси билан мунтазам шуғулланаман. Келгусида халқаро мусобақаларда она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш орзусидаман.

Юртимизда стол тенниси Федерациясининг 118 та бўлими мавжуд. Спортнинг мазкур тури билан республикамизда 14 минг нафардан ортиқ бола шуғулланади ва уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри спортчилари халқаро турнир ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқдалар.

Яна ўқинг:  ДУНЁ КЕНГ, АММО УНИ ХАСТАЛИК КЎЗГА ТОР ҚИЛАДИ

– Спорт инсоннинг иродасини тоблайди, ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб, унга эришиш йўлида барча қийинчилик ва машаққатларни енгишга ўргатади, – дейди Сирдарё вилояти терма жамоаси мураббийи Дилрабо Умрқулова. – Айни вақтда мамлакатимизда спортнинг барча соҳаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрлик эса кишига ўз ишидан фахрланиш ва фақат ва фақат олдинга интилишга ундайди. Шу билан бир қаторда спортчиларда ҳам ўзларига бўлган масъулиятнинг ортишига ёрдам беради. Бугун ташкил этилган баҳсларда иштирок этаётган шогирдларимга мазкур беллашувлар келажакда халқаро миқёсдаги мусобақалардаги ғалабалар учун пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Амалга оширилаётган бундай изчил ишлар туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб, улар эришаётган ютуқлар салмоғи муттасил ортмоқда.

“Соғлом авлод учун” кубоги доирасида бўлиб ўтаётган мусобақалар бугун ўз ниҳоясига етади.

Н. НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: