ҚИЗАМИҚДАН ЭМЛАШ АСРАЙДИ

Асосан болалар ўртасида қиш ва баҳор ойларида учрайдиган қизамиқ касаллиги ва унинг келиб чиқиши, хасталикнинг олдини олиш ва даволаш, унинг асоратлари ҳақида пойтахтдаги Юнусобод туман 54-сонли оилавий поликлиника олий тоифали болалар шифокори Зарофат Жамоловани суҳбатга чорладик:

– Қизамиқ вируси ва унга қарши эмлаш тўғрисида сўзлаб берсангиз.

– Қизамиқ юқумли болалар касаллиги бўлиб, ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Бу хасталик билан ҳар йили дунё бўйича жами 60 млн.дан ортиқ аҳоли касалланади. Қизамиққа қарши эмлаш аҳолини ушбу хасталикдан асрайди.

1954 йилда кашфиётчи Эндерсн вирусни ҳужайрадан ажратишни янги усулини кашф этиб, тирик қизамиқ вакцинаси яратилишига асос солди. Бу вирус таш­қи муҳитга чидамсиз бўлиб, қуёш нури таъсирида 8-10 дақиқада нобуд бўлади. Хасталик вируси юқори нафас йўллари, асаб тизимининг эпителий, лимфа ва ретинулоэндотелиал тўқималарни шикастлайди.

– Хасталик қандай юқади?

– Касаллик манбаи асосан бемор ҳисобланади. Бемор катарал даврда кўп миқдорда вирус ажратади ва бу давр энг юқумли ҳисобланади. Баданда тошмалар тошиш даврида эса хасталикнинг юқиши камаяди. Касаллик асосан 6-7 кунга қадар юқумли ҳисобланиб, агар асоратлар қўшилса, бу давр ўн кунгача давом этади. Қизамиқ билан ушбу хасталикка қарши эмланмаганлар албатта касалланади. Касалликдан сўнг одамда умрбод иммунитет шаклланади.

Онадан болага туғма иммунитет ўтиши сабабли 6 ойгача бўлган болалар қизамиқ хасталиги билан оғримайди. Айтиш жоизки, қизамиқ қишки инфекция ҳисоблангани учун асосан қиш ва баҳор ойларида кузатилади.

Ҳар бир тошма қон-томир атрофидаги яллиғланиш ўчоғидан далолат беради. Тошманинг босқичма-босқич тошиши қон-томирга бой бўлган инфекция кириш дарвозасида вируснинг кўп миқдорда тушишига боғлиқ. Бу тошмани дастлаб юза ва шиллиқ қаватларда, сўнгра тана ва оёқ-қўлларда пайдо бўлиши билан фарқланади. Тошма тошиш даврида вирус асаб тизимига ҳам таъсир кўрсатиб, организмда интоксикациянинг (организмнинг вирус таъсирида умумий заҳарланиш) кучайишига сабаб бўлади. Бу эса буйрак усти бези фаолиятининг ошиб кетишига, организмга салбий таъсир кўрсатиб, қизамиқ аллергияси юзага чиқишига сабаб бўлади.

– Касалликнинг яширин даврининг кечиши хусусида тўхталиб ўтсангиз?

– Қизамиқда яширин давр ўртача ҳисобда 8-10 кундан 17 кунгача давом этади. Профилактика мақсадида иммуноглобулин олган болаларда яширин давр 21 кунгача чўзилади. Хасталик бошланиши, яъни катарал давр – 3-4 кун давом этиб, тана ҳарорати 38,5-390С гача кўтарилиши, интоксикация ва катарал белгилар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморда тез-тез аксириш, бурундан кўп миқдорда суюқлик ажралиши, овознинг бўғилиши ва қуруқ йўтал кузатилади. Бола безовталаниб, инжиқланади. Унинг уйқуси ва иштаҳаси бузилади. Беморнинг қорнида оғриқ пайдо бўлади ва инжиқланиб йиғлайди.

Яна ўқинг:  Ёруғлик кучи безгак эпидемиясини тўхтатади

Оғир ҳолатларда касаллик юзага чиққандан бир кун ўтгач умумий интоксикация белгилари пайдо бўлиб, талваса ва ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Тошма пайдо бўлгач касаллик авж олади. Бунда қулоқ орқасида, бурун устида пушти доғлар пайдо бўлиб, улар тезда катталашади ва кўпаяди. Юз ва бўйин соҳасини қоплайди. Иккинчи куни тошмалар беморнинг аъзои баданига тарқалади. Тана ҳарорати юқорига кўтарилиб, беморда ҳолсизланиш, безовталаниш, алаҳсираш, уйқучанлик ҳолатлари кузатилади. Кейинчалик бу тошмалар қорайиб, жигарранг тусга киради ва пигментация(қизариш) даври бошланади. Бу даврда аста-секин беморнинг ҳарорати тушиб, катарал белгилар йўқола бошлайди. Беморнинг умумий аҳволи ижобий томонга ўзгара бошлайди.

– Қизамиқнинг тузалиш давридан сўнг қандай асоратлар кузатилиши мумкин?

– Қизамиқ хасталигида асоратлар касалликнинг турли даврида пайдо бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда беморнинг вафот этиши кузатилади. Асоратланмаган қизамиқда бу мудҳиш ҳолат кузатилмайди. Кўпинча асоратлар нафас аъзолари — ларингит, ларинготрахеобронхит, зотилжам(пневмония) отитлар кўринишида намоён бўлади. Қизамиқда ўпка яллиғланиши касалликнинг барча босқичида ривожланиши мумкин. Бунда ўпкадаги ўзгаришларни аниқлаш қийин кечади. Ўпкада бронхопневмониянинг ўчоқли шакли кузатилади. Зотилжам (пневмония)нинг оғир тури икки ёшгача бўлган болаларда кўп учрайди ва ушбу хасталикдан беморнинг вафот этиши кузатилади.

– Ташхис қўйишда нималарга эътибор бериш зарур?

– Ташхис қўйиш типик қизамиқда қийинчилик туғдирмайди. Касалликнинг ўткир бошланиши, катарал белгиларнинг аста-секин кучайиши, коньюктивит бўлиши, энантема ва Филатов — Коплик доғларининг пайдо бўлиши, ўзгармаган тери орасида тошмаларнинг тошиши, тошмали ва ЎРВИ касалликлари билан фарқ­лашда ёрдам беради .

Қизамиқ оғир ва асоратли кечганда, уй шароитида уларни парвариш қилишнинг имконияти бўлмаган беморларгина касалхонага ётқизилади. Шунингдек, бир ёшгача бўлган болалар ҳам касалхоналарга ёткизилади. Даво чоралари эса беморни парваришлашни режали ташкил этиш, уларни вақти-вақти билан очиқ ҳавода сайр эттириш ва сифатли ҳамда тўйимли овқатлантиришдан иборат.

Қизамиқ билан оғришига қарамай барча болаларга А ва С дармондориси, сутли, енгил ҳазм бўладиган парҳез овқатлар тавсия этилади.

Ҳозирги вақтда антибиотикларни ўз вақтида қўлланилиши зотилжам хасталигининг тузалишини таъминламоқда.

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: