ОҒУФУРУШЛАР

“Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади”, деган мақолни бежизга айтишмаган. Тўғрида, қут-барака покиза, осуда, ҳаром луқма йўламаган ошиёнда қўним топади.

Фуқаро Алимардон Сайфиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам иродасизлиги, бир лаҳзалик роҳат-фароғати туфайли ўзининг қутлуғ даргоҳидан баракани учирди. Сўнгги пайтларда ишлари чаппасига кетадиган, аёлининг таъна дашномларию, ота-онасининг берган танбеҳлари ҳам унга кор қилмай қўйди. Ўғлининг эгри ишидан хабардор бўлган падари уни шу йўлга бошлаганларни ич-ичидан сўкар, онаси эса қалтираган қўлларини кўкка чўзган ҳолда бу оғуни тайёрлаган, олиб келган, ўғлига тутганларни аччиқ-аччиқ кўз ёш ила қарғарди.

Ўз қадр-қиммати, йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрў-эътибори уни қизиқтирмайдиган бўлди. Энди Алимардонни фақатгина, унинг наздида ўша осмонларга “кўтаргувчи” кукун қизиқтирарди. Аслидаку, бу оғу уни кун сайин наҳс ботқоғига ботираётганини англаб етмасди.

Бугун ҳам пешинга қадар ғафлат уйқусида ётган А.Сайфиев эринибгина ўрнидан турдида нима қиларини билмай қолди. Ишга борай деса ҳеч хоҳиш йўқ. Бош­қа ишларга-ку умуман қизиқиш сўнган. Илгарилари шундаймиди?! Феъл-атворида тортинчоқлик бўлсада, ота-онасининг сўзини ерда қолдирмас, масъулиятли йигит эди. Эндичи?! Энди, унинг уйига оралаган “қора дори” ўзига панд берди.

– Ҳаммасига, ўшалар, ҳа, ҳа — ўшалар айбдор. Шу заҳри қотилни менга йўлатишмаганида бинойидек яшаётган эдим-ку, – дея ўзича ғўлдираб, яна “ўшани” қаердан топиш ташвиши тушиб, аста телефон гўшагини тутганича унга ёд бўлиб кетган рақамларни тера бошлади. – Алло, алло, Собит! Учрашсак, бўларди, “доридан” борми? Хўп майли, кўришамиз.

У гўшакни қўйди-ю, танишининг олдига, белгиланган манзилга шошиб чиқиб кетди.

Аслидаку, уни бу йўлга ҳеч ким мажбурламаган. Унинг иродасизлиги ва калтафаҳмлиги пулдан бошқа дарди бўлмаган, пул деса, ҳатто ўз виждонини сотишга ҳам тайёр бўлган кишиларга тайёр “ўлжа”.

Соат чамаси 14:30. Икки таниш келишганидек, Олмазор тумани Себзор даҳасидаги кўп қаватли уйлар атрофида кўришишди. “Тарки одат – амри маҳол”, деганларидек муқаддам судланган Собит Салимов харидори А.Сайфиевдан келишганидек юз минг сўмни олиб, эвазига “икки чек” доридан бердида, дарҳол кўздан ғойиб бўлди. Сабаби у ҳали кўплаб, харидорларга ўз “маҳсулот”ини етказиб бериши лозим. Яна кўплаб хонадонларга ҳаром оралайди, кўпларнинг тинчи, ороми бузилади.

Яна ўқинг:  “FARZANDLARI SOG`LOM YURT – QUDRATLI BO`LUR”

“Мис қозоннинг миси чиқар, беркитганнинг иши чиқар”, деганларидек, С.Салимовнинг ноқонуний фаолиятига дарҳол зийрак ва ўз ишининг моҳир мутахассиси – милиция ходимлари томонидан чек қўйилди-ю, у ўз қилмиши туфайли ўтга тушди.

Оғуфуруш ўз қилмишини инкор этсада, А.Сайфиевнинг келтирган ва бошқа далиллар билан умумлашган ҳолда судланувчи С.Салимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандларига мувофиқ айбдор деб топилиб, унга тегишли жазо тайинланди.

С.Салимов темир панжара ортига тушганида соғлиғи ҳам айтгувлик яхши эмаслиги, оиласининг ягона боқувчисисиз қолгани, ота-оналарининг кексайган чоғида суянчиқсиз қолганлиги, энг ачинарлиси, ёлғиз фарзанди, нуридийдаси отасиз ўсишини ўйлаганмикин?!

Йиллар ўтар, эҳтимол Собит учун аҳамиятсиз туюлган муддат ўтиб унут бўлиб кетар, аммо тинч ва хотиржам оилаларга “оғу” орқали кириб борган уруш-жанжал, азоб-уқубат, “қора дори” таъсирида тўкис оилаларнинг бузилиб кетиши, туғилажак фарзандларнинг ногирон бўлиши каби ўнглаб бўлмас аянчли оқибатларнинг яраси битармикин?!

Айниқса, Алимардон каби ёш йигит-қизларнинг, кўнгли ўксик оталарнинг оҳи, оналарнинг ҳасратга тўла фарёдининг давоси борми?!

Огоҳ бўлинг, одамлар! Хонадонингизга “заҳри қотил” ораламасин.

Ж.ХУДОЙҚУЛОВ,

Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси,

Майна Ҳасанова,

“Sog`lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: