Ҳунарли хор бўлмас

Комила болалигидан дизайнерлик касбига қизиқади. Аёллар, болалар учун мўлжалланган либосларнинг эскизларини тайёрлаш унинг учун қийин эмас. Фарзандининг бу қобилиятини сезган онаси унга Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежида ўқишни маслаҳат берди.

– Коллежда дизайнерлик ва тикувчилик сир-синоатларини ўзлаштирмоқдаман, – дейди Комила. – Инглиз тили, спорт тўгаракларига ҳам мунтазам қатнашаман. “Иқтидорли болалар” танловига тайёргарлик кўрмоқдаман. Ўқишни битириб, банк кредити асосида ўз тикув цехимни ишга тушириш ниятидаман.

Таълим масканида дизайнер, ландшафт дизайнери, кенг ассортиментдаги кийимлар конструктори, сартарошлик ва декоратив косметика устаси, ошпазлик каби  йўналишлар бўйича мингдан ортиқ йигит-қиз таҳсил олмоқда. Жорий йилда мазкур даргоҳни тўрт юзга яқин битирувчи тамомлайди. Бу ерда ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, янги педагогик технологияларни ўқув жараёнига жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир.

Лаборатория, ишлаб чиқариш устахоналари, спорт зали, замонавий технологиялар билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази ёшларнинг касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, ҳар томонлама соғлом улғайиши учун кенг имконият яратмоқда. Мультимедиа, компьютер ва лингафон хоналари ёшлар ихтиёрида, фанлар бўйича тўгараклар ташкил этилган.

Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган иккинчи ва учинчи курс ўқувчиларининг аксарияти йирик корхона ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномалар имзолаган. Битирувчилар орасида банклардан имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги йигит-қизлар ҳам анчагина.

– Ёшларнинг юрт корига ярайдиган, фидойи бўлиб камол топишида касб-ҳунар коллежларининг ўрни катта, – дейди коллеж директори Нодир Икромов. – Коллежимизнинг иқтидорли ёшлари “Қўли гул ошпаз”, “Ишбилармон талаба”, “Моҳир дизайнер” каби кўрик-танловларда  қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Таълим соҳасига ижтимоий шерикликни ривожлантириш амалиётининг кенг татбиқ этилаётгани ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Ўқувчилар ўртасида бир неча бор сўровнома ўтказилиб, келажакдаги режалари ўрганилди. Унга кўра, йигирмадан ортиқ битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирди. Уларнинг бизнес-режалари кўриб чиқилиб, истиқболли деб топилганлари имтиёзли кредит олиш учун тавсия қилинди. Масалан, ўқувчимиз Азизжон Ниғматов  ўз бизнесини бошлаши учун беш миллион сўм имтиёзли кредитга эга бўлди.

Бугун юртимизда зукко, билимли ёшларга ўз истеъдодини намоён этиши учун қулай шарт-шароит яратилган. Буларнинг барчаси жисмонан ва маънан етук, истеъдодли, мустақил фикрлайдиган инсонларни тарбиялашдек эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.

Яна ўқинг:  ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – УЗОҚ УМР КАФОЛАТИ

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,

ЎзА мухбири 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: