Тустовуқ маккажўхорини ҳашаротлардан ҳимоялайди
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Тўраев Толиб Тўраевич номли фермер хўжалигида 2016-йили ўтказилган “Ёш олимлар академик ҳаракатчанлиги” танловида биринчи ўринга лойиқ деб топилган “Пахта комплексида бегона ўтларга ялпи таъсир этувчи гербитсид қўллаш агротехнологиясини такомиллаштириш” мавзудаги лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Илмий-тадқиқот дастурига асосан кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг анғизига бегона ўтларга ялпи таъсир этувчи “Спрут” экстра гербитсидининг турли меъёрлари қўлланиб, такрорий экинлар сифатида маккажўхорининг “Қорасув-350” дурагайи экилди.
Ёзнинг биринчи ярмида тажриба майдонига қўшни далада асосий экин сифатида маккажўхорининг “Қорасув-350” дурагайи этиштирилган эди.
Ушбу далаларда аввал учрамаган тустовуқ (қирғовул) баҳор кезларидаёқ маккажўхори даласида пайдо бўлди ва кечалари баланд овозда сайрай бошлади. Тустовуқнинг жарангдор ва ёқимли овозига маҳлиё бўлган фермер ва унинг аъзолари ноёб қушни эъзозлаб қўриқлай бошлашди.
Натижада, тустовуқлар бу ерда ҳатто тухум қўйиб, жўжалари кўпая бошлади. Орадан бироз вақт ўтгач, кузги буғдой анғизига такрорий экин сифатида экилган маккажўхори даласида тустовуқлар анча кўпайиб қолди.
Баҳорда маккажўхори асосий экин сифатида экилган пайт Блюгер деб аталувчи ҳашарот кўпайиб, фермерни жуда ташвишга солиб қўйган эди. Ушбу ҳашаротга қарши кимёвий восита қўлланишига ҳам қарамай, уни бартараф этишнинг имкони бўлмади.
Маккажўхорида сўта шаклланиши даврида далада тустовуқ пайдо бўлгандан кейин Блюгер қуртининг кескин камайиб кетиши кузатилди ва 60 с/га дон ҳосили ва 450 с/га кўкат масса олишга эришилди.
Биз Блюгер ҳашароти маккажўхори учун жуда хавфли эканини олдиндан билар эдик. Ушбу ҳашарот кундуз кунлари маккажўхори танасидан ерга тушиб, тупроққа кўмилиб олади ва кечалари маккажўхорининг ердан устки қисмига зарар етказади. Шу сабабли ҳам бундай шароитда товуқ ва бошқа паррандалар кундуз кунлари маккажўхори ўсаётган дала тупроқларини титкилаб, Блюгер ҳашароти қурти билан озиқланади. Блюгер қурти паррандалар учун хушхўр озиқ эканлиги учун ҳам маккажўхори билан тажриба ўтказилаётган далада товуқ боқишни режалаштирган эдик. Бироқ дала атрофида шоқол кўплиги сабабли бу имконият ҳам чегараланганлиги маълум бўлиб, дала тажрибаларимиз сифатли бажарилишида муаммо юзага келган эди. Бироқ тустовуқлар туфайли дала тажрибаларимиз кўнгилдагидек ўтди.
Фермер хўжалиги даласидаги тустовуқлар нафақат маккажўхорининг Блюгер ҳашаротига, балки бошқа ҳашаротларга ҳам қирон келтиргани боис, фермер хўжалигида ўзига хос табиий қўриқхона юзага келмоқда. Энди фермер хўжалигига кимёвий воситалар унча керак бўлмайди.
Фермер хўжалиги даласида тустовуқлардан ташқари бедана ва бошқа сайроқи қушлар билан бирга бошқа жонзотлар ҳам тобора кўпайиб бораётганлигининг гувоҳи бўласиз. Чунки ўсимликшунослик ва чорвачилик маҳсулотлари этиштириш билан боғлиқ экологик вазиятни соғломлаштириш фермернинг асосий мақсадларидан бирига айланган.
Д. БОТИРОВА