Тарбиядаги хато – келажак заволи

Маънавият таълим-тарбия жараёнида шаккланади. Кишининг ҳар томонлама камолотга етишида маънавий эҳтиёж муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир инсон ўзини ўраб турган воқелик ҳақида мулоҳаза юритади. Тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, дунёқарашнинг кенгайиши эса маънавий комиллик сари етаклайди. Инсон эҳтиёжларининг ижобий томонга тарбияланиб бориши унинг эзгу мақсадлар сари интилишига замин ҳозирлайди. Аксинча одамда эҳтиёж ҳалоллик тушунчаси билан йўғрилган бўлмаса, у тўғри йўлни йўқотади. Ўзи билмаган ҳолда ҳалокат ёқасига келиб қолади.

Бугун баъзи ота-оналар тарбия жараёнида инсон зийнати ҳисобланмиш олижаноблик, самимийлик, ватанпарварлик каби бебаҳо фазилатларни фарзандлари онгига сингдиришни унутиб қўяётгандек, назаримда. Тарбиядаги бу нуқсон айрим ёшларда ҳар бир нарсани пул билан ўлчаш, такаббурлик, ҳаётдаги ҳар бир воқеа-ҳодисадан манфаат қидириш каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Тасаввур қилайлик, улар келажакда яхшигина касб эгаси бўлишлари, оиласини моддий томондан тўла таъминлаши мумкин, бироқ бунгача улар руҳий тарбиядан мосуво бўладилар.

Чиндан ҳам айрим ота-оналар ўзлари истамаган ҳолда фарзандлари эҳтиёжларининг нотўғри тарзда шаклланишига, ботиний истакларининг нопок ҳаваслар билан бойишига шароит яратиб беришаяпти. Ваҳоланки, ўтмишга назар ташласак, қадимдан аждодларимиз ўз авлодларининг соғлом, виждонли, диёнатли, иймонли, меҳнаткаш, бир сўз билан айтганда, қалби пок инсон бўлиб етишишлари учун ҳаракат қилганлар. Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган барча достонлар, эртагу масаллар ҳам асосан тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан юқоридаги сўзимизга яққол мисол бўла олади.

Шу ўринда, миллий менталитетимизга зид бўлган, шарқона хулқ-атвор меъёрларига мутлақо тўғри келмайдиган айрим телесериаллар, савияси паст олди-қочди нашрлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Булар ёшлар маънавий дунёсининг нафақат юксалишига салбий таъсир кўрсатади, балки улар онгини сўқирлик ботқоғи сари етаклайди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёш авлоднинг маънавиятли ва маърифатли бўлиб камол топиши учун жуда кўплаб хайрли ишлар қилинмокда. Бироқ, бу жараёнда, аввало, маҳалла, ота-она, бир сўз билан айтганда, барча-барчамиздан юксак масъулият талаб қилинади.

 

Дилрабо ҚОСИМОВА,

Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Бошланғич таълим – келажакнинг муҳим пойдевори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: