Онамдан юққан “дард”
Онамнинг бир “касал”и бор. Китоб ўқишни яхши кўради. Газета ва журналлар-ку жони дили. Биз фарзандларига ҳам бу одат юққан. Эндиликда неваралари, эвараларини ҳам ёнига олиб бирор нима ўқиб ўтиради.
Ҳар сафар Самарқандга отланар эканман, журналлар ва китоблар билан сумкамни тўлдираман. Биламан, бу олиб борганларим янаги борганимча онамнинг қўлида беш-олти, акаларим ва опаларим қўлларида бир-икки марта айланиб чиқади. Уларнинг ўз китоблари ҳам ўзаро шунақа айланиб юради. Телеграм ижтимоий тармоғига уланган қариндошларимни бир гуруҳга жамлаганмиз. Ота-онамнинг расмини тепага қўйиб олганмиз. Ҳар куни омонлашиб турамиз.
Қариндошларнинг бири Россия, бири Туркия, бири Америка дегандай ризқини териб юрибди. Лекин яхши анъанамиз бор. Ҳар ким янги ўқиган китоби ҳақида ёзади. Бошқалар фикрини айтади. Бу кичкина авлодга китобни топиб ўқиш учун рағбат эканини яхши биламиз. Катта акам пенсияга чиққанидан бери китоб тарғиб қилади.
Айниқса, онам уйга ким келса, ўқиган нарсаларини гапириб беради (ғийбат қилишни билмаса шу-да). Айниқса, мен олиб борган китоб ва журналларни авайлаб асрайди (Янаги келганимда қайтариб олиб кетаман, деб қўяман-да). Невараларини олдига олиб ўқиб беради. Онам уларга дарс қилдириб, лотин ёзувиниям яхши ўзлаштириб олган. Бемалол ўқийди.
Хуллас, онам ёшлигидан китобга ўзгача муҳаббатли. Буни барча фарзандларига ўргатди. Сериал кўрадиганларга, ундаги воқеаларни муҳокама қиладиганларга индамай қўя қолади. Ўзи ҳеч қачон сериал кўрмайди.