Мен излаган китоб бор экан
Мамлакатимизда маънавият ва маърифат ишига давлат сиёсати даражасида юксак эътибор қаратилаётгани аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, чекка қишлоқ ва овулларда ўқувчиларга кенг қулайлик яратишга хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятдаги барча 47 ахборот-ресурс марказида замонавий коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади. Жумладан, барча кутубхоналар ZiyoNET интернет тармоғига улангани, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари замонавий компьютерлар билан жиҳозлангани, дарслик ва адабиётларнинг электрон шаклидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги ёшларнинг пухта билим олишига кўмаклашмоқда.
– Марказимизда китобхонлар учун намунали хизмат кўрсатилмоқда, – дейди Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Шамсия Бақоева. – Қарийб 159 минг китоб, 3 мингдан ортиқ электрон адабиётлар фондига эга кутубхонамизда компьютерлар ZiyoNET интернет тармоғига уланган. Бу зарур адабиётларни юклаб олиш ҳамда электрон кўринишда фойдаланиш имкониятини бераётир.
Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 20 июндаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таълим муассасаларида ташкил этилган ахборот-ресурс марказлари нафақат ўқувчи-ёшларга, балки кенг аҳоли қатламига намунали хизмат кўрсатиши белгиланган эди.
Аксарият туман ва шаҳарларда замонавий китоб дўконлари йўқлиги ўқувчиларга маълум қийинчиликлар туғдирарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юқорида зикр этилган фармойишига асосан ихтисослашган китоб дўконлари учун вилоят ва туман марказлари, шаҳар ва қишлоқларда аҳолига қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масаласини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Айниқса, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга тегишли солиқ имтиёзлари қўллаш тадбиркорга ҳам, китобхонга ҳам қўшимча имконият яратади.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги фармойиши халқимизнинг дилидаги гап бўлди, – дейди Зарафшон шаҳридаги “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нигора Примова. – Чунки киши фарзандини тарбиялаш учун ўзи тарбияли бўлиши керак. Ота-она китоб ўқимаса, маънавиятдан йироқ бўлса, у қандай тарбиячи бўлиши мумкин? Нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки чекка қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам замонавий кутубхоналар, китоб дўконлари кўпайса, мана шундай кемтикликлар тўлдирилган бўларди.
Айни пайтда китобхонларга янада қулайлик яратиш мақсадида Навоий шаҳри ва Кармана туманида замонавий китоб дўконлари қурилмоқда. Навоий шаҳрида “Китоб олами” мажмуаси фаолият кўрсатмоқда. Қарийб 300 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мажмуада 10 га яқин бўлим мавжуд.
– Тарихий асарларга қизиққаним боис Амир Темур бобомиз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи китобларни харид қилдим, – дейди Навоий шаҳридаги 16-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулруҳ Ҳимматуллаева. – Китоб дўкони адабиётларга жуда бой. Энг муҳими, мен излаган китоб бор экан.
Келгусида вилоятнинг Қизилтепа, Учқудуқ, Конимех, Хатирчи, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида ҳам шундай китоб дўконлари барпо этиш режалаштирилган.
Н. РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири