Жазирама ёз тафтида офтоб уриши ва иссиқ элитиши

Офтоб уриши ва иссиқ элитиши организмнинг қизиб кетиши натижасида вужудга келадиган оғир ҳолатдир. Болалар, қон босими юқори бўлган кишилар, юрак қон-томир тизими ва эндокрин касалликлари билан оғриган беморлар қизиб кетишга мойил бўлишади. Қизиш ва айни вақтда кўп терлаш сабабли организмда сув-туз алмашинуви бузилади. Натижада қон айланиши қийинлашади ва бу кислород танқислигига олиб келади.

Иссиқ элитиши кўпинча шамолсиз жазирама кунларда, айниқса, иссиқни кўтара олмайдиган ёки оғир жисмоний меҳнат қилаётган кишиларда (масалан, қурилиш майдончаларида ишлаш жараёнида, тез юрганда) кузатилади.

Қуёш нурларини яхши қайтармайдиган қора рангли кийим ёки ҳаво ўтказмай, бадандан чиқадиган буғни ушлаб қоладиган қалин, сунъий толали синтетик кийимлар ҳам иссиқ элитишига шароит яратади. Шунингдек, ҳарорати ва ҳавосининг намлиги юқори бўлган ёпиқ бинода ҳам кишини (масалан, иссиқ цехларда ишлаганда) иссиқ элитиши, одамни лоҳас қилиши мумкин.

Офтоб уриши қуёш нурлари организмга тик тушаётганида, айниқса бошни қиздириб юборганида кузатилади. Иссиқ элитиши ёки офтоб уришининг енгил шаклида киши бўшашиб, боши оғрийди, кучли чанқайди, умуртқа поғонасида оғриқ кузатилади. Томир уриши ва нафас олиши тезлашиб, териси намиқиб туради, кўз қорачиқлари кенгаяди, тана ҳарорати одатда нормал бўлади. Тери ранги қизғиш тусда бўлади.

Ўртача даражада офтоб урганда эса кишининг боши қаттиқ оғриб, кўнгли айниб қайт қилади, ҳаракатлари бежо бўлиб, сўзлари пойма-пой бўлади. Баъзан бемор ҳушидан кетади, кўп терлаб, унинг тана ҳарорати 39-400С даражага кўтарилади. Оғир ҳолларда киши ўзини билмай қолади, талвасага тушиб, руҳий қўзғалиш рўй беради, бесаранжомланиб, кўзига йўқ нарсалар кўриниши, қулоғига йўқ товушлар эшитилиши, алаҳлаши мумкин. Беморнинг нафас олиши юза, тез-тез бўлиб, томири минутига 120-140 мартагача уради, ҳарорати 41-420С даражагача кўтарилади, агар вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, шикастланган кишининг ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Офтоб урган ёки иссиқ элитган кишини дарҳол тоза ҳавога олиб чиқиб, сояга ётқизиб қўйиш, уни сиқиб турган кийимларини ечиб, елпиғич ёки чойшаб билан елпиш, баданини совутиш, бошини совуқ сув билан намлаш керак. Унга кўп суюқлик – туз қўшилган қайнаган совуқ сув, совуқ чой ичириш тавсия этилади. Беморни дар­ҳол нам чойшабга ўраб олиш ва икки чаккасига муз бўлакларини қўйиш лозим. Баданини эфир мойи билан артиш ҳам мумкин. Эфир мойи таркибида терини тинчлантирувчи моддалар мавжуд.

Яна ўқинг:  Қон босимини кўтарувчи 15 маҳсулот

Нафас олишни қўзғатиш учун шикастланган кишининг юзи сувга ҳўлланган сочиқ ёки дастрўмол билан шапатиланади, унга новшадил спирти ҳидлатилади, бадани уқаланади. Беморнинг нафаси қийинлашиб ёки тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олдириш керак. Оғир ва ўртача даражада шикастланган кишига биринчи ёрдам кўрсатиб, кейин энг яқин даволаш муассасасига олиб бориш ёки шошилинч равишда врач чақириш лозим.

Ёш болаларни офтоб урганда ҳам юқоридаги белгилар кузатилиши мумкин: бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳолсизланиш, тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Болани дарҳол салқин жойга ётқизиб, елпиб туриш ва иложи бўлса яхна ичимлик (совуқ чой, қайнаган совуқ сув) бериш керак. Беморни намланган чойшабга ўраб олинг. Болага иситмани туширувчи дорилардан ҳамда таркибида оғриқ қолдирувчи моддалар бўлган дори воситаси бериш зарур.

Иссиқ элитиши ва офтоб уришининг олдини олиш учун ҳаво иссиқ кунларда ҳаракат учун қулай, очиқ рангли енгил либос кийиб, бошга эса похол шляпа, панама, сурпдан тикилган енгил кепка ва бош­қа енгилроқ ҳаво ўтказувчи бош кийим кийиш ёки очиқ рангли, табиий толали рўмол ўраб олиш керак.

Болани офтоб урганда, иситмаси кўтарилганда парацетамол, ибупрофен, лоратал каби дорилардан бериш мумкин.

Фарзандингизни офтоб тиғи остида олиб юрмаслигингиз зарур ва қуёшли кунларда болага табиий толали юпқа бош кийим­ кийдириб чиқинг. Бола учун ультрабинафша нурлардан ҳимояловчи кўзойнак харид қилинг. Бу болани қуёш нуридан ҳимоя қилади. Ўйинчоқ сифат, ранг-баранг кўзойнакларни тақиш мумкин эмас. Боланинг териси куйган жойларига таркибида спирт бўлган суртма дорилардан асло суртманг. Чунки, терининг ташқи қаватида из бўлиб қолиши мумкин.

Таркибида бензокаин (анестезин) мавжуд бўлган крем ва мазлардан фойдаланаётганда эҳтиёт бўлинг. Сабаби бу воситалар терида аллергик реакция келтириб чиқариши, турли тошмалар тошишига сабаб бўлиши мумкин. Яхшиси таркибида эритромицин, тетрациклин мавжуд бўлган маздан енгил суртиб, тоза дока билан ўраб қўйинг.

Иссиқ кунда узоқ йўл юришдан аввал жуда тўйиб овқатланиш ва спиртли ичимлик ичиш ярамайди. Чанқоқни босиш учун яхшиси термосда қайнаган совуқ сув ёки айрон олиб юриш керак. Офтоб тиғида ухлаш мумкин эмас. Киши қизиб кетиши мумкин бўлган корхоналарда эса танаффус вақт­ларида салқин душга тушиш ёки бошдан сув қуйиб олиш керак.

Яна ўқинг:  Суваракларнинг одам саломатлиги учун қандай хавфлари мавжуд?

КЎП ТЕРЛАШ

Тер чиқиб туриши организмнинг ҳаёт фаолияти учун катта аҳамиятга эга. Моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган зарарли маҳсулотлар организмдан тер билан бирга чиқиб кетади. Тер чиқишини марказий асаб тизими идора қилади. Ўта таъсирчан кишилар кўп терлайди. Жумладан, улар озгина жисмоний куч сарфласа, ҳаяжонланса, кун сал исиса ҳам аъзойи баданидан тер қуйилади. Умумий терлаш билан бирга кўпинча баданининг маълум бир жойи – қўл ва оёқ кафтлари, қўлтиқ ости терлаб туриши ҳам кузатилади.

Ёш болалар ва катталар учун махсус ва сифатли оёқ кийим танлашга ҳам эътибор бериш лозим. Зеро, сифатсиз оёқ кийим оёқни терлатувчи ва ҳидлантирувчи арзон хомашёдан тайёрланади.

Ҳаддан зиёд кўп терлаш кишини шамоллашга, ҳар хил тери касалликларига мойил қилиб қўяди ва аксари бадандан ачимсиқ, қўланса ҳид келиб туришига сабаб бўлади. Агар киши умуман кўп терлайверса, невропатолог ва эндокринологга кўриниши керак.

Баданнинг маълум жойлари терлаб турадиган бўлса, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш зарур. Баданнинг кўп терлайдиган жойлари (оёқлар, қўлтиқ ости, чов бурмалари, оралиқ, тўлароқ аёлларда сут безларининг таги)ни ҳар куни совун билан илиқ сувда ювиб туриш зарур. Акс ҳолда терининг замбуруғли ёки йирингли касалликларига олиб келади.

Баданнинг кўп терлайдиган жойларини ювиб, тоза сочиқни қуригунча босиб-босиб туриш керак. Кейин намни яхши тортадиган кукунлар (ёғли упа, тальк, рух оксид)дан кўп сепиб қўйиш зарур. Агар оёқ кўп терласа, ҳар куни калий перманганат (сув оч пушти рангга киргунча) қўшилган илиқ сувга солиб ўтириш тавсия этилади (оёқ ванналари). Ваннадан кейин оёқ бармоқлари ораси ва кафт терисини қуритиб, тальк сепиб қўйилади.

Шунингдек, қуйидаги воситалар терлашнинг олдини олади:

– Мойчечак, ялпиз, мармарак дамламаси билан кўп терлайдиган жой артиб турилса ёки ванна қилинса тер ҳидини олади ва терлашни камайтиради.

– Тузли ванна ҳам терлашга қарши ёрдам беради.

– Оёқларни ванна қилаётганда 2 ош қошиқ ичимлик содаси қўшилса оёқ терлашининг олдини олади.

Эрталаб тоза пайпоққа буриштирувчи ва дезинфекцияловчи моддалар, масалан, тенг миқдордаги уротропин билан тальк аралашмасидан сепиш тавсия этилади. Оёқ териси қуриб кетмаслиги учун унга озиқлантирувчи кремлардан ҳафтасига 1-2 марта суртиб туриш лозим. Шунингдек, табиий толадан тайёрланган пайпоқларни ҳар куни алмаштириб туриш керак.

Яна ўқинг:  Қандай омиллар мияни зарарлайди?

Жигарранг олма ёки узум сиркаси билан оёқлар ювилса ҳам терлашнинг олдини олади.

Олий тоифали шифокор

Ойжон ТОШПЎЛАТОВА тавсиялари асосида

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: