ВАҚТ ВА ФУРСАТ ҚАДРИ
Кечнинг хазинасидан,
Эртанинг насибаси яхши.
Барвақт қилинган ҳаракат,
Ҳосилга берар баракат.
Бозордан қолган бир кун қолар,
Экишдан қолган бир йил қолар.
Болта тушгунча кунда дам олар.
Бултур эди куйгани,
Энди келдингми сўргани.
Вақиллаган вақтни ўтказар,
Қўлидан нақдни кетказар.
Вақт – омад.
Вақт тоғни емирар,
Сув тошни кемирар.
Вақт ўтгандан кейин,
Қиличингни тошга чоп.
Вақтим бўшга кетди,
Эрим гўштга кетди.
Вақтли ҳаракат – охири баракат.
Дардингнинг вақти ўтса,
Табибдан ўпкалама.
Ёзни қўйиб, қиш дема,
Қишга яраша ишинг бор.
Ёшлигингда киймакка қизғанасан,
Қариганда киймакка уяласан.
Ёшлигингда одатлансанг,
Қариганда кўникасан.
Қариганда одатлансанг,
Кўниккунча кўмиласан.