ФИБРЕЛЬ ТУТҚАНОҚ

ёш болаларда тана ҳарорати юқори бўлса фибрель талваса хуружи содир бўлади

Қуйида невропатолог Жамшид Саидов билан бўлган суҳбатимиз давомида биз айнан ёш болаларда учрайдиган юқори ҳарорат натижасида юз берадиган фибрель тутқаноқ хуружи, унинг сабаблари ва асоратлари ҳамда даволаш жараёни ҳақида сўз юритамиз.

Қадимдан эпилепсияни халқ орасида “шайтонлаш” ёки тутқаноқ деб аташган. Эпилепсия асаб тизимининг кенг тарқалган касалликларидан бири бўлиб, йилига 100 минг аҳолидан 50-70 тасида учрайди.

Эпилепсия бир неча гуруҳларга бўлинади. У катталарга нисбатан болаларда кўпроқ учрайди. Чунки, боланинг мияси ҳали тўла ривожланиб улгурмаган ва ҳар қандай таъсирга, масалан, иситма кўтарилишига нисбатан ҳам эпилептик хуруж қилиши мумкин. Айнан боланинг шамоллаш ёки бошқа сабабларга кўра кўтарилган тана ҳарорати натижасида юз берган эпилепсиянинг бу тури тиббиётда фебриль тутқаноқ хуружи деб аталади.

– Фибрель тутқаноқ хуружининг содир бўлишига нималар сабаб бўлади?

– Фибрель тутқаноқ хуружи кўпинча беш ёшгача бўлган болаларда учрайди. Бунга сабаб шу ёшгача бўлган болаларда гемотоэнцефалик барьер (бош мия билан қон томирлар ўртасидаги тўсиқ) яхши ривожланмаган бўлади. Бунда болалар грипп ёки шамоллаганда иссиғи чиқиб кетиши натижасида талваса хуружи юз беради. Фибрель талваса хуружи касаллигини даволаса бўлади. Агар ўз вақтида эътибор берилмаса эпилепсияга айланиб кетиши мумкин. Болаларда бундай ҳолатнинг кузатилишига сабаб бўладиган омилларни кўп нарсадан аниқлаш мумкин. Хасталикни келтириб чиқарадиган асосий сабаблардан боланинг бошидан қаттиқ шикастланиши ёки туғруқ жараёни оғир ўтган бўлса, бола мия ички босими ошиши билан туғилса, иммун тизими фаолияти паст бўлса, қонда кальцийнинг миқдори тушиб кетса, тутқаноқ хуружини юзага келтиради. Лекин айнан шундай болаларда бу касаллик кузатилади дейиш ҳам нотўғри. Чунки, айрим соғ болаларда ҳам агар тана ҳарорати 40 даражадан ошиб кетса, уларда ҳам тутқаноқ хуружи содир бўлади. Чунки, улар ҳали нимжон ва кучсиз бўлишади.

– Болаларда фибрель тутқаноқ хуружига сабаб бўладиган омиллар боланинг ташқи кўринишида кўзга ташланадими?

– Албатта, мия ички босими ошиши билан туғилган боланинг боши доим иссиқ бўлади. Шу сабаб у бошини ерга, муздек жойга қўйгиси келади. Сал каттароқ болалар бошининг оғришидан шикоят қилади. Кечқурунлари кўп йиғлайди, инжиқ бўлади.

Яна ўқинг:  ГЕРАНТОЛОГИЯ ВА ГЕРИАТРИЯ: ДОНИШМАНД ИБРАТ МАКТАБИ

– Тутқаноқ хуружи бошланган болага биринчи тиббий ёрдам қандай кўрсатилади?

– Боланинг талваса вақтида оғзидан кўпик чиқади. Биринчи бўлиб унинг оғзини тозалаш зарур. Шундан сўнг бола ёнбош қилиб ётқизилади. Бу уни бўғилиб қолишдан асрайди. Тил илдизини босиб туриш учун темир қошиқ ёки силлиқ ва қаттиқроқ, синмайдиган бирон бир дастак зарур бўлади. Хуруж пайти тил нафас йўлини тўсиб қўймаслиги керак. Беморнинг оғзига тутқаноқ хуружи пайти асло қўлни тиқиш керак эмас. Чунки, бундай вақтда жағнинг чайнов мушаклари шу қадар тортишадики, бемор қўлни узиб олиши ҳам мумкин. Бундан ташқари бу гигиена қоидаларига ҳам зид. Ва албатта, “Тез ёрдам”ни чақириш мақсадга мувофиқ.

– Ташхис қўйиш ва даволаш жараёни қандай кечади?

– Биринчи навбатда бунинг сабаби аниқланади. Беморнинг тана ҳарорати кўтарилишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш зарур. Масалан: педиатр, лор, иммунолог, гельминтолог беморни тиббий текширувдан ўтказиши шарт. Бундан ташқари умумий қон таҳлиллари текширилади. Сўнгра бемор клиник текширувдан ўтказилади. 1. Қондаги калъций миқдорини текшириш керак 2. Бош мияни ЭЭГ (электроэнцефалография) текширувидан ўтказиш шарт. Агар боланинг аҳволи ёмон бўлса, шунга қараб шифокор тавсияси билан МРТ, компьютер томографияси қилинади. Бу тиббий текширувлар аввало мияда ростдан ҳам хуруж ўчоқлари бор ёки йўқлигини аниқлайди. Қолаверса, касалликнинг турларини фарқлашда ва даво усулларини қўллашда яқиндан ёрдам беради. Бола барча текширувлардан ўтгандан сўнг унга ташхис қўямиз ва шунга кўра керакли дори воситаларини қўллашга рухсат берамиз. Даволаш касалликнинг турига қараб босқичма-босқич олиб борилади. Бемор олти ой, уч ойда қайта текширувлардан ўтказилади. Тутқаноқ хуружига қарши дори воситасини ҳам то касаллик ўчоқлари йўқ бўлиб кетмагунча доимий ичиб борилади ва қачонки невропатолог ушбу дори воситаларини ичишни ман қилсагина тўхтатиш лозим бўлади.

– Бемор гельминтолог кўригидан ҳам ўтиш керак деб айтиб ўтдингиз. Бунинг сабаби нима?

– Гижжаларнинг қопчали гижжа тури мавжуд бўлиб, бу гижжанинг танаси тушиб кетса ҳам боши ичакка ёпишиб қолади ва ўзидан заҳар ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса марказий асаб тизимининг заҳарланишига олиб келади. Шунинг оқибатида ҳам тутқаноқ хуружи содир бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  ҚАБЗИЯТ ВА ИЧАК ДИСКИНЕЗИЯСИДА ПАРҲЕЗ

– Касаллик авж олиб кетса, қандай асоратларга олиб келади. Болада қандай руҳий ва жисмоний ўзгаришлар юз беради?

– Мия пўстлоғида жойлашган тутқаноқ хуружининг ўчоқлари кўпая бошлайди ва у доимий тутқаноқ ўчоғига айланади. Ўчоқ олдин мия пўстлоғида жойлашган бўлса, кейин эса мия қобиғига ўтиб кетади. Бу эса эпилепсияни юзага келтиради. Кейин уни даволаш қийин кечади.

Талвасадан кейинги ҳолатда болада руҳий ўзгаришлар юз беради. Бемор бола ҳар томонлама ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолади.

Майна ҲАСАНОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: