Дунё тиббиётида ғайриоддий кашфиётлар

АҚЛЛИ ЧАҚАЛОҚЛАР

Олимлар сўнгги вақтларгача ёш болалар сўзларнинг маъносини бир ёшидан тушуна бошлайди, деб ишониб келарди. Лекин яқинда Америкадаги бир илмий журнал агар ота-она чақалоғи билан етарлича, тез-тез суҳбатлашиб турса, улар ярим ёшидан бошлаб янги сўз­ларнинг маъносини тушуна олишини кўрсатган тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Текширувга олти ойдан тўққиз ойликкача бўлган болалар қабул қилинди. Психологлар уларга ҳар хил нарса-буюмларни кўрсатиб, номларини айтди. Болалардан нарсаларнинг номи сўралганида, масалан, «Олма қаерда?» деб савол берилганида, улар айнан айтилган мевага қаради. Мевалар алмаштириб кўрсатилганида ҳам гўдаклар хато қилмади. Тадқиқотларга таяниб, мутахассислар ота-оналарга ёш болалари билан кўпроқ ва тез-тез гаплашиб туришни маслаҳат беришмоқда.

БЕЛ ОҒРИҒИНИНГ ЯНГИ ДАВОСИ

Белда ҳар хил сабабларга кўра оғриқ пайдо бўлади. Шулардан бири умуртқа диски ўқининг лат ейишидир. Бу дард кучли оғриқ уйғотади ва одамни букчайиб юришга мажбур қилади. Ушбу касалликни даволашнинг янги усули беморни нормал ҳаётга қайтаради.

Дискнинг ички қисми умуртқа поғонасининг лат ейиши ёки шиш натижасида зарар кўриши мумкин. Бунда олдинга энгашиб юрган одамнинг барча ҳаракатларида оғриқ юзага келади. Исроилдаги «Голда ха-Шарон» шифохонасида бундай беморлар янги усулда операция қилиняп­ти. Бу амалиётга кифопластика деб ном берилди. Бунда танага махсус най санчилиб, эгилган диск пуфланадиган балонча ёрдамида тўғриланади ва махсус модда – суюқ суяк цементи билан тўлдирилади. 20 дақиқадан сўнг у қотади ва диск нормал шаклга келади. Шифохона мутахассислари кифопластика усулида олтита амалиёт ўтказди. Беморларнинг барчаси белларидаги оғриқ анчагина камайганини таъкидлашмоқда.

МОЙЧЕЧАКЛИ ЧОЙ ХАВФЛИ ЎСМАЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Огайо университети олимлари мойчечакли чой таркибида саратон ҳужайраларини заифлаштирадиган бирикмалар топишди.

Кўкрак саратони ҳужайраси оддий ҳужайраларга қараганда узоқ яшайди ва осон тарқалади. Лекин апигенин номли бирикма бу муаммони ечиш билан бирга саратон ҳужайраларини кимётерапия­га таъсирчанроқ қилади.

Петрушка ва сельдерей (кашничсимон ошкўк) апигениннинг бошқа манбаларидир. Апигенинни кўплаб мева ва сабзавотлардан ҳам топиш мумкин.

ОВҚАТ ЎРНИНИ БОСАДИГАН ИЧИМЛИК

Америкалик ихтирочи Роб Рихард келажакда сайёрамизда озиқ-овқат етишмаслиги муаммосини ҳал қиладиган «Soylent» номли ноёб модда кашф этганини эълон қилди. У озроқ миқдордаги сувда кўпаяди ва иштаҳани қўзғатадиган сариқ рангли ичимликка айланади.

Яна ўқинг:  Олам ва одам: барқарор уйғунлик сари

Ихтирочи фикрича, «Soylent»ни мунтазам ичиб бориш овқатлардан воз кечишга ёрдам беради. Роб Рихарднинг ўзи бир неча ойдан бери фақат шу ичимлик билан озиқланиб, ўзини жуда яхши ҳис қилаётганмиш.

Бир ойга етадиган кукунни ихтирочи юз доллар нархда деб баҳолади.

Аммо парҳезшунослар янги кашфиётга ишонч­сизлик билан қарашяпти. Улар «Soylent» таркибида керакли моддалар йўқ деб ҳисоблашяпти.

Лекин “Soylent” кукунининг биринчи туркуми учун унинг расмий сайтида керак бўлган 100 минг билан бирга 300 минг доллар пул тўлашди.

Ҳар ҳолда турли кимёвий моддалар, сунъий озиқ-овқатлар табиийларининг ўрнини тўла-тўкис босолмаслиги аниқ.

ГРЕЙПФРУТ ШАРБАТИ РАККА (САРАТОН) ҚАРШИ

Чикаго университетида тадқиқот ўтказган америкалик олимлар грейпфрут шарбати ракка қарши курашишда ёрдам беришини аниқлади. Бундай шарбат таркибидаги моддалар даволаш жараёнини кучайтиради ва касаллик ривожини секинлаштиради. Олимлар касаллиги зўрайиш палласида бўлган 138 нафар хасталикка чалинган беморни назорат остига олдилар. Уларга кимётерапия усулида даволаниш буюрилди, ярмига эса қўшимча грейпфрут шарбатини ичиш тавсия этилди. Шарбат кимёвий дорилар таъсирини 350-500 фоизга ошириб юборди. Янги муолажа натижасида бирорта бемор соғаймаган бўлса-да, шарбат ичган ҳар учта одамдан бирида касалланиш сусайган. Грейпфрутнинг бундай ғайриоддий таъсири баъзи дориларнинг жигарда парчаланишини пасайтириш хусусиятлари билан изоҳланди. Айрим ҳолатларда беморларга грейпфрут шарбатларини ичиш таъқиқланади. Масалан, бу шарбат холестеринга қарши ичилган таблеткаларга мос келмайди. Лекин кимётерапияда бу хусусият фойдали деб топилди. Шарбат туфайли дори танада узоқ вақт қолади ва ракка қарши кўпроқ таъсир кўрсатади.

ХИТОЙЛИК ОЛИМЛАР ЧОЙНИ ТАРҒИБ ҚИЛЯПТИ

Ҳамма севиб истеъмол қиладиган чой устида ўтказилган яна бир илмий текширув унинг фойдали эканини тасдиқлади. Бу сафар тадқиқот чойнинг ватани — Хитойда олиб борилди. Натижалар «American Journal oҒ Clinical Nutrition» журналининг охирги сонида эълон қилинди. Лекин америкалик баъзи мутахассислар хитойлик ҳамкасбларининг фикрини қабул қилишда ҳушёр бўлиш кераклигини уқтиряпти. Хитойликлар бу мақолада америкаликларни кўпроқ кўк чой ичишга даъват этганди. Бунга жавобан бир қанча америкалик олимлар чой дорининг ўрнини боса олмаслигини, холестеринни доричалик кескин камайтира олмаслигини айтишди. Чунки, АҚШда кўк чой ҳаддан ташқари кўп ичилганда жигар билан боғлиқ муаммолар юзага келгани ва айрим дориларнинг таъсири камайгани қайд этилганди.

Яна ўқинг:  XABARLAR, YANGILIKLAR, VOQEALAR (2013-24)

Хитойлик олимлар кўк чойни мунтазам ичиш холестерин миқдорини камайтиришини исботлади. Текширувларда бир гуруҳ кўнгиллилар кўк чой ичишди, иккинчи гуруҳ унинг экстракти ва капсулаларини қабул қилди, учинчи гуруҳга эса кўк чойга ўхшаш ичимлик берилди. Синовлар уч ойгача давом этди. Тажрибалар сўнггида ҳақиқий чой ичганларда холестерин икки фоизга камайгани аниқланди.

Олимларнинг фикрича, чой камёб модда – катехинларни ҳам кўпайтирар экан. У ичакда холестерин шимилишини секинлаштиради ва организм ортиқча хилтлардан халос бўлишига ёрдам беради.

ШИРИНЛИКЛАР СОҒЛИҚҚА ЗАРАРЛИ ЭМАС

Беш минг нафар америкалик кўнгиллилар ўртасида ўтказилган илмий текширув ширинлик маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилиш соғлиққа зарарли эмаслигини кўрсатди. Ҳар куни ширинлик ейдиган одамлар юрак касалликлари, ёғ босиш ва бошқа сурункали касалликларга ширинликни оз ейдиганлардан кўра камроқ чалинади.

Текширув ишлари етакчиси Мери Мерфи томонидан олинган натижалар ширинликларни кўп миқдорда истеъмол қилишни бошлаш керак дегани эмаслигини таъкидлади. Тажриба ҳар хил миқдорда ва турли вақтда ширинлик еган кўнгиллилар ўртасида ўтказилди. Кўп миқдорда ширинлик истеъмол қилганлар ҳам хавф-хатарга йўлиқмади.

ЁҒЛИ ОВҚАТЛАР ЧАРЧОҚ ВА ЛОҚАЙД­ЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Янги синовларга кўра ёғи кўп овқатларни хуш кўрувчиларда тетиклик сусаяр экан. АҚШ тадқиқотчилари кундузи кўп ухлаш, ва ишлашни умуман хоҳламаслик – буларнинг бари ёғли таомлар билан овқатланишнинг зарарли таъсирлари эканини айтишяпти. Тадқиқотчилар 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган ва семизликка чалинмаган 31 нафар кўнгиллининг кундузги серуйқулик ва ҳушёрлик даражасига баҳо бердилар. Кейин уларнинг ҳар кунги овқатланиш тартибини тўла таҳлил қилдилар. Натижада кўп миқдорда ёғ истеъмол қилиш кундузги серуйқуликка сабаб бўлиши аниқланди. Ёғдан кўп фойдаланиш инсоннинг меҳнат қобилиятига, гарчи у мутлақо соғлом бўлса ҳам кучли таъсир кўрсатади, дейди тадқиқот ишлари етакчиси, психиатрия фанлари доктори, профессор Александрос Вгонсза.

Таркибида ёғ кўп бўлган озиқ-овқатлар саратоннинг баъзи турлари ва юрак касалликлари хавфининг ортишига ҳам сабаб бўлиши маълум.

Миржалол Мадвалиев тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: