Хива оҳанрабоси дунё сайёҳларини чорламоқда

Туризм соҳаси кўпгина давлатларда мамлакат иқтисодиётининг истиқболини белгилаётган муҳим йўналишлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон ҳам ўзининг бой меросига эгалиги билан хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимизда сайёҳларга бу йўналишда кўрсатилаётган хизматлар даражасининг кундан-кунга юксалаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Айниқса, юрт тарихига дахлдор меъморий обидаларнинг ранг-баранг ва бетакрорлиги, халқ амалий санъатининг беназирлиги намойиши ва бошқа кўпгина дастурларнинг намойиш қилинаётгани меҳмонларда катта таассурот қолдиряпти.

ХИВА – ШАРҚ ГАВҲАРИ

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2012 йил 18 июндаги “Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, туристик хизматлар экспортини ошириш” тўғрисидаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги Хива “Ичанқалъа” Давлат музей-қўриқхонасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда музей қўриқхонаси томонидан маҳаллий тадбиркорлар кўмагида кенг кўламли реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қутлуғмурод Иноқ мадрасаси олдидаги 22 та ҳунармандчилик расталарига миллий русумдаги эшиклар ўрнатилди, сайёҳларнинг ҳордиқ чиқариши учун ўриндиқлар ўрнатилди. Тунги ёритиш тармоқлари тўлиқ реконструкция қилинди. Хивага ташриф буюрган сайёҳларнинг кечки дам олиш соатларини мазмунли ўтказиш мақсадида бунёд қилинган кинотеатр тўлиқ таъмирланди. Ўзбек киносининг ноёб дурдоналари бўлмиш “Алишер Навоий”, “Фар­ҳод ва Ширин”, “Шум бола”, “Ўтган кунлар”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Насриддин Афанди”, “Мафтунингман” сингари фильм­лар инглиз тилида субтитр билан намойиш қилинмоқда. Бу сайёҳлар учун дастурларнинг ранг-баранглигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этяпти.

Маълумки, маданий-маънавий мероснинг кўплиги, бой ва ранг-баранглиги билан Ўзбекистон дунёда етакчи ўринлардан бирида туради. Шу жиҳати билан ҳам юртимиз хорижий сайёҳлик фирмалари ва туристларнинг эътиборини жалб этмоқда.

Қози Калон мадрасаси, Кўҳна Арк, Қадимги Хоразм музейи ва Тошҳовли саройларида таъмирлаш ишлари якунига етди. Полвон Қори савдо уйида ахборот маркази очилиб, зарур техника асбоблари билан тўлиқ таъминланди.

Япониялик олим Кинжи Оно, фотограф Жин Акино ва музей қўриқхона бўлим мудири Дилмурод Бобожонов, инглиз тили бўйича жамоатчи таржимон Муҳаммад Юнусов ҳамкорликда “Хоразм — “Буюк ипак йўли” чорраҳасидаги ўлка” мавзусида веб-сайт яратишди. Воҳада маҳаллий ва хорижий туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида шаҳарларнинг “Буюк ипак йўли”даги жойлашуви акс эттирилган мазкур http://dsr.nii.ac.jp/khiva/ сайтдан ўша давр тарихий ҳақиқатлари ўз ифодасини топган.

Яна ўқинг:  MADINANING OPPOQ ORZULARI

Оллақулихон мадрасаси ва Тошҳовли саройида фольклор-этнографик ансамбллариниг сайёҳларга кўрсатаётган маданий дас­турлари бетакрорлиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда. “Хива” фольклор-этнографик ансамбли, “Хива нақшлари” ашула ва рақс ансамбли, “Достон” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Сайқал” оилавий ансамбли, “Карнай-сурнайлар” гуруҳлари сайёҳларга маданий хизмат кўрсатишяпти.

Музей қўриқхонасида ҳар йили янги музей ва кўргазмаларнинг очилиши, Хиванинг ўзида янгидан барпо этилаётган меҳмонхоналарнинг ишга тушиши ва уларда сервис хизматларининг жаҳон андозаларига мослашиши сайёҳларга кўрсатилаётган хизматларнинг ранг-баранг ва бетакрорлигини таъминламоқда. Кейингги пайт­да кўҳна Хива шаҳрида бунёд қилинган “Осиё Хива”, “Хива Малика”, “Арқончи”, “Исоқ Хўжа”, “Шаҳризода”, “Ҳейвоҳ”, “Исломбек”, “Зафарбек”, “Мирзобошим”, “Ҳаёт”, “Лали опа”, “Юсуф Ясовулбоши” каби меҳмонхона ва ресторанларнинг ишга туширилиши эса сайёҳларнинг ташрифини кўпайтирди. Жумладан, 2011 йилда сайёҳларнинг умумий сони 714614 нафар бўлса, уларнинг 38346 нафарини хорижий сайёҳлар ташкил қилди. 2012 йилда эса сайёҳларнинг умумий сони 724680 нафарга етди. Уларнинг 42536 нафари хорижлик меҳмонлардан иборат бўлди. Кўрсатилаётган хизматларнинг намунали ва сифатли йўлга қўйилаётгани боис Хивага ташриф буюрувчи сайёҳлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

КЎЧМА КЎРГАЗМА

“Хива – шарқ гавҳари” кўчма кўргазмасининг ташкил қилинаётгани нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш кўламини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти. Ўтган давр мобайнида республикамизнинг Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларида ва Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Элликқалъа тумани музейларида кўчма кўргазма намойиш қилинди. Шунингдек, “Ичанқалъа” Давлат музей қўриқхонаси ҳар йили анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган халқаро туризм ярмаркасининг фаол иштирокчисига айланди. Сайёҳлик хизмати ва унинг салоҳиятини юксалтириш юзасидан тажрибалар янада мустаҳкамланмоқда.

Қўриқхона илмий ходимлари Комилжон Худойбергановнинг “Хива – дунёдаги энг кўҳна қалъа”, Болтабой Давлетовнинг “Хива хонлиги давлат бошқарув тарихидан”, Дилмурод Бобожоновнинг Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда испан, француз, италян ва немис тилларидаги “Хива – қадимги Хоразмнинг маркази” номли рисола ва китоблари, альбомлар, шунингдек, ҳамкорликда “Путешествие в Хорезм”, “Хоразм – “Буюк ипак йўли” чорраҳасидаги ўлка” мавзуларида экскурсия матнлари тайёрланди. “Хоразм Эпиграфикаси дурдоналари” номли китоб-альбом эса “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси билан биргаликда нашр­дан чиқарилди.

МУЗЕЙ ВА ЎҚУВЧИЛАР

Яна ўқинг:  Озод юрт одамлари

Музей илмий ходимлари мактаб ўқувчиларини кўпроқ музейларга жалб қилиш мақсадида Хива туманидаги ўрта мактаб ўқувчиларига, Миллий ҳунармандчилик иқтисодиёт коллежи талабаларига Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолияти, адабий меросини ёритиб берувчи амалиёт дарсларини ҳамда тарих, адабиёт, “Одобнома“, “Ватан туйғуси” фанларини кўргазмали тарзда музей экспозицияларида ташкил қилиб, 14 соат очиқ дарслар ва мавзувий экскурсиялар ўтказилди.

Хоразм телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Ёшлар овози“ дастури учун “Миллий қадриятлар“ мавзусида кўрсатувлар ва радио эшиттиришлар тайёрланди. Кўрсатувларда Кўҳна арк мажмуаси, Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Шерғозихон, Ислом Хўжа Паҳлавон Маҳмуд мадрасалари, Жума масжид, Боғбонли, Сайид Ниёз Шоликорбой масжидлари тўғрисида, кулолчилик, гиламчилик, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги, телпакдўзлик мавзуларида ранг-баранг кўрсатувлар намойиш қилинди. Ушбу кўрсатувлар орқали ёшларни шу азиз Ватанни севишга, унинг ҳар бир қаричини муқаддас сақлашга, тарихимиз, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизни улуғлашга ўргатилди. Яқинда Навоий вилояти ҳамда Урганч шаҳридаги лицейларнинг талабалари иштирокида “Жаҳон цивилизациясида Хоразмнинг роли” мавзусида тадбир ўтказилиб борилади. Тадбир иштирокчиларига Хоразм Маъмун академияси, “Ичанқалъа” Давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари Хоразмнинг қадимги тарихи ва афсоналари ҳақида ҳикоя қилдилар. Музей экспозицияларида турли мавзу ва йўналишларда экскурсиялар ўтказилди. Бу тадбир ҳар иккала вилоятлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

ҚИШЛОҚ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШ

Ёшларда миллий қадриятларимизга меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат руҳини шакллантиришда қишлоқлар тарихини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Бошқарма ташаббуси билан Боғот туманидаги “Кулан­қорабоғ” қишлоғида бўлиб ўтган тадбир ана шу мақсадда ўтказилди. Энг аввало маҳаллий туризмни ривожлантириш ҳамда маданий алоқаларни юксалтириш борасида белгиланган чора-тадбирлар бебаҳо меросимизни юксак қадрлаш ва тарихий ҳақиқатни ёшларга тўғри тушунтириб бериш, уларни ота-боболаримиз меросини қадрлашга, асраб-авайлашга ўргатишдан иборатдир. Зеро, туризм салоҳиятини юксалтиришда, уни жаҳон андозлари ва талабларига мослаштиришда бой ва бетакрор меросимизни ўрганиш, юксак қадриятларимиз моҳиятини англаш муҳим аҳамият касб этади. Туризмнинг бугуни ва эртаси, истиқболи тарихий ҳақиқатни билишимизга, уни тўғри ва чуқур талқин қилишимизга боғлиқ. Бизнинг мақсадимиз зукко ва доно келажагимиз-ёшларга ана шу ойдин ҳақиқатни тўла-тўкис етказишдан иборат.

Шокир Мадаминов,

Хоразм вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: