ВАҚТ ИНТИЗОМИ

Ҳаёт – инсон учун энг бебаҳо бойлик. У йиллардан, ойлар ва кунлардан ташкил топади. Зеро, ўтиб бораётган ҳар сония азиз умримизнинг ажралмас қисмидир. Уни қандай ўтказяпмиз-у нималарга сарф этяпмиз? Шуниси муҳим.

Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг сурати ҳам ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Умрнинг ўтиб бораётганини тафаккур қилган инсон ундан оқилона фойдаланиб қолишга, хайрли ишларга шошилишга, уни исроф қилмасликка интилади.

Мазкур ҳақиқатни теран тушуниб етганлар инсон ҳаёти учун вақт интизоми қанчалар зарурлигини таъкидлашган. Бу ҳақда кўпдан-кўп илмий амалий изланишлар қилинган. Уларнинг барчасида умумий бир маънога эътибор қаратилади.

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ВАҚТ ТАРБИЯСИ

Унга кўра инсоннинг вақт интизоми ҳақидаги масала устида бош қотириш ўша инсон дунёга келишидан аввал бошланиши керак. Аввало унинг бўлажак ота-онаси вақт интизоми ҳақида мукаммал назарий тушунчани эгаллаб ҳамда унинг амалиётига тайёр бўлишлари лозим. Чунки, ҳомила она қорнида пайдо бўлгач, унга онанинг айрим хусусиятлари ўта бошлайди. Бу эса, аввало, вақт интизомига бўлғуси онанинг ўзи қатъий риоя қилиши зарурлигини тақозо этади. Фарзанд туғилиб, ўзи мустақил ҳаракатлана бошлагунича унга онасининг қатъий вақт интизоми остидаги даврий парвариши жуда зарур. Ҳомиладорик даврида табиат гўзалликларини томоша қилиш, яхши феъл-атворли инсонлар суҳбатининг ижобий таъсири ва, айниқса, бўлажак онанинг хушхулқи гўдакка ирсият орқали ўтади. Гўдак туғилгач, эсини таний бошлаганидан энг гўзал одоб-ахлоққа ўргатилади. Ақлини таний бошлаганида эса унинг келажаги учун энг муҳим ва энг зарур бўлган билимлар берилади. Мустақил фикрлаш, иш юритишга ўргатилиб борилади. Вояга етиб, мукаммал бўлгунича шу зайлда тарбия қилинади. Шундан кейингина фарзанд умрининг маълум палласига етганда ўз ҳаётининг барча жиҳатларини инобатга олиб, ўз ҳаёт низомини тузиб чиқиш имконига эга шахсга айланади. Акс ҳолда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган фарзандларнинг қимматли вақтлари беҳуда ўтиб, елга совурилади.

Вақт билан боғлиқ муаммолар, аввало, вақт ҳодисасининг мазмун-моҳиятини ва унинг хусусиятларини тўғри англамаслик ҳамда тақсимотини кундалик ҳаётга тадбиқ эта олмаслик воситасида пайдо бўлади. Булардан хабардор бўлмаган киши вақтни тўлиғлигича ўз билганича тасарруф қилишга киришади. Натижада эса бир қатор салбий ҳолатлар юзага келади. Вақт билан боғлиқ муаммоларнинг аксари вақтнинг қатъий интизоми масаласига эътиборсизлик оқибатидир. Бу ҳол айниқса, ёшларда жуда кўп учрайди. Олдиндан аниқ белгилаб олинган тартиб-режаларсиз яшаш ва фаолият юритишга бора-бора инсон кўникиб қолади. Бу сўзни алоҳида таъкидлаётганимизнинг сабаби шундаки, бир неча йиллик тартиб-режаларсиз ўтаётган умр ўз эгасини ҳеч ўйлантирмай,ташвишлантирмай, ҳатто ажаблантирмай қўйди. Бундай кимсаларга вақтнинг шиддат билан ўтиб, тугаб бораётгани ҳам таъсир қилмайди. Улар кеча ва кундузнинг алмашиниши, фасллар ва йиллар ўтишини, ўз ҳаётининг сўниб битишини бир чеккада туриб, лоқайд, бефарқ кузатиб турувчи томошабин кабидир. Ўз ҳаётини бундай ғафлат ва лоқайдликда ўтказувчилар миллат учун ҳам жамият учун ҳам жуда хавфли.

Яна ўқинг:  МАҲАЛЛАМ – ОРАСТА ГУЛШАНИМ

УМР ИМКОНИЯТИ

Вақтни тартибга солиш билан ҳордиқ чиқариш ва дам олишга ҳам имкон яратилади. Чунки, инсон узоқ ишласа, жисмонан толиққани каби, маънавий жиҳатдан ҳам чарчайди. Шу боис мароқли ҳордиқ чиқаришга ҳам вақт ажратиб туриши керак. Узоқ вақт мунтазам шуғулланиш инсонни зўриқтириб қўяди, иш ва ўқишга бўлган рағбат ва иштиёқини сусайтиради.

Жамиятимизда вақт масаласига тўғри ёндашувни таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳаммамизга маълум. Яъни, давлат бош ислоҳотчиси сифатида таълим-тарбия билан шуғулланувчи ҳар бир муассаса ёш авлодни қатъий вақт интизомига ўргатиш ишлари йўлга қўйилган. Бўш вақтни самарали ўтказиш учун ҳам муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Қўшимча машғулотлар, тўгараклар, мазмунли дам олиш ишлари амалиётга киритилган. Ҳар бир инсон ўзига берилган вақтдан унумли фойдаланган ҳолда, ўз устида доимий изланишлар олиб бориши, мукаммаллик сари интилиб яшамоғи лозим. Бинобарин, ҳаёт неъмати инсонга бир мартагина берилади. Қилиниши зарур ишларга улгуриши, белгилаб қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун вақтнинг мазмун-моҳиятини англаб, аҳамиятини идрок қилиш, унинг бир лаҳзасини ҳам нотўғри сарфламаслик, исроф қилмаслик ниҳоятда муҳим. Бу масала инсонларнинг шахсий ишлари эмас, ҳар бир оиланинг ва жамиятнинг олдида турган энг долзарб масалалардан биридир.

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: