Мамлакатимизда анъанавий “Китоб байрами” бўлиб ўтмоқда

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳар доимгидан-да гавжум. Боғнинг манзараси, одамларнинг кайфияти ҳам ўзгача: эртак қаҳрамонлари Зумрад ва Қимматга ҳайрат билан боқиб турган қизалоқ, ёзувчи ва шоирлар билан суҳбат қураётган ёшлар, турфа китоблар билан тўла қатор-қатор жавонлар, китобхонликка чорловчи мақол, шиор ва расмлар туширилган баннерлар…

Боғдаги тантанали тадбирда янграётган эълон эътиборингизни тортади: “Мамлакатимизда бугун, 25 май куни “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ўтказиладиган “Китоб байрами” бошланди! Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган бу каби тадбирлар 27 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида давом этади…”

Байрам тадбирининг очилишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни юксак маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш, уларнинг интеллектуал эхтиёжларини қондириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Миллий адабиётимизни равнақ топтириш, буюк аждодларимизнинг бой меросини асраб-авайлаш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътибор халқимиз тафаккурини янада бойитиш, ёшларни билимли, соғлом фикрли, маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим омил бўлаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилаётган республика “Китоб байрами” ҳар томонлама самарали, кўтаринки руҳда ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилди. Байрамнинг пойтахтимизда ўтаётган тадбирларида 100 га яқин нашриёт, матбаа корхонаси ва китоб савдоси ташкилотлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунда 120 дан зиёд нашриёт, 1 минг 760 дан ортиқ матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Ҳар йили 3 минг номдан зиёд, 60 миллион нусхадан ортиқ китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантириш, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати ошаётгани эътиборга молик.

– Халқимизнинг, хусусан, ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришда бу байрамнинг ўрни, аҳамияти йилдан йилга ошиб бормоқда, – дейди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири И.Зойиров. – Ахборот асрида, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётган даврда яшар эканмиз, мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири – китобхонликка эътиборнинг долзарблигини доимо ҳис қилишимиз, китоб мутолааси бўйича ислоҳотларни ҳар биримиз, аввало, оиладан бошлашимиз керак. Ўтган йили нашриётимизда дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа йўналишлардаги китобларни ҳисобга олмаганда 217 номдаги 4 миллион нусхадан ортиқ бадиий китоблар чоп қилинди. Улар орасида жаҳон адабиёти дурдоналаридан бевосита таржима қилинган асарлар ҳам кўп. Бугунги байрамда қилинган ишлар натижасини нафақат намойиш қилиш, балки китобхонларнинг талаб ва истакларини ўрганиш, улар билан мулоқот қилиш, сўровномалар ташкил этиш, шунга биноан истиқболдаги вазифаларимизни яна бир бор кўриб чиқишни мақсад қилганмиз.

Нашриётларнинг янги китоб маҳсулотлари, жумладан, нуфузли халқаро китоб кўргазмаларида совринли ўрин эгаллаган китоблари тақдимотлари, китоб муаллифлари, адиб ва шоирлар, китоб графикаси бўйича рассомлар, муҳаррирларнинг ўқувчилар билан бевосита ижодий учрашув-мулоқотлари, мушоиралар ва суҳбатлар байрамнинг янада қизиқарли, кўтаринки руҳда давом этишига хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА (2013-9)

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг китоб графикаси ва миниатюра жанрида ижод қилаётган талабалари, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Баркамол авлод” болалар марказлари қошидаги тўгараклар аъзоларининг ижодий ишлари кўргазмалари, китобхонликни тарғиб этувчи халқ мақоллари, буюк алломаларнинг ҳикматли сўзлари битилган паннолар, мониторларда намойиш этилаётган нашриётлар фаолиятини акс эттирувчи видеолавҳалар байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

– Байрамга қизим ва набираларим билан келдим, – дейди янгийўллик Ҳалима ая Қурбонова. – “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон” деб номланган викториналарда иштирок этиб, совринга китоб олдик. Байрамдан энг яхши совға – китоблар билан уйга қайтиш жуда завқли. Бугунги таассуротларимизни, китоблар оламидан олган ҳаяжонимизни яқинларимизга, маҳалладошларимизга сўзлаб берамиз.

Тадбир доирасида боғ саҳнасида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Республика ёш томошабинлар, Қўғирчоқ театрлари жамоалари ўз дастурларини тақдим этмоқда.

Байрамнинг навбатдаги кунларида “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китобга меҳр қўйсангиз, у сизни албатта муносиб тақдирлайди”, “Китоб – энг яхши совға” мавзуларида интеллектуал викториналар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида “Китоб – миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: