Уйғониш даври
Ҳаётда номуҳим нарсанинг ўзи йўқ. Инсонга аввало соғлик-саломатлик, таом, билим, сўнгра оиласи, қавм-қариндошларининг фаровон турмушини таъминлайдиган қулайликлар, хуллас, барча-барчаси муҳим. Лекин шуларнинг қадр-қимматига етиб ҳаёт кечиришни таъминлайдиган нарса – бу унинг маънавий оламидир.
Биз Ватан тўғрисида кўп гапирамиз, хўб ёзамиз, аммо уни ҳар ким ҳар хил тушунади. Биров туғилган замини, яна биров ўз оиласини Ватан деб билади… Биз бир-биримизни пок виждон билан қадрлай олсак, Ватанимиз мустаҳкам бўлади.
Шу нуқтаи назардан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк фаолиятиданоқ асосий нияти одамларнинг виждонини уйғотиш экани сезилди. Электрон қабулхоналар пайдо бўлиши, жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши бу борада қўйилган жиддий қадам бўлди. Маҳаллий мутасаддиларнинг “Портал”дан қўрқиб, попуги босилиб қолди, ҳалол ишлашни эсдан чиқарганлари ҳайрон… Чамаси, одамлар ғафлат уйқусидан уйғониб, энди ишга бормоқчи…
Ижодий маҳсулим китоб бўлгани учун Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши кўнглимни тоғдек кўтарди. Ёзувчининг тирикчилиги унинг меҳнатига муносиб қалам ҳақи билан таъминланади. Ёзган нарсасига газета-журналлар, нашриётлардан қалам ҳақи олиб, хурсанд бўлиб юрган қаламкаш ҳамкасбларим кам. Асарининг чоп этилиши ёзувчига етарли рағбат, деб ҳисоблайдиганлар қанча.
Яна муҳим масала, китоб тарқатиш тизимининг “ўзибўларчилик” ҳолатига ташлаб қўйилгани эди. Биз буни ўтган асрларда бошимиздан кечирганмиз. Олис овулда биттагина “Аралаш моллар дўкони” бўлиб, у ҳам матлубот жамиятига қарашли эди. Китобнинг ўша дўконга етиб бориши жамиятнинг экспедитори хоҳишига боғлиқ эди. Дўконга мол элтиб бериш учун масъул бўлган бу инсонга кўпинча, арзон китобдан кўра, сал чўнтагига бирон нарса тушадиган конфет-печенье ёки ароқ-шароб олиб боргани маъқул эди. Мабодо, китоб олиб боргани билан ўша овулдаги савдо ходими “бу китобларингизни бошимга ураманми, яна мендан план талаб қиласиз”, дея куйинарди… Натижада саводхонлар марказга йиғилиб, чекка овул ва қишлоқ аҳли эътибордан четда қолаверарди.
Авлодлар маънавиятини туташтириб, ўтмишдан сабоқ берувчи энг муҳим восита китобдир. Ўзи китоб очиб кўрмаган отанинг ўғлига “китоб ўқи” дейиши доимо маст отанинг ўғлига “ичмагин” деган танбеҳига ўхшайди. Китоб ўқи дейдиган одамнинг ўзи шахсий ўрнак кўрсатиши керак эмасми?
Фармойишда китоб чоп этиш ва тарқатиш масаласининг долзарблигига давлат нуқтаи назаридан қаралган ва муаммони ҳал этиш йўллари аниқ кўрсатилган. Энди фармойишнинг жойлардаги ижроси қандай бўлади?
Айни чоғда кутубхоналар фондига кирсангиз, аввалги китоблар йўқ, янгилари анча нусхаларда, айримлари ҳали очилмаганича турибди. Ваҳоланки, “фондимизда фалон минг нусха китоб мавжуд”, деб мақтанадиганлар қанча. Аслида китоб номлари мингтага ҳам етмайди. Тан олайлик, коллеж кутубхоналарида бадиий адабиёт, айниқса, ёшларга мўлжалланган китоблар жуда кам. Биргина факт: ўқувчилари асосан ёшлар бўлган бу кутубхоналарнинг аксариятида “Ёшлик” журнали деярли йўқ. Албатта, журнал китобнинг ўрнини боса олмайди, лекин бўлғуси китобларнинг йўриқномаси сифатида, менимча, барча мактаб, лицей, коллеж кутубхоналарида тургани маъқул.
Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 26 февралдаги “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистоннинг Нукус, Элликқалъа шаҳарларида янги китоб дўконлари очилди, бошқа туманларда ҳам қандайдир ҳаракатлар бошланди. Лекин, энг қийини, энди ўша китоб дўконларини нима билан тўлдириш керак? Қорақалпоқ тилида китоб кам, қиммат ва сифатсиз чиқаяпти. Аввалгидек”канцтовар” ёки техника билан тўлдирилиб, китоблар бир чеккада қолиб кетмасмикин? Савдо соҳасида ўз зарарига ишлайдиганлар топилмаса керак.
Мен қувонган ёки қийналган пайтларимда Алишер Навоий, Бердақ каби улуғларимизни ўқиб, дардимни айтаман, улардан овунч топаман. Бердақ бобомиз: “Алтоқлама, талтоқлама, биров урди деб йиғлама… журъатли бўл, ёшдан болам”, деб насиҳат қилади.
Бу бугунги кунимиз шиори эмасми?!
Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.
ЎзА