ҚАДРИЯТЛАР УЛУҒЛАНГАН ХОНАДОНДА

ҳамиша файз-барака, фаровонлик ва осойишталик бўлади

Шаҳрисабз тумани Қутчи маҳалласида яшовчи Абдулла Файзиев – ибратли оила соҳиби. Абдулла ака ҳозирда нафақада. Шу даврга қадар ёшларга сабоқ бериб келган. Оила бекаси Марҳамат Шералиева маҳалланинг моҳир чевари. Уларнинг 50 йиллик ҳаёт йўлларига назар солсангиз, оила деб аталмиш мустаҳкам қўрғоннинг, турмуш қувончу ташвишларининг асл сийратини кўргандай бўласиз ва бу ҳаёт ортида нақадар машаққатли меҳнат, юксак муҳаббат, қадр ва ҳалоллик ётганини англайсиз.

– Абдулла ака Марҳамат опа билан биргаликда аҳил ҳаёт кечирмоқда, фарзандларини тарбиялаб вояга етказди, ўқитди, ўрни келганда ҳаёт қийинчиликларини биргаликда енгиб ўтди, – дейди қўшнилардан бири Зилола Рўзиқулова. – Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, оиладаги 8 фарзанднинг барчаси ўқимишли, бошқаларга намуна қилса арзийдиган инсонлар. Марҳамат опа биз – қўшниларнинг энг яқин маслаҳатгўйимиз. Маҳалламиздаги деярли барча қизларнинг келинлик сепи опанинг қўлларида сайқал топади.

– 7 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиб, оилавий даромадларини яхшилаётган ишбилармон уй бекалари талайгина, – дейди ҳамроҳим, маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Хурсанд Абдиева. – Айни пайтда Марҳамат опага нисбатан ибратли оила бекаси, қўли гул ҳунарманд, ишнинг кўзини биладиган уддабурон аёл деган қатор таърифу-тавсифлар келтирилади. У киши маҳалладаги хотин-қизларга, ёш келинчакларга тикувчилик сирларини ўргатиб келаяпти.

Тўрт нафар келин бу оилага худди қиздай бўлиб кетган. Чунки Марҳамат опа келинларини болам-бўтам деб билмаганини билдирди, тушунмаганини ўргатди. Шу сабабданми, келинлар қайнонасини ўз оналаридан ҳам зиёда кўришади.

– Оилада отанинг ўрни беқиёс, – дея суҳбатга чоғланади Марҳамат опа. – Фақат отагина айтиши мумкин бўлган тарбиявий ўгитлар бор. Илму ҳунарга ихлос, меҳнатсеварлик, мардлик, жасурлик, инсоний ғурур фарзандга аввало отадан юқади. Зарарли одатлардан болани эҳтиёт қилмоққа ҳам аввало ота бурчли. Отанинг тарбиясини олган фарзандларимиз бугун эл корига ярайдиган бўлиб вояга етишди.

– Тарбияда онанинг ҳам ўрни отаникидан кам эмас, – дея Абдулла ака Марҳамат опанинг сўзларига қўшимча қилади. – Ота оилани боқиш учун ўзини ўтга-чўққа уради, шу боис уйда камроқ бўлади, тарбияга вақти етмаслиги мумкин. Шунда, табиийки, болага онанинг таъсири кучлироқ бўлади. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, фарзандлар тарбиясида қаттиққўллик билан меҳр-муҳаббатни омихта қилган ҳолда иш тутган маъқул. Фақат меъёрни сақлаш муҳимроқ. Масалан, мен оилада қаттиққўллик кўпроқ даркор деб ҳисоблайман. Қаттиққўллик менинг тушунчамда аввало интизом, тартиб, мажбурият, масъулият деганидир.

Яна ўқинг:  ВИРТУАЛ ҲАЁТ ХАВФИ

Абдулла ака нафақага чиққандан сўнг ҳам бекор ўтириб қолмади. У киши вақтини кўпроқ томорқасида меҳнат қилиш, мол-ҳолга қараш, мевали дарахтларга ишлов бериш билан ўтказади. Рўзғор учун барча озиқ-овқат маҳсулотларини томорқасида ўзи етиштиради. Мева-чева ўзларидан чиқади. Рўзғордан ортганларини эса фарзандларига илинади.

Ҳа, оддий ҳаёт ҳақиқати шундай: ўз оиласида бахтли, саодатли бўла олган инсонгина жамиятда ҳам обрў-эътибор қозона олади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: