ШОДИЁНА БУГУН

Баҳор яшариш ва янгиланиш фасли. Айнан шу фаслда бутун табиат, уйғонади, янгидан яшнайди. Бу фасл бошқаларидан ўзининг фусункор байрамлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Кун ва тун тенглашадиган сана, Шарқона янги йил мақоми билан ҳам улуғланиб келинадиган Наврўз айнан ана шундай байрамдир.

Бу фақатгина инсонларнинг эмас балки бутун табиатнинг байрамидир. Зеро, шу кундан бошлаб табиат ҳам узлуксиз ҳаракатга киришади. Узоқ қишдан сўнг кўкда қуёш ўзининг заррин нурларини беминнат ёғдира бошлайди.

Бир неча минг йиллик тарихга эга ушбу байрамда инсон ва табиат ўртасидаги муштараклик, деҳқончилик мавсумининг бошланиши ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам бу байрам боқий қадрият, миллий маросим сифатида асрлар оша яшаб келмоқда. Зеро, Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, “Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодасидир.”

Дарҳақиқат, Наврўз байрами қадимий анъана ва урф одатларимиз, меҳр-оқибат ва саховат каби юксак инсоний фазилатларни ўзида намоён этади. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг Президентимиз томонидан миллий ўзликни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклашга қаратилган юксак эътибор сабабли Наврўз юртимизда умумхалқ байрами деб эълон қилинди ва ҳар йили анъанавий тарзда нишонланиб келинмоқда.

Миллий қадриятимизга айланган Наврўз байрамида кўплаб урф одатларимиз, қадриятларимизни ўзида мужассам этган турли хил сайллар, халқ ўйинлари ўтказилади. Ушбу маросимлар ўз-ўзидан инсонларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга, бир бириини эъзозлашга ундайди.

Келажагимиз бўлган ёшларни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб тарбия­лашда, шубҳасиз Наврўз байрамининг ҳам ўрни бор. Зеро, Наврўз билан боғлиқ “Сумалак сайли”, “Гул сайли”, “Лола сайли”, кураш, кўпкари каби кўплаб миллий ўйинлар, фольклор асарлар ёшларни миллий ҳамда умумбашарий ғоялар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Орасталик ва озодалик азалдан халқимизга хос фазилатлардан бири бўлиб келган. Шу сабабдан ҳар йили Наврўз байрами арафасида мамлакатимизда умумхалқ хашари ташкил этилиб, шу куни маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар-жойлари ободонлаштирилади, ариқ-зовурлар тозаланади, зиёратгоҳ, қабристон ҳамда табаррук қадамжолар тартибга келтирилади.

Аждодларимиз азалдан боқувчисини йўқотган, бева-бечора, хаста ва муҳтож кишиларга меҳр-мурувват, саховат кўрсатишни ўзининг шарафли бурчи, деб билган. Бундай файз­ли ва кўтаринки кунларда савобли ишлар жонланиб, меҳр оқибат, ишонч ришталари янада мустаҳкамланади.

Яна ўқинг:  БУХОРОДА ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ

Ҳа, бугун юртимизда, унинг узоқ-яқин шаҳар ва қишлоқларида, барча гўшаларда Наврўз сайли, шодиёналар давом этмоқда.

Озод ва обод юртимизга хуш келдинг, уйғониш, яшариш, янгиланиш ва меҳр-оқибат айёми!

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: