Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

Ўзбекистон Валеологлар Ассоциацияси раиси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Валеология” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Иргашев билан қилган суҳбатимиз валеология соҳаси истиқболлари хусусида бўлди.

Шуҳрат Боисович, республикамизда валеология мактабига асос солган йирик олим сифатида бу соҳа ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

Валеология – тиббиётда янги йўналишдаги фан ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2006 йилнинг ноябрида тиббиёт ихтисосликлари реестрига киритилди. Валеология фаол ва соғлом ҳаёт кечиришни ўргатувчи, илмий жиҳатдан исботланган ва ўта зарур фан. Шифокорлар аҳоли ўртасида тиббий маданият ва ўз саломатлигига масъулиятни шакллантирувчи мутахассис сифатида валеология фанини ўрганишлари шарт.

Валеология лотинча “valeo” – “саломатлик”. “logos” – “таълим, илм-фан” деган маънони англатади. Валеологларнинг асосий мақсади инсон организмининг саломатлигини асраш, авайлаш ва бошқаришдан иборат. Муҳими, аҳолининг соғлом турмуш тарзини яхшилашга ҳисса қўшишдир.

Валеология соҳасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Аввало, соғлом инсоннинг саломатлигини асраш ва муҳофаза қилиш. Маълумки, тана тузилиши анатомик жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, аммо, ҳар бир одам – ўзга бир олам. Хасталикка чалиниш ҳаммада ҳар хил кечади. Буни эътиборга олган ҳолда ҳар бир инсоннинг мижози, жисмоний ва руҳий ҳолати, феъл-атвори, яшаш ва ишлаш шароити, нимага қизиқиши, соғлиғи чуқур ўрганилиб, унга индивидуал, яъни алоҳида маслаҳатлар ҳамда тавсиялар бериш лозим.

Соғлом одамнинг имкониятларини ўрганиш жуда муҳим. Дейлик, янги туғилган чақалоқларнинг бири ҳар жиҳатдан соғлом бўлса, баъзилари заифроқ бўлади. Бу эса инсон ҳаётида ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Шунинг учун уларнинг саломатлик ҳолатига қараб керакли тавсиялар берилади. Бу жараённи “саломатлик даражаси” деб атаймиз. Айни пайтда кафедрамиз мутахассислари шу масалада Марказий поликлиникаларнинг бирида инновацион грант асосида иш олиб боришмоқда. Валеологлар математик олимлар билан ҳамкорликда изланиш олиб боришмоқда. Улар олиб борилган ишлар натижаларини компьютер базасига киритиб, саломатлик индексини аниқлаш борасида дастур тайёрлашаяпти. Бу дастурга ҳар бир одамнинг маълумотлари жойлаштирилади. Демак, у саломатлик индекси асосида индивидуал соғломлаштириш дастурига эга бўлади. Энди бу инсонга саломатлигини сақлаш ва касалликнинг олдини олиш юзасидан маслаҳатлар берилади

Соғлом турмуш тарзи дастури инсоннинг ички имкониятларини янада кучайтириши ва унинг умрини узайтиришда ҳам ўз самарасини берар экан-да?

Яна ўқинг:  ОҚИЛОНА ОВҚАТЛАНИШ – УЗОҚ УМР ГАРОВИ

Албатта. Соғлом турмуш тарзи тўртта алоҳида дастурдан иборат.

Биринчиси – оқилона овқатланиш. Ҳар бир киши кунига беш маҳал, ўз вақтида ва тўғри овқатланиши шарт. Жисмоний ҳаракат ҳамда касбий меҳнатни ҳисобга олган ҳолда калорияли таомлар истеъмол қилиши керак. Овқатланиш меъёрига қатъий риоя қилиш лозим. Агар, қанча калория сарф бўлса ва шунча калория билан унинг ўрни тўлдирилмаса, яъни, овқатланиш меъёри бузилса, одам ё кучсизланади, ёки семириб кетиши мумкин. Ўз вақтида витаминларга ва минералларга бой сифатли таомлар билан овқатланган кишининг кайфияти чоғ, бардам бўлиб юради. Бу унинг ҳаёт тарзи, оиласи ва касб-корига ижобий таъсир кўрсатади.

Иккинчиси – жисмоний ҳаракат. Ҳар бир киши ўзи учун жисмоний ҳаракат дастурига эга бўлиши керак. Организм ҳолатига қараб, кимгадир ҳар куни пиёда юриш, кимгадир сузиш тавсия қилинади.

Учинчиси – психоэмоционал саломатлик. Бунда ҳар бир соғлом киши учун индивидуал антистресс дастурдан фойдаланилади. Дастурга асосан ҳар бир одамнинг ҳис-туйғулари қаттиқ назорат қилинади. Унинг нимадан ҳаяжонланиши ёки қандай ишларни бажарса камроқ стресс (руҳий зўриқиш) олиши аниқланади ва буларни эътиборга олган ҳолда унга фойдали тавсиялар берилади.

Тўртинчиси – репродуктив ва сексуал саломатлик. Бу дастурга асосан аёллар ҳомиладор бўлишидан олдин ҳар томонлама текширилади. Уларнинг ҳар бирининг соғлиги эътиборга олинади. Фарзанд кўриш фурсати, умри мобайнида нечта фарзанд кўриши мумкинлиги ҳақида тавсиялар берилади. Шуни унутмаслик керакки, оилада эр-хотин муносабати, уларнинг кайфияти, соғлиги – жинсий ҳаётнинг тўғри йўлга қўйилишига ҳам боғлиқ. Бу нозик масала бўлгани боис, оилавий шароит, менталитетимиз, ахлоқий меъёрлар ва бошқа шу каби муҳим жиҳатлар эътиборга олинади.

Бир сўз билан айтганда, валеология – турли фанлар, масалан биология, гигиена, физиология, психология, экология, фалсафа, иқтисодиёт, спорт ва жисмоний тарбия фанлари ютуқларини ўзида мужассам этган.

Шу сабабли ҳам валеологлар сафи кенгайиб бораётгани бежиз эмас экан – да?

Биз валеологлар савобли ишни амалга ошириш ниятида фаолият олиб борамиз. Бирор бир одамни касалликка чалинишини кутмаймиз. Ҳар бир инсонни узоқ яшаб, бутун умр соғлом ва бақувват бўлишининг тарафдоримиз. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини яхшилаш борасида аҳолига кенг ва самарали тавсиялар берамиз.

Яна ўқинг:  Янги препарат саратонга қарши иммунитет тизимини кучайтиради

Ўзбекистон Валеологлар Ассоциациясининг асосий мақсадларидан бири аҳолини соғломлаштиришда фақатгина тиббиёт ходимларини эмас, балки, одамлар саломатлигига, эл-юрт фаровонлигига фидойи бўладиган барча кишиларни жалб этишдир. Шунинг учун ҳам уюшма аъзоларининг сафи кенгайиб бораяпти.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Валеология” кафедраси ҳамда Ўзбекистон Валеологлар Ассоциацияси ходимлари соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этишни ўз бурчи деб билади. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши, нафақат ўзининг, оила аъзоларининг, балки, жамиятимизнинг, элу юртимизнинг ҳам улкан бахтидир!

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Нигора ЖУМАЕВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: