Йилнинг асосий экологик ва муҳим маданий воқеаси

Яқинда Халқаро бизнес маркази мажлислар залида Трансмиллий сериялар номинатсиясига “Ғарбий Тян-Шан”ни (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритиш бўйича тантанали сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва Ўзбекистондаги ЮНЕСКОнинг Миллий ишлар бўйича комиссияси томонидан ташкил этилди.

Унда, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Ташқи ишлар вазирликлари, ЎзР Фанлар академияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи маъмурияти, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик корпус ходимлари, ЮНЕСКО, ОБСЕ вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни табрик сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов очди.

 

Криста Пиккат, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили:

– “Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш” Конвенсиясидан кўзланган асосий мақсад – нодир ёдгорликлар маданияти ва табиий обектларни муҳофаза қилишда бутунжаҳон ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг дунёдаги барча халқлар учун қанчалик муҳим аҳамиятга эгалиги, маънавий озуқа эканлигини тарғиб этишдан иборатлигини таъкидлаб ўтди.

2016-йилнинг 17-июлида Истамбул шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мерос бўйича қўмитасининг 40 сессияси қарорига мувофиқ, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларини қамраб олган Тян-Шан тоғ тизмасининг марказий-осиё қисми “Ғарбий Тян-Шан”нинг трансчегаравий обекти сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистондан Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғига кирувчи Бошқизилсой ва Майдонтол қўриқхона ҳудудлари бор. “Ғарбий Тян-Шаннинг Чотқол тоғлари” ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси обекти номинатсияси, Ўзбекистонда бутунжаҳон мерос обекти мақомини олган илк табиий обект ҳисобланади.

 

Олимжон ҚАҲҲОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Давбионазорат” инспексияси бўлими бошлиғи:

– Миллий боғни ташкил қилишнинг бош мақсадларидан бири – йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган эталон арчазор ва экотизимларни ҳамда мазкур ҳудудда мавжуд бўлган фаунани сақлаш ва муҳофаза қилишдан иборат.

Чотқол қўриқхонаси ўзининг бой ва ранг-баранг ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси, гўзал ландшафтлари билан машҳур. Бу ерда кўплаб ноёб ўсимлик турлари ва жониворлар учрайди. Қўриқхона ҳудудида 1060 та ўсимлик тури, 168 тур қушлар, 32 тур ҳайвонлар мавжуд. Унинг мақсади Ғарбий Тян-Шан тоғи экотизимларини сақлаш ва атроф-муҳитнинг мониторингини олиб боришдан иборат.

Яна ўқинг:  Байрам совғалари кўнгилларни хушнуд этди

Қўриқхона ҳайвонот оламига ҳам бой. Ҳудуд узра парвоз этаётган турфа қушларнинг галаси, уларнинг ёқимли хониши кишини мафтун этади. Маълум бўлишича, бу ерда қушларнинг 200, сут эмизувчиларнинг 33, судралиб юрувчиларнинг 11, балиқларнинг 4 та тури бор. Кўк суғур, яъни мензбир суғури ҳам ўзининг ноёблиги билан ажралиб туради. Мазкур ҳайвон қўриқхонанинг денгиз сатҳидан 2200-3600 м баландликда жойлашган Қизилнура ҳудудининг намли жойлари, соз тупроқли қорликларга яқин, тош қояларнинг этакларида яшайди. Кузатувчиларнинг айтишича, мензбир суғури фаол оила бўлиб ҳаёт кечиради, колониялар ҳосил қилади, ўз уяларига беркиниб яшайди. Бундан ташқари, бу ерда умуртқасиз ҳайвонларнинг 1000 туридан ортиқроғи ҳаёт кечиради. Бургут, тасқара, оқбош қумай, илонхўр бургут ва қарчиғай каби йиртқич қушлар ҳам мазкур қўриқхонанинг ноёб жонзотларидандир.

Шунингдек, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи тарихий қимматга эгалиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тераклисой тошлоқ қирғоқларидаги денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда эрамиздан аввалги 1-2 минг йилликлардаги тошга битилган қадимий расм (петроглиф)лар, Ревашти – Қорабузоқсой дарёларининг бўлиниш жойида бронза буюмлар ҳамда қалъа қолдиқлари қўриқхонанинг бебаҳо бойлиги саналади.

Эргаш Саримсоқов, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармаси бош директори ўринбосари:

– Миллий боғнинг функсионал зоналарга бўлиниши табиий мажмуанинг ҳолати ва сақланиб қолинганлиги ҳамда ландшафтнинг ўзига хослиги мазкур зоналар ҳудудларини муҳофаза қилишнинг турли режимини ўрнатиш ва улардан оқилона ва барқарор фойдаланишга имкон яратади.

Миллий боғнинг ҳудуди қуйидаги функсионал зоналарга бўлинган: 1) қўриқхона зонаси. Унга Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси киради. 2) чегара зонаси ва чегара чизиғи (полосаси). 3) рекреатсия ва хўжалик мақсадларида бошқарилган ҳолда фойдаланиладиган табиий ва қайта тикланадиган ландшафтлар зонаси. Мазкур зонада бузилган табиий комплексларни, давлатнинг табиат, тарихий ва маданий ёдгорликларини сақлаш ва қайта тиклаш, туризм ва экскурсияларни ташкил қилиш ва табиатга зарар етказмайдиган хўжалик фаолиятини юритиш учун шароитлар яратиш. 4) фаол рекреатсия зонаси. Мазкур зона дам олиш пансионатлари, болалар соғломлаштириш комплекслари, туристик база ва санаториялар ҳудудларидан иборат.

Давлатимиз томонидан ўсимлик ва ҳайвонлар дунёсининг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турларини сақлаб қолиш учун комплекс чора-тадбирлар қабул қилинган. Қўриқхона ҳудудида биологик хилма-хилликнинг ҳолати ва ундан барқарор фойдаланиш ва муҳофаза қилиш борасида тегишли қарор қабул қилиш учун тўлиқ маълумотларни тўплаш мақсадида мунтазам равишда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб борилади.

Яна ўқинг:  Боксчиларимиз биринчи

Қўриқхона жаҳоннинг кўплаб муҳофазадаги муассасалари, илмий текшириш институтларининг қатор олимлари билан мунтазам равишда алоқа ўрнатиб боради. Илмий бўлим ходимлари турли миқёсдаги илмий-амалий семинарлар, конференсиялар ва симпозиумларда иштирок этиб, соҳадаги янгиликлар борасида фикр алмашиб, юзага келаётган муаммолар ечимини излашади. Ҳозирда ҳам илмий бўлим ходимлари табиат бойликларини асрашга доир бир неча мавзулар бўйича кузатишлар олиб боришмоқда.

Мамлакатимиз яқин келажакда Сармишсойда тошга битилган қадимий расмлар, Шоҳимардон, Зомин, Ҳисор тоғлари ва Бойсун қўриқхонасини Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритишни ҳам режалаштирган.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Ғарбий Тян-Шан” ҳужжатли филми ҳам намойиш этилди.

Трансмиллий сериялар номинатсиясига “Ғарбий Тян-Шан”ни (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мероси рўйхатига киритиш борасидаги сертификат Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасига тантанали равишда топширилди.

 

Анвар ШЕРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати

 

Манба: uznature.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: