Музаффар ёшлар юрт шарафини муносиб ҳимоя этади
Барчамизга маълумки, спорт билан шуғулланган ҳар бир ёш авлод жисмонан соғлом, руҳан етук бўлиб вояга етади.
Шу боис, юртимизда униб-ўсиб келаётган ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш-тарзини қарор топтириш борасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилаётир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан бундан 14 йил муқаддам, яъни 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган эди. Натижада, ушбу соҳада амалга оширилган ишлар янги босқичга кўтарилди.
Андижон шаҳридаги 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам ана шу жамғарма маблағлари ҳисобидан қисқа муддатда қайта қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилди. Бугунги кунда мазкур муассасада жами 1 минг 212 нафар ўқувчи спортнинг эркин кураш, бокс, дзюдо, қиличбозлик, ўқ отиш, қўл тўпи, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика, мини футбол, кикбоксинг, карате, шахмат каби 14 та тури бўйича шуғулланмоқда. Қувонарлиси, уларнинг 168 нафарини қизлар ташкил этади.
Бугунги кунда ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлаб, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинлари ва бошқа нуфузли халқаро турнирларда она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон байроғини баландларга кўтармоқда. Эътиборлиси, бу юксак ғалабаларда андижонлик ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
– 2016 йил Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида карате бўйича Марказий Осиё биринчилигида Жавлон Абдулатипов, Аброр Акбаров ва Зулфизар Расулова каби тарбияланувчиларимиз фахрли 3-ўринга сазовор бўлишди, – дейди Андижон шаҳридаги 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Раҳматулло Бувақулов. – Шунингдек, 2016 йилда Ўзбекистон терма жамоаси асосий таркибига 11 нафар ва заҳира таркибига 17 нафар ўқувчиларимиз қиличбозлик, ўқ отиш, бокс спорт турлари бўйича киритилди.
Янгича усулда бунёд этилган ана шундай спорт мактабларида юқори мақсадларни кўзлаб, орзулари сари дадил интилаётган ёшларимизнинг кўплиги барча-барчамизни қувонтиради.
– Ҳар гал халқаро мусобақаларда иштирок этганимда, зиммамда она юрт шаънини ҳимоя қилишдек, шарафли, шу билан бирга масъулиятли вазифани чин дилдан ҳис қиламан. Рақибларимни мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилганимда эса яқинларим, халқим олдида юз ёруғ бўлганидан чексиз фахр ҳиссини туяман, – дейди бер неча халқаро турнирлар совриндори Зулфизар Расулова.
Ишонамизки, бундан кейин ҳам андижонлик ёш спортчилар соҳасида юксак марраларни забт этадилар.
Чарос ХУШВАҚТОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири