ҒИЛОН – БЕТАКРОР ЮРТНИНГ БЕБАҲО МАНЗИЛИ
Қуёш заррин нурларини сочиб тўймайди. Айниқса, у пурвиқор чўққига тирсагини тираб турганида бизга жуда яқин эканини ҳис этамиз. Руҳимиз табиатнинг улуғвор мўъжизаларидан қувват олади. Беихтиёр, ярим тунда қишлоққа чиқиб борганимизда ҳамроҳларимиздан бирининг ҳазиломуз сўзларини эслайман: “Юлдузлар ҳам минг метрлар пастда қолиб кетдиёв”…
Дарҳақиқат, Ҳисор тоғлари бағрида ястанган Ғилон қишлоғи денгиз сатҳидан 2 минг 223 метр баландликда жойлашган. Йил ўн икки ой эримайдиган қорли чўққилар, ям-яшил адирлар пойидаги сўлим манзил ўзининг гўзал табиати, зилол сувлари, тилни ёрар мева-ю сабзавотлари, айниқса, меҳмондўст, аҳил ва самимий одамлари билан янада улуғвор туюлади.
Айни саратон бўлишига қарамай баҳорий насим этни жунжиктиради. Қизғиш тусга кирган олчалар офтоб нурида товланади. Оллана бошлаган гилослардан татишга чоғланамиз. Тишимиз қамашади. Шаҳарда аллақачон ҳазм бўлиб улгурган меваларнинг бу ерда энди шира боғлаётганидан ҳайратланасан, киши. Тонгданоқ сайрга ошиқамиз.
Билимга иштиёқманд, табиатга ҳавасманд инсон борки, Ғилоннинг таърифини эшитиб, қалбида ушбу манзилда бўлиш истагини тугади.
Маҳалла раиси Ҳақназар ака Ниёзов саёҳатга бош-қош бўлади:
– Саёҳат аввалида Абдуҳалим бобонинг хонадонларига бир кириб ўтамиз, – деди Ҳақназар ака, – у киши дуогўйимиз – маърифатли, пиру бадавлат отахон.
Ям-яшил боғ оралаб Абдуҳалим бобонинг ораста хонадонига бордек. Одмигина уйларнинг бирида қимтинибгина қўним топдик. Кўп ҳаялламай, бошида ироқи дўпписи нуроний чеҳрасига ярашган, илиқ табассуми, нигоҳидаги майинлик самимий суҳбатга чорлаб турган бобо эшик ҳатлаб кирди, барча билан бир-бир сўрашиб пойгакда чўккалади.
– Мен бир тоғлик қўшчи одамман, ҳол сўраб келибсиз, бошим кўкка етди, – камтаринлик ва сокинлик билан сўз очади отахон. – Тинч ва осойишта кунлардан баҳраманд бўлиб шу улуғ ёшда эл-юртнинг, сизларнинг дуойингизни қилиб ўтирибмиз. Шу кунларга етказганига шукр…, – бобо бироз ўйга толиб, диққатини жамлаб гапида давом этади. – Ўзим учун бир саволга хулоса ясадим: Мустақиллик сўзи нима? Бу сўзнинг ҳарфларини бир жойга териб ўйладим… Президентимиз Ислом Каримовнинг бир сўзини китобидан ёд олдим: “Халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни асраб авайлаш…” менимча шу сўзларнинг замирада мустақиллик нафаси бор. Мустақиллик, аввало, маънавий қадриятимиз – муқаддас динимизни, тарихимизни, буюк бобокалонларимизнинг улкан меросини қайта тиклади. Собиқ тузум даврида топталган иззатимиз, назарга илинмаган тарихий обидаларимиз таъмирланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди, бир сўз билан ўзимизни, ўзлигимизни англадик…
Мамлакатимизнинг олис қишлоғида умргузаронлик қилаётган кекса отахоннинг илму зиёси, дунёқараши, тафаккури қалбимиздаги ҳайратни алангалатди. Бобо Ғилон қишлоғининг келиб чиқиши, унинг номи қандай маъно касб этиши борасида ҳам узоқ тўхталди:
– Қишлоқнинг минг йилдан зиёдроқ тарихи бор. Ғилон сўзи икки хил маъно касб этади, араб алифбосида “ғилон” ва “ғайлон” сўзи бир хил шаклда ёзилади, шу боис ғайлон – жамлаш маъносида, бу қишлоқ аҳлининг қадимдан олими ҳам, ҳунармандлари ҳам ўзидан чиққанига урғу беради. Ғилон сўзи эса форсчада кўчки, бўшлиқ маъноларини англатади.
Абдуҳалим ота мумтоз адабиёт билимдони ҳам экан, у кишининг рубоийни ёд айтиши ва сўзма-сўз шарҳ келтириши бир ҳайратимизга ўн ҳайрат қўшди…
Бобонинг уйидан чиқиб Ҳақназар ака етовида қишлоқ аҳлини беҳад қувонтирган улкан қурилиш майдонига йўналдик.
– Мана, бу мактаб биноси, – дейди Ҳақназар Ниёзов ифтихор билан. – 480 нафар ўқувчи таълим олиши учун мўлжалланган. Замонанинг созлигини қаранг, Шаҳрисабз шаҳридан саксон километр узоқликда, тоғ бағридаги олис қишлоқда шундай бунёдкорлик ишлари кимнинг тушига кирибди, дейсиз. Бундан кўзланган мақсад битта: жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир ҳудуди гўзал ва замонавий қиёфага эга бўлиши керак, ҳар бир боласи мукаммал билим олиши зарур. Ахир, қишлоғимиздан эртага спорт усталари, халқаро танловлар ғолиблари чиқса фахрланмаймизми?! Юртдан, юртдошлардан фахрланиш тушунчаси қалбимизда ватанпарварликни шакллантиради-да. Қолаверса, музаффар ёшлар келажак авлодга ҳам ўрнак бўлади. Қишлоғимиздан кўплаб ёшлар мамлакатимизнинг марказий шаҳарларидаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим оляпти. Улар кун келиб Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилади.
Қишлоқда айни вақтда иккита умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 800 нафарга яқин ўқувчига таълим-тарбия берилади. Ҳудудда таълим ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади. 82-умумтаълим мактабининг замонавий биноси эса энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига қишлоқ аҳли учун муносиб совға бўлади.
Ғилон Сурхи тепалигидан кафтдек кўринади. Бир-бирига елка тутган ҳовлисиз қалама уйлар бир бош узумдек кўзга ташланадиган эски қишлоқ ажиб манзара касб этади.
Қишлоқда 1 минг 400 дан ортиқ оилада 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 150 нафардан зиёд 80-100 ёшли бобо-ю момолар юртнинг, фарзанду набираларнинг эъзозу эҳтиромидан баҳраманд яшаётир.
Аҳоли асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланар экан. Қишлоқ кўчаларини айланар эканмиз, ҳовлиларда замонавий кўринишдаги уй-жойлар барпо этилаётганига кўзимиз тушади. Энг асосийси ғилонликларнинг барчаси меҳнатсевар, касбу корни яхши эгаллаган, темирчиси ҳам, таъмирчиси ҳам, дурадгору қурувчиси ҳам ўзларидан… Ҳамма бир-бирига таянч, эл иши – ҳашарда ҳамиша фаол.
Халқимиз азалдан аҳил-иноқлиги билан ном қозонган. Бу хислат бир неча минг йиллик қадриятларимиз сирасига киради. Ғилон кўчаларини сайр этарканмиз, бунга яна бир бор амин бўлдик. Кишиларнинг бир-бирига ўзаро ишончи, меҳр-оқибати бизни ҳайратлантирди. Қўшнилар ўртасида девор йўқлиги, бирор хонадонда дарвоза ўрнатилмагани диққатимизни тортди. – Шундай кўркам кошоналарни қурган аҳоли нега ҳовлисини девор билан ўрамаган?
Ҳақназар ака эса мийиғида кулиб қўяди: – Ажабланманг, бу юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг осойишта турмушидан дарак эмасми?! Қолаверса, қишлоқдошларнинг бир-бирига ишончи мустаҳкам. Молимиз ҳам, жонимиз ҳам бир. Шундай экан, девор қуриб, ўртага шубҳа оралашига ҳожат йўқ. Ахир, аҳиллик ишонч устида қурилмайдими?!
Берган саволимиздан ўзимиз мулзам бўлдик. Бир тарафи, ҳали ҳам қадрдон урф-одатларимизга содиқ кишилар борлигидан севинамиз. Яна атрофга, табиат гўзаллигига маҳлиё бўламиз. Машина олд ойнасидан кираётган салқин шабада танимизга тетиклик бағишлайди. Йўл бўйидаги булоқларнинг бирига тўхтаб чанқоғимизни қондиришга чоғланамиз. Тошлар орасидан сизиб чиқаётган зилол сувга ҳовучимизни ботирамиз. Унинг муздай ҳарорати сувни тўйиб сипқоришга йўл қўймайди. Уч-тўрт ҳўпламнинг ўзида оби-ҳаётнинг ширин таъми оғзимизда қолади.
Йўл-йўлакай ҳамроҳимиз билан зилол сувнинг мазасини таърифлашдан чарчамаймиз. Раис эса бундай булоқлар Ғилонда юзлаб топилиши, аҳоли бирдамлик билан қувурлар орқали ўз хонадонигача сув олиб кирганини айтади: – Ҳув, анови чўққининг ҳар тарафидан сув сизиб чиқади, – дейди у кўринишидан бош кийим – бўркка ўхшаш улкан чўққига диққатимизни қаратаркан. – Номи “Умохона”. “Умо” эски форс тилидан олинган, сув деган маънони беради.
Шарқираб оқаётган улкан сойдаги зилол сувда сакраётган томчилар қуёшда олмос доначаларидек товланади. Атрофидаги дов-дарахтлар, ям-яшил ўсимликлар ўзига хос манзара касб этади. Аҳён-аҳёнда сойдан “қулоқ очиб” йўналган ариқлар ва ариқ устида бунёд этилган кичкина томларга кўзингиз тушади. Бу кичик ГЭСлар аҳолининг электр токига бўлган эҳтиёжига хизмат қилади. Иншоотларнинг ҳар бири 20-30 оилага электр токи етказиб беради.
–Ҳаммаси мустақиллик шарофатидан, – дейди Ҳақназар Ниёзов. – Истиқлолга эришгач халқимиз дунёга юз тутди, дунёқарашимиз буткул ўзгарди. Олдинлари бундай ГЭСлар қуриш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Қаранг, йигирма тўрт йиллик юксалиш даврида одамларнинг савияси, фикрлаш доираси кенгайди. Тадбирли, шижоатли халқ эканимизни исботлай олдик. Ана шу кичик электр иншоотлари ҳам кенг ўйли кишиларнинг илми маҳсулидир. Албатта, буни ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, сансалорликка йўл қўймасдан аҳиллик билан амалга оширдик. Шундай тинч ва осойишта юртда аҳил-иноқ яшамаслик – ношукрликдир.
Ғилонда қурилиш учун зарур ҳисобланган ёғоч ва тахталар маҳаллий маҳсулотга айланиб улгурган. Дара-ю, қияликларда беҳисоб тераклар виқор билан осмонга бўй чўзиб турибди. Тоғ ёнбағирларидаги боғларда олма-ю ноклар шиғил мевасини кўтаролмай бош эгган. Айтганча, ғилонликлар картошка етиштиришнинг ҳадисини олган. Қумлоқ ерлардан экин учун жой очиб етиштирган картошка маҳсулотининг харидори кўплаб топилади. Бир пайтлар марказдан узилиб қолган, “аравасини ўзи тортган” ғилонликлар ҳаётига ҳам истиқлол сабаб тараққиёт эпкини кириб борган, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш жадал ривожланган, тўйхона, бозор, замонавий қиёфадаги дўконлар қад ростлаган.
Ғилонга туннинг қоронғусида йўл босиб келган эдик. Қулоғимиз билан шовуллаган дарёнинг шовқинини, димоғимиз билан хушбўй гиёҳларнинг ифорини, оромбахш шабадани ҳис қилган бўлсакда, нигоҳимиз билан чексиз тоғларнинг манзарасини англамаган эдик. Шу боис қайтиш учун тонготарда йўлга тушдик. Оқдарёнинг гоҳ ўнг, гоҳ сўл қирғоғида ҳудди моҳир наққош томонидан ишлов берилгандек баланд ва тик қоялар бизни кузатиб борарди. Ортимизда эса пурвиқор тоғлар, алп чўққилар мағрур кузатаётгандек кўринади. Гўё улар ғилонликларнинг ифтихори, тоғ одамларининг иродаси, меҳр-оқибатининг, инсоний фазилатларининг рамзидек тобора кўкка бўй чўзарди. Машинадан тушиб, қалбимиздаги барча завқ-шавқимизни бир ибора билан изҳор қилгимиз, шу алп қоялар салтанатида туриб бор овозимизда ҳайқириб айтгимиз келди: “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!”
Фахриддин Ҳайитов,
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбирлари