Хаёлпараст болалар: уларнинг диққатини жамлашда нималарга эътибор бериш лозим?

Болаларнинг феъл-атвори турлича. Кимдир шўх, кимдир босиқ, яна кимдир ён-атрофидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарайди. Ана шундай пайтда энг оғир юк ота-оналар зиммасига тушади.

Бола кичиклигида уларда юз бераётган ўзгаришларга кўп ҳам эътибор беравермаймиз. Бироқ мактаб ёшига етгач, ундаги салбий хислатларни бартараф этишга киришамиз. Афсуски, тарбия бериш жараёни она қорнидаёқ бошланиши лозимлигини барчамиз ҳам ёдда сақламаймиз. Шу сабаб бола улғая боргач, улардаги айрим нуқсонларни кўриб, кўпчилик ота-оналар саросимага тушиб қолишади. Ана шундай нуқсонлардан бири диққатни жамлай олмаслик, паришонхотирлик ва бепарволикдир.

Айнан шу жиҳатлар фарзандларимизнинг илм олишида катта тўсқинлик қилади. У дарсларда тез-тез чалғийди, топшириқни ёзиб олишни унутади, ўқитувчи сўзларини эшитмайди. Бу муаммолар туфайли болани оиласидагилар уриша бош­лайди. Аммо, бу вазиятдан чиқиш йўли эмас.

Бундай ҳолатларни олдини олиш учун, энг аввало, унинг сабабини аниқлаш керак бўлади. Жумладан, боланинг тез-тез сурункали касал бўлиши ҳам паришонхотирликнинг сабабчиси бўлиши мумкин. Соғлиғи заиф болалар тез чарчайдилар. Шунинг­дек, мактаб машғулотлари, уй вазифаларини бажариш, турли тўгараклар ва дарсдан ташқари юмушлар ўқувчилар кунининг кўп қисмини банд этади. Бундай тартибда бола тўлақонли ҳордиқ чиқара олмайди. Ўз-ўзидан унда иш қобилияти сусаяди ва натижада, паришонхотирлик ва эътиборсизлик юзага келади. Баъзи ҳолларда эса бола бирор бир вазифа устида диққатни жамлай олмайди. Чунки, уни ҳуснихат ёзиш, масалалар ечиш, ота-оналар, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг топшириқларини бажариш мутлақо қизиқтирмайди.

Болалардаги паришонхотирлик, диққатни жамлай олмасликни даволаш учун мутахассислар ота-оналарга кўплаб машқларни қўллашни тавсия этади. Улар эсда қолиши керак бўлган ахборот ҳажмини оширади ва бола диққатини бир неча вазифага тақсимлашни ҳамда бир юмушдан иккинчисига эътиборини қаратишни ўргатади. Қуйида диққатни чархлайдиган айрим ўйин кўринишдаги машқларни кўрсатиб ўтамиз.

Фарқини топиш: стол устига турли нарсалар териб қўйилади ва бола бу нарсалар номини эслаб қолиши керак. Кейин у ўгирилиб туради ва ўйин бошловчиси нарсалар жойини ўзгартиради ёки бирор нарсани олиб қўяди. Бу ҳолатда бола стол устида нима ўзгарганини топиши керак.

Предмет номини топиш: бу ўйинни ҳар қандай жойда – уйда, сайр қилаётганда, мактабга ёки боғчага кетаётганда ўйнаш мумкин. Болага маълум бир шаклли, рангли, бирор-бир кўрсатилган материалдан тайёрланган ёки айтилган ҳарфдан номи бош­ланадиган нарсани топиш топширилади.

Яна ўқинг:  Туз – энг хавфли маҳсулот

Лабиринт: ким лабиринтда айланишни ёқтирмайди, дейсиз. Кичкинтой учун кичик саргузашт уюштиринг. У чизилган лабиринтдан нигоҳи ёрдамида ўтсин, агар бунга қийналса, қалам билан ҳаракатланишга рухсат беринг.

Матндан ҳарфларни ўчириш: исталган газета ёки журнални олиб, берилган матндан бирор ҳарфни, масалан Ж ёки Р харфини ўчиришни топширинг. Бунда у қаторма-қатор ҳаракат қилсин. Ўйин пайтида вақтни белгилаб қўйсангиз яхши бўлади.

Шунингдек, мисол ёки масалалар ҳам ечиш мумкин (мактаб дастуридан бўлиши шарт эмас). Агар математик жараёнда бутун оила қатнаш­са, машғулот жуда қизиқарли бўлади. Бола оғзаки математик ечимлар жараёнида аста-секин диққатни жамлашни ўрганиб боради. Аввалига энг осон вазифалардан бошлаб, кейинчалик уларни мураккаблаштириб боринг. Агар сиз бу жараёнда фарзандингиз ютуқларини таъкидлаб, уни мукофотлаб борсангиз, янада самаралироқ бўлади. Бундан ташқари шахмат ёки шашка ўйинлари ҳам диққатни жамлашда яхши самара беради.

 

Пойтахтимиздаги 59-ИДУМ ўқитувчиси Малика НАЖМИДДИНОВА тавсиялари асосида Майна ҲАСАНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: